ДХХ 6 вилоятда наркосавдогарларни ушлади (видео)

3-саҳифа

image

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент, Сурхондарё, Фарғона, Қашқадарё, Андижон ва Сирдарё вилоятларида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди.

ДХХ ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро 5 кг 817 гр “гашиш” моддасини ўзбек-тожик давлат чегарасидан контрабанда йўли билан ўтказиб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида хуфиёна жойга яширган вақтида қўлга олинган.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Риштон туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахснинг топшириғига кўра Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1985 ва 1990 йилларда туғилган икки фуқаро Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига боришган. Улар муқаддам тожикистонлик наркокурьер контрабанда йўли билан ўтказиб, хуфиёна жойга яшириб кетган 2 кг 678 гр. “гашиш” моддасини олиб, ортига қайтган. Улар келаётган автотранспорт воситаси ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ЙҲХ ходимлари биланДанғара туманида тўхтатилиб, наркокурьерлар қўлга олинган. Шунингдек ушбу ажал оғусининг буюртмачиси ҳисобланган риштонлик фуқаро ҳам ушланган. 

Бошқа бир ҳолатда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс 1 кг 883 гр “опий” моддасини Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманига олиб келиб, 1980 йилда туғилган фуқарога сотаётган вақтида уларнинг иккаласи ҳам ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Шунингдек, Тожикистон Республикасидан ўтказилган ушбу наркотикнинг эгаси - деновлик, 1985 йилда туғилган фуқаро ҳам ушланган.

Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро “Бек Барака” савдо мажмуаси ёнида ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда, унинг ёнида 926 гр “опий” моддаси борлиги аниқланган. Шунингдек, унинг 1993 йил туғилган акасининг Янгийўл туманидаги вақтинча яшаш хонадонидан 369 гр “опий” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. 

Суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу гиёҳвандлик воситалари муқаддам учинчи шахслар томонидан Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилганлиги маълум бўлган.

Қашқадарёда кузатилган ҳолатда Сурхондарё вилоятида яшовчи, 1985 ва 1987 йилларда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганликлари учун судланган икки фуқаро 514 гр. “опий” моддасини Денов туманидан Косон туманига олиб кетаётган вақтларида ушланган.

Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Хўжаобод туманида яшовчи, 1990 йил туғилган шахс 4480 дона “Лирика” ва 895 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Қўқон шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса 1987 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонида 1160 дона “Селофен”, 60 дона “Тропикамид”, шунингдек, унинг шериги, 1985 йилда туғилган шахсга тегишли Nexia русумли автомашинада 2240 дона “Регапен” ва 100 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилган.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро муқаддам Қирғизистон Республикасидан Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳудудига ўтказилган 1218 дона “Лирика” ва 898 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келаётган вақтида Ширин шаҳрида қўлга олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ гиёҳванд модда

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made