Депутатлар Ҳукуматга кундузи “фара”ларни ёқиб юришни бекор қилиш бўйича хат киритди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ички ишлар вазирлигига куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқлар ёқиб юриш тартибини бекор қилиш ҳақида яна сўров хати киритди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев хабар бермоқда.

Депутатнинг ёзишича, айни вақтда жамоатчилик, хусусан ҳайдовчилар томонидан ушбу тартибнинг 1 январдан кучга кириши кундузги чироқлари автоматик равишда ёнмайдиган янги автомобилга эга бўлмаган фуқароларда жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги боис, уни бекор қилиш масаласида яна мурожаатлар бўлмоқда.

“Ўз ўрнида жойларда ўтказилаётган учрашувлардаги таклифлар ва мутахассисларнинг фикрлари шунингдек, мамлакатимизнинг иқлим шароити, аҳолининг турмуш даражаси, экологик вазият ҳамда имкониятларни инобатга олиб, бир гуруҳ депутатлар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ички ишлар вазирлигига ушбу тартибни бекор қилиш ҳақида яна сўров хати киритдик.

Сўров хатида куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талабни автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этмасликни сўрадик”, деб ёзади Расул Кушербоев. 

Шунингдек, депутат Ҳукумат ва соҳа вакиллари фуқаролар мурожаатлари ва фикрлари асосидаги ушбу сўровни эътиборсиз қолдирмай, унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилишига умид билдирган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 292-сонли қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилиб, куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланганди. 
 
Ушбу киритилган ўзгартириш кўпчилик фуқаролар томонидан норозилик билан қарши олиниб, бунга асослар етарли эмаслиги, транспорт воситаларининг бугунги кундаги техник ҳолати мос келмаётгани каби эътирозлар туфайли, депутатлар Ҳукуматга сўров юбориб, ушбу қарорни ўзгартиришни сўраганди.

Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июнда “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 460-сонли қарори қабул қилиниб, мазкур қоиданинг амал қилиши 2021 йилнинг 1 январига қадар кечиктирилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

256

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг