Диққат! “Тошкент – Истанбул” йўналишида яна бир рейс қолдирилди

Жамият

image

Туркиядаги ноқулай об-ҳаво ўзбекистонга амалга оширилиши керак бўлган парвозлар жадвалига таъсир қилишда давом этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси жорий йилнинг 25-26 январь кунлари “Истанбул-Тошкент” авиапарвозлари вақти юзасидан бўлаётган кўплаб мурожаатлар юзасидан қўшимча маълумот берди.

Унга кўра, 26 январь соат 01:35 да учиши керак бўлган TK-0368 “Тошкент – Истанбул” рейси ҳам қолдирилди. Бунгача , 25 январь куни амалга оширилиш режалаштирилган HY – 271/272/273/274 “Тошкент – Истанбул – Тошкент” йўналиши бўйича рейслар бекор қилинганди.

Бош консулхона аэропорт ва йўллардаги тирбандликни, ҳамда парвозлар бекор этилганлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон фуқароларига қатъий равишда аэропортга бормасликни тавсия этмоқда.

“Айни шу вақтда аэропортда турли давлатлар фуқаролари тўпланиб қолиб, еб-ичиш, ҳожатхона, кутиш, ПЗР-тест топшириш, алоқа ва бошқа муаммолар кўзга ташланмоқда”, дейилади дипломатик идора хабарида.

Шунингдек, аэропортда протест қилган шахсларга нисбатан полиция томонидан чора кўрилгани ҳақида маълумотлар олингани қайд этилган.

Таъкидланишича, бекор қилинган парвозлар йўловчилари чиптанинг тўлиқ қийматини сотиб олган жойларидан қайтариш, парвозлар қайта тикланганидан сўнг бошқа кунга бепул кўчириш ҳуқуқига эгадирлар.

Аввалроқ, “Uzbekistan airways” АЖ матбуот котиби Камола Икромова QALAMPIR.UZ'га ҳозирда Истанбул ва Анқара шаҳарларида Ўзбекистоннинг иккита самолёти турганини, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли уча олмаётганини маълум қилганди.

Унинг сўзларига кўра, нафақат Туркия шаҳарларидан Ўзбекистонга, балки Тошкентда ҳам 400 дан ортиқ чипта олиб, кутиб ўтирган йўловчилар бор.

Матбуот котибининг таъкидлашича, Анқара аэропортида қолаётган йўловчилар тўлиқ меҳмонхонага жойлаштирилган, Истанбул аэропортидаги йўловчиларга эса иссиқ овқат билан таъминланган. Бироқ бошпана берилмаган. Харажатларни эса Ўзбекистон томони қоплаган.

Маълумот учун, жорий ҳафтада Туркиянинг бир қатор шаҳарларини қор қоплади. Кучли қор ёғиши мамлакатнинг энг йирик шаҳри Истанбулда транспорт ҳаракати, шунингдек авиапарвозларни тўхтатиб қўйган. Йўлларда эса катта тирбандликлар юзага келган, одамлар машиналарини йўл четига қўйиб, пиёда юришга мажбур бўлган. Метрода пиёдалар оқими туфайли тиқилинч юзага келган. Шунингдек, шаҳарда савдо марказлари ва бир қанча корхоналар ёпилган. Истанбул аэропортида парвозлар кечиктирилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия аэропорт қор

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг