Курс UZS

USD

12 877.37

-2.58

EUR

13 501.92

-18.16

RUB

148.17

-2.52

Диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Жамият

image

Бугун, 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида дастлаб бир гуруҳ депутатлар томонидан ташаббус қилинган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маълум қилди.

Мазкур Концепция лойиҳасини қонун билан тасдиқлаш назарда тутилган. Мажлисда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлашда мустаҳкам замин бўлган.

"Ўзбекистон учун ҳаж квотаси 3 баробар оширилди, умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Натижада Саудия Арабистонига қарийб 800 минг мусулмонлар ҳаж ва умра зиёратини амалга ошириш учун боришди. Диний таълим тизими ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, жумладан, 2 та аёллар мадрасаси, шунингдек, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда", дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этиш, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклашга қаратилган ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учрамоқда.

"Айни пайтда ташаббус қилинган ҳужжат билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш таклиф этилмоқда", дейилади хабарда.

Ҳужжатга кўра, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади – фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.

Шунингдек, концепцияда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қарори билан парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

"Концепциянинг қабул қилиниши ва соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди, дунёвийликни турлича талқин қилинишини ҳамда бузилишининг олдини олишга, мамлакат аҳолисининг, айниқса ёшларнинг салоҳиятини юксалтиришга, кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг тотувлигини таъминлашга хизмат қилади", дейилади хабарда.

Концепция лойиҳаси ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш борасида тегишли қарор қабул қилинди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

дин виждон эркинлиги диний соҳадаги давлат сиёсати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг