Деновда Тошқуловнинг ташрифига тайёргарлик авжида: вазир билан учрашувга эс-хуши жойида талабалар чиқади
Жамият
−
04 Май 2021
16768Бугун, 4 май куни ижтимоий тармоқларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг Денов тадбиркорлик ва педагогика институтига (ДТПИ) бўлажак ташрифи учун қандай тайёргарлик кўрилаётганига доир сурат тарқалди.
ДТПИнинг Тарих кафедраси (институт сайтидаги маълумотга кўра Тарих ва ижтимоий фанлар кафедраси) каналига юборилган суратда Шуҳрат Аманқулов номидан ёзилган хабарни кўриш мумкин.
Хабарда Шуҳрат Аманқулов кафедра масъулларига вазир билан учрашувга эс-хуши жойида талабаларни тайёрлаш ва огоҳлантириш бўйича кўрсатма берганини кўриш мумкин.
“Умуман, қайси гуруҳга кирилса ҳам, талабаларимиз Президентимиз томонидан олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар учун миннатдорлик кайфиятини намоён этиши керак. Деновда яратилган шароитни қўллаб-қувватлашлари керак. Ҳар хил демократик фикрларини менга ва сизга айтишса етади. Ҳамма шароит етарли, фақат биз ёшлар яхши таълим ва тарбия олишимиз лозим деган ғояни гапиришсин, телевизорда ҳам зўр чиқади”, деган Аманқулова.
Сўзи якунида эса у “ўзи шундоқ ҳам жамият осмондан тушса, ётиб ейман дейдиган боқимандаларга тўлиб кетди”, деган.
Юқорида Шуҳрат Аманқулов қўйган талаблардан келиб чиқилса, ДТПИда эс-хуши жойида бўлмаган талабалар ҳам ўқийди. Кейинги айтилган фикрларга кўра, демократик қарашга эга ва талабчан талабалар вазирнинг олдида кўриниш бермагани янада яхши. Шуҳрат Аманқуловнинг ёзганларидан хулоса қилинса, ДТПИда эркин фикрловчи кадрлар эмас, “хайбаракаллачилар” тайёрлашга кўпроқ эътибор қаратилаётгандек, тасаввур пайдо бўлди.
Ҳолат юзасидан ҳозирча на Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, на Денов тадбиркорлик ва педагогика институти расмий муносабат билдирди.
LiveБарчаси