“Демократия индекси”: Ўзбекистон рейтингда 5 поғона кўтарилди, аммо...
Жамият
−
11 Февраль 2022
6405Ўзбекистон Буюк Британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқот ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган “Демократия индекси”да 150-ўринни эгаллади ва авторитар режимли давлатлар қаторида қолди.
2021 йил бўйича рейтингга жами 167 та давлат ҳамда Гонконг ва Фаластин автономиялари киритилди. Ўзбекистон бор-йўғи 2,12 балл тўплади ва “авторитар режим”ли давлатлар қаторида қолди. Экспертлар сайлов жараёни сифати ва плюрализмга 10 баллдан – 0,08 балл, ҳукумат фаолиятига – 1,86 балл, сиёсий иштирокка – 2,78 балл, сиёсий маданиятга – 5 балл, фуқаролар эркинлигига – 0,88 балл баҳо берди.
Шунингдек, рейтингда Қирғизистон – 115, Россия – 124, Қозоғистон – 128, Тожикистон – 157, Туркманистон – 162-ўринни эгаллаган. 28 та давлатни ўз ичига олган Евроосиё минтақасида Ўзбекистон 2020 йилдаги каби 26-ўринда қолди.
“Демократия индекси”да биринчи ўринни яна Норвегия (9,75 балл) эгаллаган. Ундан кейин Янги Зеландия (9,37 балл), Финляндия (9,27 балл), Швеция (9.26 балл), Исландия (9,18 балл) жой олган. Рейтингни 0,38 балл билан Афғонистон якунлаб берган. Рейтингнинг энг пастки бешталигида Афғонистондан ташқари Мьянма (1,2 балл), Шимолий Корея (1,08 балл), Конго Демократик Республикаси (1,40 балл), Марказий Африка Республикаси (1,43 балл) жой олган.
Маълумот учун, The Economist Intelligence Unit 2006 йилдан бери “Демократия индекси”ни эълон қилиб келади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил Ўзбекистон мазкур рейтингда 2,12 балл билан 155-ўринни эгаллаб, 2019 йилга нисбатан 2 поғона юқорилаган эди. Ушбу натижа индекснинг “Сиёсий иштирок” индикатори бўйича мамлакатга берилган баллар сезиларли яхшиланганлиги эвазига эришилганди.
LiveБарчаси