Уруш тугамайди. Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
19 Октябрь
5871Мусофирликнинг нони шириндир, аммо дардлари яширин. Ўзбекистонда қатор муаммолар, ишсизлик боис кўплар ўзини хорижга урди. Совуқ рус ўлкасига, қўшни Қозоғистонга иш излаб кетди, топди ҳам. Оиласининг камини тўлдирди, уйининг томини ёпди, тўй қилди, машина олди. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ишидан, пулидан бирдек барака топдими? Турли жиноятларга аралашиб қолган, алданган, пулини ололмаган, кўчада қолиб кетган, касал орттириб уйига қайтганлар камми? Шундан мусофирнинг дардлари яширинлиги. Айниқса, уйини, оиласини, фарзандларини ташлаб кетганларнинг ёстиғи тош.
Россиядаги мигрантлар ҳаёти
Хорижда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг энг кўпи бир неча йиллардан буён Россияга бориб жойлашиши, ўша ердан туриб рўзғор тебратиши сир эмас. Ҳозирда Россияда 739 минг ноқонуний мигрант мавжуд ва уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари ташкил этмоқда. Шу йилнинг январидан августигача бўлган муддатда Россияга 1 миллион 880 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси борган. Мамлакатдан чиқиб кетганлар сони эса 1,5 миллион кишидан ошади. Шу билан бирга, 1 миллион 792 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари айни вақтда Россияда ишламоқда. Бу, албатта, расмий маълумот.
Сўнгги вақтларда Россиядаги мигрантларнинг бошига не кунлар солинаётганидан хабарингиз бўлса керак. Оммавий ахборот воситаларида деярли ҳар куни мигрантларга нисбатан ўрнатилаётган янги чекловлар, уларнинг депорт қилинаётгани ёки рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шу боис галдаги дастуримизнинг асосий хабарлари мигрантлар, айнан Россиядаги мигрантлар ҳаёти билан боғлиқ.
Россиянинг Пермь шаҳрида қуролли безориликда айбланган Ўзбекистон фуқароси Ойбек Солиевнинг жиноий иши бўйича суд мажлислари бошланди.
Тергов маълумотларига кўра, 6 июнь куни маст ҳолатда бўлган Солиев “Защитники Отечества” Шимолий ҳарбий округи иштирокчилари давлат жамғармасининг Пермь бўлимига борган. Вилоят ҳарбий хизматчиси Владимир Нохрин билан суҳбат чоғида у спорт курткасининг чўнтагидан яшил рангга бўялган ва ташқи томондан лимондан фарқ қилмайдиган пиёдаларга қарши F-1 мудофаа гранатасининг ўйинчоқ вариантини чиқарган. Нохрин ўзи ва ходимлар ҳаётидан хавотирланиб, Солиевни алоҳида кабинетга – психологга боришга кўндирган. У ерда Солиев яна гранатани чўнтагидан олган. Учинчи марта у гранатани кўчада, фонд бошлиғи Константин Строгий олдида кўрсатган. У ўша куннинг ўзида ҳибсга олинган.
Солиев ушбу ўйинчоқни нотўғри олиб юргани бўйича айбини тан олган, лекин фонд ходимларига таҳдид қилганлик айбини рад этган. 35 ёшли Ойбек Солиевнинг айтишича, у Украинада икки марта урушда қатнашган. Унинг ўпкасининг ўнг қисми ва иккала оёғи шикастланган. Тан олинмаган Луганск халқ республикаси тақдим қилган ҳарбий билетда унинг халқ милициясида хизмат қилгани тўғрисидаги қайд мавжуд. Шифохонадан олинган маълумотномада катта лейтенант унвони кўрсатилган.
Жиноят ишига судланувчининг Ўзбекистон паспорти нусхаси ҳам қўйилган. Ҳужжатнинг ўзи сақланиб қолмаган. Солиевнинг айтишича, жанг пайтида унинг паспорти ёниб кетган.
Ростов-Дондаги шифохонадан Пермга реабилитация учун борган Солиев Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, Шимолий ҳарбий округга қайтишга ҳаракат қилган. Ҳарбий прокуратура ва комендатурадан жавоб кутиш чоғида пайвандчи бўлиб ишлаган. Аввалига ётоқхонада ва ташландиқ уйларда, кейин ижарага олган бошқа бир уйида кун кечирган.
Солиев безорилик, яъни жамоат тартибини қўпол равишда бузиш, жамиятга нисбатан очиқ ҳурматсизликни ифодалаш, қурол сифатида фойдаланилган ашёни қўллаш орқали жиноят содир этилганликда айбланиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Украинага қарши урушда қатнашган ўзбекистонлик 3 йилга қамалди
Россияга ишлаш учун бориб, у ерда моддий манфаат эвазига Украинага қарши урушда қатнашган ўзбекистонлик 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидан бўлган судланувчи 2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган вақтида Россия Қуролли кучлари сафига ёлланган. Ўтган вақт мобайнида эркак Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келган. У Россия фуқаролигини ҳам олган. У икки давлат ўртасида бўлаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этиш учун ҳарбий тайёргарликдан ўтган.
Ҳуқуқ-тартибот органларимиз томонидан шахси сир сақланаётган эркак 2023 йилнинг октябрь ойида содир бўлган турли ҳужумлар оқибатида яраланиб, Ўзбекистонга қайтган. Унга тегишли телефон текширилганда, Россия Қуролли кучлари сафига ишга киргани бўйича ҳарбий гувоҳнома, Мудофаа вазирлигига тегишли ҳарбий госпиталда жароҳат олгани бўйича маълумотнома ҳамда Россия фуқаролиги паспорти акс этган фотосуратлар топилган.
Жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани суди томонидан судланувчи Жиноят кодексининг 154-1-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланган ҳолда 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди.
Россия қамоқхоналаридаги колония ходимлари жазо муддатини ўтаётган марказий осиёликларни, яъни тожикистонликлар ва ўзбекистонликларни Украинага қарши урушда қатнашиш учун шартнома имзолашга мажбурлаяпти. Бу ҳақда “Настоящее время” нашри тожикистонлик Жовидга таяниб, хабар берди.
Жовид 32 ёшда бўлиб, Россия қамоқхонасида жазо ўтамоқда. Унга етти йил муддат берилган ва шунинг етти ойи қолган. Унинг сўзларига кўра, тожикистонлик ва ўзбекистонлик маҳбуслар оғир вазиятда. Улар урушга боришни истамаяпти, аммо ҳозирги шароитда колонияда бўлиш ҳам мумкин эмас.
“Одамлар нима қилишни билмаяпти. Улар урушга боргандан кўра ўзимизни ўлдирганимиз яхши деяпти. Агар шартнома имзоламасангиз, жазо изоляторига қўйишади. Агар Тожикистон фуқаролигидан чиқиш ҳақида ариза ёзсангиз, бу ариза Тожикистонга юборилади. Шундан кейин керакли ҳужжатлар расмийлаштирилади ва сени урушга юборишади”, дейди маҳкум.
Жовид қанча маҳкум шартнома имзолаганини билмайди, аммо ўзи ва танишлари Тожикистон фуқаролигидан воз кечишни хоҳламаслигини айтиб, қўшимча босим остида қолмоқда. Унинг таъкидлашича, айниқса, жазо муддати тугаши яқинлашиб келаётганлар алоҳида босимга учраяпти.
Яқинда колониядаги мигрант маҳбуслар гуруҳи таҳририятга мактуб ёзиб, муассасада Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган тахминан 400 киши сақланаётганини билдирган. Мактубда ёзилишича, колония ходимлари улар билан қўпол муомала қилмоқда, хусусан, улар диний мансублиги учун ҳақоратга учраяпти. Қолган маҳкумлар эса мигрант-маҳкумларни дўппослашга чақирилмоқда. Колония ходимларига бўйсунмаганларга Украинага урушга юбориш билан таҳдид қилинмоқда.
“Улар хоҳлаган одамни урушга юборишларини айтяпти. Ўз хоҳишинг билан борсанг, яхши жойларга тушасан, мажбурий равишда кетсанг фронтга. У ерда тирик қолиш имкони йўқ”, деб ёзган мигрантлар.
Маълумот учун, Россия Давлат Думаси 2023 йил март ойида Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш, жазо бериш ва судланишни бекор қилиш тўғрисида қонун қабул қилган. Бу қонун кучга киришидан бироз аввал урушга боришга рози бўлган маҳкумлар Россия Президенти Владимир Путин томонидан афв этилмаган. Энди эса уларга “шартли озодлик” берилмоқда ва Мудофаа вазирлиги билан шартномалари автоматик равишда узайтирилмоқда. Бу уларни уруш якунигача жанговар ҳудудларни тарк этиш имконидан маҳрум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси фуқароларни огоҳлантириб чиқди
Марказий осиёликларни, хусусан ўзбекистонликларни турли таклиф ва тазйиқлар билан урушга жалб қилиш давом этаётган бир пайтда Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси фуқароларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантириб чиқди.
Бош консулхона баёнотида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бекор қилиниши қайд этилган.
Шу муносабат билан, консуллик Жиноят кодексининг 154-моддасига (Ёлланиш) кўра, хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтган.
Шунингдек, Бош консулхона фуқароларни Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.
Россияда миграция сиёсати билан боғлиқ 5 та қонун қабул қилиниши мумкин
Россияда мигрантларга нисбатан таҳқирлаш, уларнинг инсоний ҳуқуқларини поймол қилиш ва оммавий депортация давом этаётган бир пайтда рўзғор тебратиш мақсадида ўзга юртда юрганлар олдида яна янги хавфлар пайдо бўлмоқда. Жорий йил якунигача Россияда миграция сиёсати билан боғлиқ 5 та қонун қабул қилиниши мумкин.
Володин парламентнинг қуйи палатасига киритилган миграция билан боғлиқ бешта қонун лойиҳасини 2024 йил охиригача қабул қилишга ваъда берган. Унинг сўзларига кўра, ушбу ташаббуслар кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган. У қонун лойиҳаларининг мақсадини миграция соҳасида тартиб ўрнатиш деб атаган.
Мазкур қонун лойиҳалари қуйидаги таклифларни ўз ичига олади:
- Россияда ноқонуний бўлишни жиноят содир этишда оғирлаштирувчи ҳолат деб тан олиш;
- Ноқонуний миграцияни ташкил этишни оғир жиноят деб белгилаш;
- Миграция соҳасида ноқонуний хизматлар таклиф қилувчи сайтларни судсиз блоклаш;
- Ҳужжатларни қалбакилаштириш ва сохта рўйхатга олиш учун жазони кучайтириш;
- Воситачиларга рус тилини билиш бўйича имтиҳонларни ўтказишни тақиқлаш.
Россия Федерацияси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой эса жорий ҳафта Россия ТИВда МДҲга аъзо давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда Россия Федерациясида ишлашни режалаштираётган чет элликлар, айниқса, рус тарихи ва рус тилини билиш соҳасида, жўнашдан олдин тегишли тайёргарликдан ўтишлари кераклигини айтди.
Россияда мигрантларга қўйилаётган янги талаблар ҳақида алоҳида дастур тайёрлаганмиз. Уни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Термиз халқаро савдо марказида концерт ва мусиқий дастурларни бекор қилиш сўралганми?
Ўзбекистон бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмайди. Хорижий мамлакатлар ўртасидаги ўзаро қуролли тўқнашувларда ҳам иштирок этмайди, нейтралитетни сақлайди, можаролар тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори бўлади. Бироқ Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашадиганлар, ақл ўргатадиганлар жуда кўп, қай бирини айтай. Мисол берай: куни кеча Россия расмийлари Ўзбекистондаги мактабда ўқитувчи томонидан боланинг калтакланишига сиёсий тус бериб, Тошкентдан ҳисоб сўради. Хуллас, Ўзбекистонга талаб қўядиган мамлакат рўйхатида энди яқиндагина урушдан чиққан ва ўшандан буён Ўзбекистондан кўп ва хўп манфаатдор бўлиб турган Афғонистон ҳам пайдо бўлди.
Гап шундаки, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари Ўзбекистондан жорий йилнинг август ойида фаолиятини бошлаган Термиздаги умумий бозор – Термиз халқаро савдо марказида концерт ва мусиқий дастурларни бекор қилишни сўраган.
Термиздаги қўшма чегара бозорига Афғонистон фуқаролари визасиз бориши мумкин. Афғонистондан келганлар учун мусиқа дастурлари ташкил этилиб, ўзбек санъаткорлари ҳам концерт берган ҳолатлар бўлган. “Толибон” мусиқий дастурлар ўтказилишига қарши ва Ўзбекистон ҳукуматидан бундай дастурларни ўтказишга йўл қўймасликни сўраган. Акс ҳолда Афғонистон фуқароларига ушбу умумий бозорга киришга рухсат этилмаслиги мумкин.
Расмий Тошкент эса “Толибон” Ўзбекистонга бундай талаб билан чиққанини рад этди. Ташқи ишлар вазирлигининг QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Афғонистон томонидан бундай характердаги ҳеч қандай мурожаатлар келиб тушмаганини маълум қилиб, афғон нашрларидан ёлғон ахборот тарқатмасликни сўради.
Оммавий ахборот воситалари ҳақида гап очилганда Афғонистонда қабул қилинаётган қонунни ҳам эслатиб кетмасам бўлмайди. “Толибон” оммавий ахборот воситаларига тирик мавжудотлар тасвирини чоп этишни тақиқловчи қонун жорий қилмоқда.
Янги қонун оммавий ахборот воситалари учун бир қатор қоидаларни ўз ичига олади.
“Толибон” муваққат ҳукуматнинг ахлоқ вазирлиги оммавий ахборот воситаларига барча тирик мавжудотлар тасвирини чоп этишни тақиқловчи қонуннинг кучга кириши босқичма-босқич амалга оширилиши ҳақида хабар берган. Яхшиликни тарғиб қилиш ва ёмонликнинг олдини олиш вазирлиги вакили Сайфул Ислом Хайбарнинг Франс пресс нашрига маълум қилишича, қонун бутун Афғонистонга тегишли ва расмийлар тирик мавжудотлар тасвирлари Ислом қонунларига зид эканлигига одамларни ишонтириш устида ишлайди.
Сайфул Ислом Хайбарнинг билдиришича, қонун ижросида мажбурлашга ўрин йўқ. Унга кўра, бу шунчаки маслаҳат бўлиб, одамларни бундай нарсалар ҳақиқатан ҳам шариат қонунларига зид эканлигига ва улардан сақланиш кераклигига ишонтиришга қаратилган.
Домланинг айтганини қилу қилганини қилма деганлари ростга ўхшайди. “Толибон” ОАВга жонли мавжудотлар суратини чоп этмасликни талаб қилаётган бўлса-да, муваққат ҳукумат расмий вакиллари ҳалигача ижтимоий тармоқларда одамларнинг суратларини мунтазам равишда жойлаштиришни давом эттирмоқда.
Нидерландия ҳукумати афғон қочқинларини Ўзбекистонга юбормоқчи
Нидерландия ҳукумати мамлакатда рад этилган афғон қочқинларини Ўзбекистонга юбормоқчи. “NL Times” нашрининг ёзишича, яқинда Германия Ўзбекистонни афғон қочқинларини қабул қилишга кўндирган. Энди Нидерландия ҳам шунга ҳаракат қилмоқда.
Қочқинлар масаласи бўйича вазир Маржолейн Фабернинг айтишича, айни пайтда ҳукумат Ўзбекистон билан қандай келишувларга эришиш мумкинлигини ўрганмоқда.
Вазир бу борада бошқа тафсилотларни очиқламаган, шунингдек, қачон кўпроқ маълумот бериши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирмаган. Унинг сўзларига кўра, булар илк босқичдаги музокаралар ва шунчаки ўрганишлар бўлиб, ушбу жараённи очиқлашдан наф йўқ.
Чет элда барча ҳуқуқий ҳимоя чораларидан, айниқса, жиноят билан боғлиқ ҳимоя чораларидан фойдаланиб бўлган бошпана изловчилар ўз мамлакатларида кўпинча қабул қилинмайди. Нидерландия ва бошқа Европа давлатлари эса йиллар давомида уларни қандай қилиб ватанига қайтариш йўлларини топишга интилиб келмоқда. Бу давлатлар рад этилган афғонларни қабул қилишга унчалик тайёр эмас, чунки улар “Толибон” ҳукуматни эгаллаб олганидан бери Афғонистон билан расмий алоқага эга эмас.
Шуни эслатиб ўтиш ўринлики, жорий йилнинг 30 август куни Германия ҳукумати илк бор бир гуруҳ афғонистонликларни ўз ватанига қайтарди. Афғонистонга қайтарилган шахслар жиноятчилар экани ва улар Германияда қолишга ҳақли эмаслигини айтган.
Нашрга кўра, афғонистонликлар Лейпсиг аэропортидан Qatar Airways ширкати самолёти орқали бадарға қилинган. Берлин ҳукумати “Толибон” маъмурияти билан расмий алоқага эга эмаслиги сабаб жараёнга Қатар давлати кўмак берган ва воситачилик қилган. Германиядан депортация қилинган дастлабки гуруҳ 28 нафар афғонистонликдан иборат.
Дарвоқе, бу ҳафта “Толибон” Афғонистон қамоқхоналарида қанча маҳкум борлигини очиқлади. Қайд этилишича, қўшниларимизда айни вақтда 12 мингга яқин эркак ва камида 1 минг аёл ушбу мамлакат судлари томонидан айбдор деб топилиб, жазо муддатини ўтамоқда. Шунингдек, турли жиноятларни содир этган 100 нафар хорижлик фуқаро ҳам сақланмоқда. Улар орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот мавжуд эмас.
Турли жиноятларда гумонланаётган тахминан 12 минг шахс ҳибсга олинган ва уларнинг иши бўйича суд ҳукми ҳали чиқарилмаган.
Зеленский фуқароларига мурожаат билан чиқди
Бу ҳафта Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат фуқароларига мурожаат билан чиқди ва Шимолий Корея Россияни нафақат қурол-яроғ билан таъминлаётгани, балки ўз фуқароларини Россия армиясида Украинага қарши жангга юбораётганини айтди.
“Биз Россия ва Шимолий Корея каби режимлар ўртасидаги иттифоқ кучайиб бораётганини кўрамиз. Бу суҳбат энди фақат қуролларни узатиш ҳақида эмас. Бу суҳбат аслида Шимолий Кореядан босқинчи ҳарбий кучларга одамларни ўтказиш ҳақида”, деди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда Украина фронти ғарблик ҳамкорлардан “кўпроқ ёрдамга муҳтож”.
“Биз Украина учун кенгроқ масофа ва кучларимизни янада ҳал қилувчи таъминлаш ҳақида гапирадиган бўлсак, бу шунчаки ҳарбий имкониятлар рўйхати эмас. Бу тажовузкорга босимнинг кучайиши ҳақида, Россия учун улар бардош бера оладиганидан кучлироқ бўлади" деди Зеленский.
Октябрь ойи бошида “The Times” газетаси Россия армияси Украинага қарши урушда ҳар йили фойдаланадиган уч миллион артиллерия ўқларининг қарийб ярмини олгани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, Украина манбаларининг “The Guardian”га маълум қилишича, КХДР ҳарбий муҳандислари Россия қўшинларига Шимолий Кореянинг КН-23 ракеталари билан Украинага зарба беришда ёрдам бермоқда.
Ўз навбатида, “The Washington Post” газетаси Украина ва Жанубий Корея расмийларига таяниб, Шимолий Корея аскарлари аллақачон Россия томонидаги жангларда қатнашаётганини ёзган. Бундан ташқари, КХДРдан бир неча минг ҳарбий хизматчилар кейинчалик фронтга жўнатиш учун Россия ўқув лагерларида ўқитилмоқда.
КХДР ҳарбийларини Украинага юбориши ҳақида Жанубий Корея Мудофаа вазири Ким Ён Хён ҳам айтган.Шу билан бирга, у Украинада хабар қилинган биринчи Шимолий Корея зобитларининг Донбассда ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқат эканини ҳам инкор этмаган.
Шимолий Корея билан илиқ муносабатлар кундан кунга жонланиб бораётганини тасдиқлагандек Россия Президенти Владимир Путин тугаётган ҳафтада Давлат думасига Россия ва Шимолий Корея ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик шартномасини ратификация қилишни таклиф қилди.
Жорий йилнинг 19 июнь куни Путиннинг Пхеньянга ташрифи чоғида имзолаган 23 моддадан иборат шартнома де-факто ҳарбий иттифоқни назарда тутади. Чунки унда икки давлатдан бирига ҳужум қилинган тақдирда “барча мавжуд воситалар билан” ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги банд мавжуд.
Янги давлатлараро шартнома 1961 йилдаги “Дўстлик ва ўзаро ёрдам” шартномаси, 2000 йилдаги “Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги” шартнома, шунингдек, 2000 ва 2001 йилларда имзоланган “Пхеньян ва Москва декларациялари” ўрнини эгаллаши кутилмоқда. “Ижтимоий фикр” жамғармаси сўровига кўра, янги келишувни россияликларнинг 70 фоизи ижобий баҳолаган.
Бу воқеалар фонида эса “Украинская правда” газетаси Украина билан урушда Россия томонидан хизмат қилаётган шимолий кореялик ҳарбийлар ўз позицияларидан қочиб кетганини ёзиб чиқди.
Маълум қилинишича, Россия Мудофаа вазирлиги шимолий кореялик ҳарбийлардан иборат “бурят батальони”ни тузган. Батальондаги аскарлар сони уч минг кишини ташкил этади. Шулардан 18 киши Брянск ва Курск вилоятлари чегарасидаги позицияларни ташлаб қочиб кетган.
Қайд этилишича, воқеа Украина чегарасидан 7 километр узоқликда содир бўлган. Россия ҳарбийлари ҳозирда шимолий кореяликларни қидирмоқда ва содир бўлган воқеа ҳақида қўмондонликка маълумот етиб боришини яширишга уринмоқда.
Жанубий Корея разведкасининг шу ҳафта аниқлаган маълумотларига кўра, Зеленскийнинг гаплари ноўрин эмас. Шимолий Корея Россиянинг Украинадаги урушида қатнашиш учун 12 000 аскарни юбораётган бўлиши мумкин.
Разведка маълумотларига кўра, Шимолий Корея 12 минг аскарни тўрт бригадага бўлган ҳолда юборяпти.
Агар ушбу хабарлар тасдиқланса, бу Шимолий Кореянинг биринчи катта хорижий урушда иштироки бўлади. Ўз ўрнида, мамлакат дунёдаги энг катта ҳарбий кучлардан бирига эга бўлиб, 1,2 миллион аскари бор.
Кўплаб мутахассислар Шимолий Корея аскарларининг Россияга қандайдир фойда келтира олишига шубҳа билдирмоқда, чунки уларнинг ҳарбий техникаси эскирган ва жанговар тажрибаси кам.
Хабарлар фонида Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль 18 октябрь куни шошилинч йиғилиш ўтказгани ҳақида баёнот берган. Йиғилишда Шимолий Корея аскарларининг Украинага юборилиши Жанубий Корея ва халқаро ҳамжамият учун жиддий хавфсизлик таҳдиди сифатида баҳоланган.
Бироқ Россия КХДР аскарларидан фойдаланаётганини рад этган, хусусан, Кремль воизи Дмитрий Песков буни “яна бир фейк хабар” деб атаган.
Украина ё НАТОга аъзо бўлади ёки ядро қуролини яратади – Зеленский
Украина ё НАТОга аъзо бўлади ёки ядро қуролини яратади. Бундан бошқа йўл йўқ. Бу ҳақда шу ҳафта Европа кенгашининг Брюсселдаги йиғилишидан кейин Владимир Зеленский оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатда сўз очди.
Зеленский жорий йилнинг 27 сентябрь куни АҚШда мамлакатнинг собиқ президент Дональд Трамп билан учрашувини ва унга айтганларини эслаган. Зеленский Трампга Россия Будапешт меморандумининг кафолати эканини, унга кўра, ядро қуролидан воз кечиши эвазига Украинага ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ҳимоя қилиш ваъда қилинганини эслатган. Бироқ, бу Россия ваъдасида турмади. Зеленскийга кўра, бу урушдан Украинадан бошқа ҳеч бир мамлакат, хусусан йирик давлатлар, ядровий кучлар жабр кўрмаган.
У ечим сифатида ядро қуролини яратиш ёки НАТОга қўшилишни кўрсатган.
Президент Владимир Путин эса Зеленскийнинг бу талабини жавобсиз қолдирмади. Унинг BRICS давлатлари етакчи ОАВ раҳбарлари билан учрашувда айтишича, Россия Украинанинг ядровий қурол яратишига ҳеч қандай шароитда йўл қўймайди.
“Бундай таҳдид Россия томонидан тегишли реакцияга олиб келади. Дарҳол айтишим мумкин: Россия бунга ҳеч қандай шароитда йўл қўймайди. Бугунги Украинанинг сиёсий раҳбарияти инқироз қизғин босқичга ўтишидан олдин ҳам бу ҳақда бир неча бор гапирган. Улар ўшанда ҳам Украина аллақачон ядровий қуролга эга бўлиши кераклиги ҳақида айтган эди”, дейди Путин.
Путин, шунингдек, ядровий қурол яратиш имконияти ҳақидаги баёнотларни “хавфли провокация” деб атади ва Киев томонидан ҳар қандай шу каби қадам тегишли муносабатга дуч келиши ҳақида огоҳлантирди.
Путин замонавий дунёда ядровий қурол яратиш қийин эмаслигини, бироқ Украина учун бу қийин иш эканини ҳам урғулаган.
Яҳё Синварнинг ўлими ҳақида
Жорий йил 30 июль куни Ливан пойтахти Байрутда “Ҳизбуллоҳ” қўмондони Фуад Шукр, орадан бир неча соат ўтиб, 31 июлда Теҳронда ҲАМАС етакчиси Исмоил Хония, сентябрь ойида “Ҳизбуллоҳ”нинг бошқа раҳбарлари, хусусан Иброҳим Оқил ва ҳаракат Бош котиби Ҳасан Насруллоҳ ҳамда унинг амакиваччаси, Қосим Сулаймонийнинг куёви Ҳошим Сафи ад-Дин Исроил кучлари томонидан ўлдирилди. Мазкур воқеалар қаршилик ҳаракатлари етакчилари Исроилнинг асосий нишонига айланган сўнгги 2 ярим ой ичида рўй берди. 16 октябрь куни эса ЦАХАЛ “ов”ининг навбатдаги ўлжаси ҲАМАСнинг ёзда сайланган янги раҳбари Яҳё Синвар бўлди. Шу куни Исроил кучлари Ғазо сектори жанубида жойлашган Рафаҳда ракета ҳужумлари уюштирди. ЦАХАЛнинг бу сафарги нишони ҲАМАСга алоқадор дея тахмин қилинган 3 нафар шубҳали шахс эди. Дастлаб, улар жойлашган бино ўққа тутилади. Шундан сўнг Исроил ҳарбийлари вайронага айланган бино ичини синчковлик билан текшириш учун айғоқчи дрондан фойдаланади. ЦАХАЛ томонидан эълон қилинган Синварни ўлдириш жараёни акс этган видео тасвирлар дрон орқали ёзиб олинган. ҲАМАС етакчиси жойлашган бинога ракета ҳужуми уюштирилгандан сўнг Исроил кучларининг дрони у турган нуқтани аниқлаш учун бино ичига йўналтирилган. Видеотасвирда Синварлиги айтилган мазкур объект ҳаракатга яроқли чап қўлидаги таёқни дронга улоқтирганини кўриш мумкин. Исроил дрони воқеани шу лаҳзагача ёзиб олади. Миссияни эса снайпер якунлайди. Расмий манбалар ичидан дастлаб кутилганидек ЦАХАЛ ва Исроил хавфсизлик хизмати идораси, шунингдек, яҳудий давлатининг Ташқи ишлар вазири Исроил Кац ва Бош вазир Биньямин Нетаньяху бу маълумотларни тасдиқлади.
Кейинчалик ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Халил ал-Ҳея “ҳаракат етакчиси Яҳё Синварга суиқасд уюштирилганини” тасдиқлади ва унинг ўлими “ҳаракатни янада кучайтириши”га ишора қилди.
Синварнинг ўлими тасдиқлангач, бу фактор Исроил ва унинг иттифоқчиси Қўшма Штатлар томонидан байрам сифатида қабул қилинди. Хусусан, АҚШнинг айни дамдаги раҳбарлари президент Жо Байден ва вице-президент Камола Ҳаррис бу воқеликни “тинчлик” ўрнатилиши учун муҳим ва якуний қадам сифатида эътироф этди. Жо Байден Синварнинг ўлимини Исроил, АҚШ ва қолаверса бутун дунё учун хушхабар эканини таъкидлади. У Нетаньяхуга алоқага чиқиб, уни табриклаши ва аср олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш йўлларини муҳокама қилишни билдирди. Байден мазкур воқеликни келажак учун имконият деб баҳолади. Унинг наздида Синвар шу чоққача урушни тўхтатиш ва музокаралар олиб бориш учун “тўсиқ” бўлган. Ўз ўрнида Камола Ҳаррис ҳам Байденнинг позициясини ифода этган ҳолда Синварнинг йўқ қилиниши сектордаги урушнинг якуний қисми эканлигига ишонч билдирди. Аммо Нетаньяху қирғинни тўхтатиш ҳақида заррача ҳам ўйламаяпти. У Синварни ўлдирилиши урушнинг ниҳояси эмаслигини маълум қилди. Анчадан буён АҚШнинг назоратидан чиққан ҳолда ҳаракатланаётган Исроил Бош вазири ҲАМАС сиёсий бюроси етакчиси Яҳё Синварнинг ўлдирилиши бўйича берган баёнотида Синвар билан “ҳисоб-китоб битгани”, аммо уруш ҳали тугамаслигини очиқ-ойдин таъкидлади.
Қозоғистонда олти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги “Бейнеу-Тожен” трассасида ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, оқибатда олти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, яна тўрт нафари шифохонага ётқизилди.
Jac микроавтобуси йўл четида тўхтаб, чегарадан ўтиш учун навбатда турган MAN юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Машинада жами 10 киши бўлган. Улардан тўрт нафари Бейнеу марказий туман шифохонасига ётқизилган.
Манғистау вилояти ИИБ ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, Россиядан Ўзбекистонга кетаётган машинада ўн киши бўлган. Тўрт қурбоннинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, ЙТҲ иштирокчиларининг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, транспорт воситалари бир давлатда рўйхатга олинган. Воқеа ҳақида Ўзбекистоннинг Ақтаудаги Бош консуллигига хабар берилган.
Воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган, фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.