Дилмурод Эргашев карантинни бекор қилиб, соғайганларга иммунологик паспорт беришни таклиф қиляпти

Жамият 10104
image

Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам карантин самара бермай қўйган. Бу ҳақда “Doctor D” клиникаси раҳбари Дилмурод Эргашев “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Хусусий клиникалар лицензияларини бекор қилиш – муаммога ечимми?” мавзусидаги давра суҳбатида маълум қилди. 

“Карантин ёпиқ бўлиши керак, ҳеч ким кирмаслиги, ҳеч ким чиқмаслиги керак. Чет элдан одамларимизни олиб келяпмизми, касал одамларнинг киришига рухсат беряпмизми, демак карантин йўқ. Очиб юбориш керак. Мана, Швеция, Беларусда кўряпмиз, кунлик касалланиш 100 га яқин, холос. Бизда эса қанчадан қанча касал, ўлим... Ўлим фақат коронавирусдан эмас”, дейди шифокор. 

Клиника раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда қайд этилаётган ўлим ҳолатларнинг ҳаммаси ҳам коронавирус билан боғлиқ эмас. Бу ваҳимага ҳам асос бўла олмайди. Аксинча, юрак хасталиги, онкологик касаллик чалинганлар ва бошқа беморлар ўша касалликни даволашга ихтисослашган шифохоналар ёпиқ бўлгани сабаб вафот этган. Мамлакатдаги асосий ресурслар коронавирусни даволашга йўналтирилган. 

Соғлиқни сақлаш вазирининг “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи эълон қилинган эди. Унга кўра хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолияти бўйича қатъий чоралар кўриш, шу жумладан, уларнинг лицензияларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритилишининг белгиланиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда.

Шифокор Дилмурод Эргашев бу ҳақида гапираркан, ССВ томонидан коронавирусни даволаш бўйича қўлланма асосида иш юритиш бир мунча қийинчиликларни туғдиришини айтади. У осма уколлар масаласида гапираркан, йўлдош касалликлари бор айрим беморларга шифокорлар осма укол қилишига тўғри келишини, буни беморни кўрмасдан туриб берилган тавсиялар асосида даволаш вазиятни қийинлаштираётганини қўшимча қилади.  

“Мен уйда беморларни даволамайман деб имзо қўйиб бердим. Лекин шифохонада жой бўлмаса, қаерда даволашимиз керак?”, дейди Эргашев. 

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгандан буён ушбу касалликка чалинган беморларни даволаш бўйича 6 та вақтинчалик қўлланма яратилди. Дилмурод Эргашев ушбу қўлланмалар масаласига тўхталаркан, уларнинг ҳадеб ўзгариши тўғри эмаслигини айтади. 

“Аслини олганда, ушбу касаллик 80 фоиз беморда енгил ўтади. 20 фоиз беморларда оғир, 1,5-2 фоизда  ўта оғир ўтмоқда. Бизда ёз, аммо шимолдаги мамлакатларда касаллик жуда оғир кечмоқда. Ҳозир қанча одам касал бўлган бўлса, шунча антитана пайдо бўлди. Уларга касал бўлиб ўтгани ва жамиятга қўшилиши бўйича иммунологик паспорт бериш мумкин. Одамларни каратин қилиб ишлатмай қўйганимиздан, иқтисод тушиб, аҳвол ёмонлашиб кетиши мумкин. Карантин ва одамларни чегаралаш масалаларини қайтадан кўриб чиқиш керак. Ёпиш билан ҳеч нарсани тўхтата олмаймиз, аксинча, иқтисод ортга қараб кетади. Мендан сўрасангиз, чиллада кўпроқ одам касал бўлиб ўтиб олгани яхши”, дейди Эргашев. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан мамлакатда кучайтарилган карантин 15 августгача узайтирилган эди. Эндиликда карантин чораларининг юмшатилиши кутилмоқда. Айри вилоятларда аллақачон карантин чекловларини олиб ташлаш бошланди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 267
Рейтинг: 3
t
×