Депутат турк сериалларидан қутулиш йўлини ўргатди

Жамият

image

Айни кунларда Ўзбекистондаги деярли барча телеканалларни ёппасига эгаллаб олган турк сериаллари ва улар орқали халқ онгига сингдирилаётган ғоялар, маънавиятсизлик, бузуқлик муҳокамалар майдонининг асосий мавзуси бўлиб турибди. 

Ўтган ҳафта “Зўр” телеканалига мурожаат қилиб, “Ҳовли” сериалини эфирдан олиб ташлашни талаб қилган қўқонлик томошабиннинг овозли ёзуви ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Уни ёқлаб чиққанлар қаторида, каршилар ҳам топилди. 

Бу масала шунчаки четда қолиб кетмайди. Ҳатто, депутатлар мавзуни муҳокама қилишни бошлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев турк сериаллари ҳақида ўз муносабатини билдириб, улардан қутулиш йўлларини ўргатди. Кушербоев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай ёзади:

“Турк сериалларининг ёшлар тарбиясига салбий таъсири ҳақида кўп танқидлар бўлаяпти. Юз фоиз қўшиламан, бунақа сериаллар ёшлар тугул яхшигина оилаларни ҳам бузиб қўйиши ҳеч гап эмас. 

Оила аъзоларимни телевизордан бироз узоқлаштириш учун нима қилса бўларкин, деган савол анчадан буён ўйлантириб юрганди. ТВ каналлар ҳали бери рейтинг ортидан қувиб ҳар қандай мазасиз нарсаларни кўрсатишдан тўхтамайдиганга ўхшайди. 

Ишонасизми охири йўлини топдим: оиламиз жам бўлиб овқатланадиган хонамиздан телевизорни ҳайдадик ёки уни ўзини ташлаб бошқа хонага кўчдик деса ҳам бўлади. Натижада эса биз кўпроқ мулоқот қилаяпмиз, ким кун бўйи нима қилди, қандай янгиликлар каби. Телевизор эса ҳар замонда “Болажон”да мультфильм кўриш учун ёнади, холос. 

Сериал периалга жой ҳам вақт ҳам йўқ, вассалом. Тавсия қиламан, ўзгаришни дарров сезасиз. 

ТВ каналлари инсофга келмагунча телевизордан ҳоли турмуш билан яшашга қарор қилайлик”.

Маълумот ўрнида, айни вақтда Ўзбекистондаги “Миллий”, “Севимли”, “Зўр” телеканаллари турк сериалларини намойиш этишда пешқадам бўлиб келмоқда. Бу телеканалларда “Муҳташам юз йил”, “Истанбуллик келин”, “Фазилат хоним ва қизлари”, “Сўйла, қора денгиз”, “Ҳовли”, “Тирилиш. Эртўғрул”, “Аёл”, “Ҳовли” каби турк сериаллари намойиш этилмоқда. Булар орасида “Зўр” телеканалининг “Ҳовли” ва “Севимли” телеканалининг “Сўйла, қора денгиз” сериалларига нисбатан эътирозлар жуда кўп. 
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

турк сериаллари Зўр телеканали Расул Кушербоев

Баҳолаганлар

909

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг