ДХХ 5 кгдан ортиқ гиёҳванд моддасини мусодара қилди (видео)
3-саҳифа
−
22 Март 2021
12558Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Тошкент шаҳри, Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган тадбирлар натижасида гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ бир неча ҳолатга чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ`га маълум қилди.
ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида “Денов – Тошкент” йўналишида киракашлик билан шуғулланувчи фуқаро бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилган. Унинг юкхонасида Денов шаҳридан почта сифатида бериб юборилган автомобиль эҳтиёт қисми ичига яширилган 965 грамм миқдордаги “опий” гиёҳванд моддаси борлиги маълум бўлган ва процессуал тарзда расмийлаштириб олинган. Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситасининг эгаси Чилонзор туманида яшовчи фуқаро М.Нурумбетов бўлиб, у ушбу ажал оғусини Денов шаҳрилик А.Умуровдан 6500 АҚШ долларига сотиб олган.
Тезкор тадбир доирасида Нурумбетов ва Умуров ҳибсга олинган. Мазкур шахслар муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлсалар-да, хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиб келган бир гуруҳ шахслар жиноят устида қўлга олинди.
Фарғона туманида истиқомат қилувчи ушбу фуқаролардан келгусида сотиш мақсадида яшириб қўйилган 3 килограмм 14 грамм "гашиш" гиёҳванд моддаси ашёвий далил сифатида олинди.
Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти Қадамжой туманида яшовчи шахсдан 15 минг АҚШ долларига сотиб олинган ушбу гиёҳвандлик воситаси контрабанда йўли билан мамлакатга олиб келинган.
ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Наманган шаҳрида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автомашина тўхтатилди.
Текшириш жараёнида автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Учқўрғон шаҳрида яшовчи, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, муқаддам судланган Аваскан уулу Абдураимга тегишли спорт сумкаси ичида 787 грамм “гашиш” моддаси борлиги аниқланди.
Терговга қадар текширув давомида, Аваскан уулу Абдураим Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб ўтилган ушбу гиёҳванд моддани Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган М.Мирҳамидовга бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахс ҳам қўлга олинди.
Поп туманида жойлашган “Наманган” ЙПХ масканида “Наманган – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Учқўрғон туманида яшовчи Қирғизистон Республикаси фуқароси Х.Амановнинг ёнида 392 грамм “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. У ажал оғусини сотиш мақсадида Тошкент шаҳрига олиб кетаётган бўлган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, уларнинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича ҳам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
LiveБарчаси