Диққат! Тошкентда автобус йўлакларига тўхтаган машиналарга жарима ёзиш бошланди
Жамият
−
26 Декабрь 2023
6048Тошкентда интеллектуал видеокузатув камералари автобус йўлакларига тўхтаган автомобилларга жарима ёзишни бошлади. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Тошкент шаҳридаги тирбандлик юқори бўлган кўчалар, автобуслар ҳаракати учун ажратилган махсус А йўлакларга тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини аниқловчи интеллектуал видеокузатув камераларидан 30 таси объектларда ўрнатилганди.
Ҳозирда мазкур 30 та интеллектуал видеокузатув камераларининг Амир Темур ва Алишер Навоий кўчаларига ўрнатилганларидан 5 таси тўлиқ ишга туширилди.
Жорий йилнинг 24 декабрь куни мазкур кўчаларда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган 175 та транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан белгиланган тартибда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари – 680 000 сўм миқдорида жарима белгиланди.
“Ҳайдовчилардан йўлларда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини ва автобуслар учун ажратилган махсус йўлакларда қоидага асосан ҳаракатланишларини сўраб қоламиз!” дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эндиликда йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида ҳам радар ўрнатилиши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси