Сўз эркинлиги неъмат эмас ёхуд “давлатимизга раҳмат синдроми”га ким жавобгар?
Жамият
−
04 Май 2021
10315Кеча, 3 май куни бутун дунёда яна Жаҳон матбуоти эркинлиги куни нишонланди. Ғарбдан фарқли ўлароқ, собиқ совет мамлакатларида бу кун алоҳида байрам қилинади. Сўз эркинлигининг ҳақиқий аҳволи журналистлар учун ўтказиладиган шоҳона байрамлар фонида қолиб кетади. Хўш, сўз эркинлиги борми? Бор бўлса унинг ҳозирги аҳволи қандай? Айни вақтда QALAMPIR.UZ асосчиси – журналист Қамариддин Шайховнинг “Jaydari gaplar” шахсий Telegram канали қолдирган фикрлари муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Пост учун олинган махсус суратда Шайхов оғзига “скотч” тортилган ҳолатда намоён бўлган. У шундай ёзади:
“Сўз эркинлиги борми? Бу саволни менга кўпинча таъна билан беришади. “Духларинг йўқ. Нимага аварияни ёзмадиларинг, нимага Кушербоевни ёнини олмаяпсан, нимага фалончи шаҳарни эгаллаб оляпти, нимага пул йўқ, штраф ошиб кетяпти, ҳамма жой монополия, коррупция?! Нега буни ёзмайсанлар? Чунки духларинг йўқ. Ёзиб кўр-чи, “клапан”ингни бўғиб қўйишади, йўқ бўлиб қоласан шаҳардан”.
Баъзан бу саволларга нима деб жавоб беришни билмаймиз. Чунки таъналарнинг орасида ҳақиқатлари ҳам бор. Аммо...
Сўз ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш, ундан тўла-тўкис фойдаланиш нафақат журналистнинг, балки оддий одамларнинг ҳам ҳаққи. Куни кеча Сардобада бўлдик. Одамлар нолияпти. Ким ўз уйининг девори йўқлигидан, ким экин-текинини сув уриб кетгани, даромадсиз қолгани, бу йил эса экинларга бериладиган сув тўхтатиб қўйилгани, яна хонавайрон бўлганини айтмоқда. Камерани ёққанингизда эса Президентимизга раҳматдан нарига ўтолмаяпти. “Мен нима деб айтаман, сизлар журналистсизлар-ку”, дейди кўплар.
Ёки айтайлик, ўша таъна қилаётган атрофимиздаги одамларга микрофон тутсак, “ёзувчимисан, ол микрофонингни, санга бир гап гапириб бўлмай қолибди”, деган дашномни эшитамиз”.
Қамариддин Шайхов фикрларида давом этаркан, Ўзбекистонда сўз эркинлигига нисбатан тўсиқ, журналистларга босим борлигини урғулайди. Унинг фикрича, сўз эркинлиги – неъмат эмас. Ҳар бир демократик жамиятнинг фундаментал асоси. Қўрқмас, жасур ва мустақил фикрга эга бўлган журналистларни эса илк навбатда одамларнинг ўзи қўллаб-қувватлаши керак. Сўз эркинлиги учун фақат журналист эмас, балки одамлар ҳам масъул.
“Сўз ва матбуот эркинлиги ўлик ё тирик – бунга баҳо бериш қийин. Факт шуки, дунёнинг барча мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам матбуотга нисбатан тўсиқ, муросасизлик, сўз эркинлигини бўғиш, тазйиқ ўтказиш бор. Фақат ҳар бир мамлакатда турли даражаларда: қайсисида кучли, яна бошқасида ўртача. Шунингдек, матбуот билан муаммолар ҳамиша давлат идораси билан учрайвермайди. Чунки кўп мамлакатларда матбуот мансабдорнинг “кресло”сини қимирлатиб қўйишга қодир. Бизда-чи?
Ўзбекистонга келсак, биз кўп дуч келадиган гап бор: “5 йил олдин шундай гаплашиб ўтирармидик, шундай савол берармидингиз”, дейишади журналистларга. Ҳа, рост. Каримов режими матбуотга нисбатан муросасиз эди. Шу боис кўп журналистлар Ўзбекистонни тарк этди ва ўша вақтда уларга душмандек қарадик. Афсуски, айрим жабҳаларда бу кайфият ҳамон давом этмоқда. Ҳозирги давр эса анча фарқли, бироқ йўлимиздан қайтмаймиз, дейиш орқага ҳам, олдинга ҳам юрмаймиз, бир жойда турамиз дегани бўлмаслиги керак.
Ҳозир ҳам муаммоларни ёритаётган журналистларга душмандек қараш кайфияти мавжуд. Бунга асосан ҳудудларда дуч келамиз. Биргина айрим “патриот” маҳалла раислари танқидни ривожланиш учун муҳим омил эмас, балки хорижнинг “заказ”и ва душманлик деб қабул қилади. Агар ўша тумандан журналист ё блогер чиқиб қолса борми, сазойи қилинади.
Оддий одамларнинг кўпи эса муаммоларини журналистга айтгани билан овоз чиқариб камера қаршисида гапиролмайди. Ўзидан қўрқади. Болаларини ўйлайди. Журналистнинг боласи йўқми? Унинг ҳаёти муҳофазаланганми? Кечирасиз, журналист сиздан ҳам камбағалдир, сиздан ҳам оғир вазиятдадир. Аммо виждони уйғоқ, сизнинг муаммоингизни ўзиникидан устун кўради. Туриб беришга ҳам тайёр. Лекин сиз ўзингизга туриб бера оласизми? Халқ муаммоларни кўтариб чиқаётган, танқид қилаётган ва бунинг ортидан тазйиқ, таҳдид, зўравонлик каби ҳолатларга дуч келаётган журналистларга ўзи соҳиб (эга) чиқиши керак. Уларни асраши керак. Афсус, бугун қаҳрамонлик қилаётганлар, эртага “тилидан кетди, ўзи бўлар-бўлмасга бурнини тиқиб юрадиган бола эди”, дейди.
Сўз эркинлиги - неъмат эмас. У ҳар бир жамиятда бўлиши керак бўлган фундаментал асос. Уни фақат 3 май куни ёдга олиш ва байрам қилиш сўз эркинлиги билан боғлиқ асл вазиятни ўзида ифода этмайди.
LiveБарчаси