Депутат давлат тўнтариши уюштиришда айбланмоқда

Олам

image

Тожикистон Демократик партиясининг ҳибсга олинган собиқ раиси Саиджафар Усмонзода хориждан келиши керак бўлган террорчилик ташкилотларининг 3 минг жангариси ёрдамида ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари биноларини ва қурол-яроғларни тортиб олишни режалаштирганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда “Ховар” давлат агентлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, парламент йиғилишида Бош прокурор Юсуф Раҳмон тергов маълумотларига кўра, Усмонзодага моддий ёрдам ваъда қилингани, “Тожикистон Ислом Уйғониш партияси” (Тожикистонда суд қарорлари билан тақиқланган) эса террорчилик ташкилотига 3 мингдан ортиқ жангчи ажратишга ваъда берганини маълум қилган.

“Бу жиноятни содир этиш учун Саиджафар Усмонзода нуфузли шахсларни жалб қилиш ва митинглар уюштириш учун хорижий давлатлардан бирининг вакилидан 10 миллион доллар сўраган”, дея Раҳмоннинг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.

Прокурорнинг сўзларига кўра, жангчилар Афғонистонда жойлашган "Жамоат Аннасруллоҳ" террорчилик гуруҳидан бўлиши керак эди.

“Улар олдиндан режалаштирилган режага кўра, республиканинг бир қатор ҳудудларида тезкорлик билан ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бинолари, ҳарбий тузилмаларни эгаллаб олиш, қурол-яроғларни қўлга киритишни мақсад қилган”, дейди прокурор. 

Унинг қўшимча қилишича, Усмонзода ўз айбига иқрор бўлган.

“Усмонзода Саиджафар Усмоннинг айби жиноят иши материаллари, жумладан, ўз айбига иқрор бўлиши, яъни айбига тўлиқ иқрор бўлиши, видео ва аудио ёзувлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа рад этиб бўлмайдиган далиллар билан тўлиқ тасдиқланади”, дейди Бош прокурор. 

Унга кўра, Усмонзоданинг депутатлик мандати 2025 йилгача амал қилишига қарамай, жорий йилнинг 12 июнь куни ҳибсга олинган.

Бугун, 14 июнь куни республика парламенти қуйи палатасида йиғилиш бўлиб ўтди, унда прокурор сўзга чиқди ва Усмонзода депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилди. Унга нисбатан хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш (Тожикистон Жиноят кодекси 306-моддаси 2-қисми “в” банди) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ушбу моддада умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган. Ишга алоқадор бошқа шахслар ҳам бор, уларнинг исмлари тилга олинмаган. 

Усмонзода аввалроқ Тожикистон Демократик партиясини бошқарган, бироқ май ойида навбатдан ташқари қурултой бўлиб ўтган ва унда у раисликдан четлаштирилган эди. “Азия плюс” ахборот порталининг 14 май куни хабар беришича, Усмонзода бу қарорга рози бўлмаган ва Адлия вазирлигида эътироз билдиришга уринган, бироқ вазирлик Аброр Шаҳбози партиянинг янги етакчиси этиб тайинланганини қонуний деб тан олган. Усмонзода 2020 йилги Республика Президентлигига ҳам ўз номзодини қўйиш ниятида эди, бироқ уни номзод сифатида рўйхатга олиш рад этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Саиджафар Усмонзода

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг