Дин ишлари бўйича қўмита мурожаат билан чиқди
Жамият
−
11 Март
31114Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси фуқаролардан диншунослик экспертизасидан ижобий хулоса олинмаган ҳамда шубҳали диний мазмундаги медиа маҳсулотларни юклаб олмаслик ва тарқатмасликни сўради.
Маълум қилинишича, Рамазон ойида фуқароларда диний амалларни бажаришга, ижтимоий тармоқлар орқали бир-бирларига байрам табриги, мазкур ойда қилинадиган амаллар, рўзага оид турли фатволар ҳамда бошқа шу каби диний мазмундаги материалларни тарқатиш, шунингдек, интернет тармоғига юклаш ҳолатлари табиий равишда ортади.
Қўмитанинг таъкидлашича, ўтган йиллар давомида олиб борилган мониторинг натижалари фуқаролардаги бу иштиёқдан турли экстремистик, террористик ташкилотлар ҳамда ақидапараст шахслар доим ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб, аҳоли орасида ўзларига тегишли бўлган контентларни кенг тарқатишга ҳаракат қилишини кўрсатмоқда.
"Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизаси ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси асосида уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши мумкинлиги қайд этилганлигини ҳам унутмаслик лозим", дейилади хабарда.
Мазкур ҳолатларни инобатга олган ҳолда Дин ишлари бўйича қўмита фуқаролардан диншунослик экспертизасидан ижобий хулоса олинмаган ҳамда шубҳали диний мазмундаги аудио, видео ва бошқа турдаги медиа маҳсулотларни интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларидан юклаб олмаслик ва тарқатмасликни сўрамоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь