Мухолифатни ваъда қилган Мирзиёев, қувилган амалдорлар, ораси совуқлашган Путин ва Эрдўған – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
15 Июль 2023
20346Биз одатда дунёга ўзимизнинг оилапарварлигимиз, оилага содиқлигимиз, болажон халқлигимиз, болаларимиз кўплиги билан мақтанамиз. Лекин аксар оилаларда болалар сони 2-3 тадан ошмаяпти. Қолаверса, бир вақтлар – додам замонида эшитганим, олтмишвой, етмишвойлар туғилаётганини-ку ҳозир умуман эшитмайман. Ўзимизда эшитмайман. Лекин Британиянинг собиқ Бош вазири Борис Жонсон “тоғам” ёшлари бир кам 60 га етган бўлса-да, ўтган ҳафта саккизинчи бор ота бўлганлари билан қувонтирдилар. Бундан 10 ой аввал Бош вазирликдан истеъфога чиққан Жонсоннинг оиласида 9 ой 9 кун 9 соат ўтиб, ўғил дунёга келди. Унга олтмишвой эмас, Одиссей деб исм қўйилди. Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеалар таҳлили билан қуйида танишинг.
Татьяна Каримова кимга нимани исботламоқчи?
Худди атай қилгандек, охирги ҳафталарда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг оила аъзоларига оид хабарлар билан бошлаяпмиз Ҳафта таҳлилини. Ҳар ҳафта мутлақо улар билан боғлиқ қандайдир воқеа бор: гоҳ Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова қамоқда қолаётган қизи Гулнора Каримовани кўролмаётганидан ёзғирса, гоҳ Ислом Каримовнинг ўғли ворислик ҳуқуқини талаб қилиб, судга мурожаат қилади. Хуллас, оила ҳам, унинг атрофидаги гап-сўзлар ҳам тинаётгани йўқ. Бу ҳафта эса “тармоқ юлдуз”и яна Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова бўлди.
Биласиз, кўпчилигингиз боргансиз, қатнашгансиз, 9 июль куни Президент сайлови бўлиб ўтди. Татьяна Каримова бир кун ўтиб, 10 июлда Instagram’даги саҳифасига сайловга боргани, овоз бераётгани акс этган суратни жойлаштирди. Суратда Акбаровна қўлида сайлов бюллетенини очиқ тутгани акс этгану у қайси номзодни ёқлаб белги қўйгани унчалик ҳам кўринмаган, лекин кўринган. Ҳозир нима кўп – блогер, нима кўп – қўлида телефон тутиб, бировни сазойи қилишга тайёрлар кўп. Шулардан бири суратни ўзига кўчириб олиб, “Татьяна Каримова ҳеч қайси номзодга овоз бермади, нега экан а?” дея ғийбатомуз пост чиқарди. Ана, кўринг энди томошани. Бутун тармоққа муҳокама учун мавзу топилди.
Охир-оқибат Татьяна Каримованинг Instagram саҳифасидан биринчи пости ўчирилди, сурат такроран, бу сафар белгининг устидан компьютерда яна қалинлаштириб чизиб, изоҳлар билан қайта эълон қилинди.
“Қадрли дўстлар, афсуски, интернетда бугун қўйган суратим билан боғлиқ атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотлар пайдо бўлди ва аниқлик киритишни лозим деб биламан.
Ижтимоий тармоққа жойлашда сурат сифати ёмонлашиши ва суратдаги айрим деталлар аниқ кўринмаслигини ҳамма яхши билади. Мана, бугун эълон қилинган асл фотосурат, бу менинг танловимни аниқ кўрсатиб турибди”, деб ёзишга мажбур бўлди 75 ёшни қаршилаётган Татьяна Каримова.
Бу орада таҳририятимизга бир неча бор Ислом Каримов фондидан, Татьяна Каримованинг вакилларидан қўнғироқлар бўлди. Шу боис айтамизки, тугаётган ҳафта Татьяна Каримова кимга овоз берганини исботлашга уринган ҳафта сифатида ёдда қолди.
Мирзиёев учинчи бор қасамёд қабул қилди
87,05 овоз билан сайловда ғалаба қилган ва 7 йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти курсисини эгаллаган Шавкат Мирзиёев 14 июль куни лавозимга киришиш олдидан Олий Мажлис палаталари вакиллари, Ҳукумат аъзолари, хорижий дипломатлар қаршисида тантанали қасамёд қилди.
Маросимда нутқ қилган Шавкат Мирзиёев келгусидаги режалари ҳақида сўз очди.
“Кимки “Сайлов ўтди – сафарбарлик тугади”, деб ўйласа, хато қилади. Ҳақиқий сафарбарлик энди бошланади. Чунки халқимиз бизга ишониб топширган катта-катта режа ва дастурларни ўзимиз бажармасак, айтинг, четдан ким келиб бажариб беради?” дейди Президент.
У ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказаётгани, бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқараётганини айтди.
“Биз мана шундай оғир ва таҳликали вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олишимиз ва уни қатъий амалга оширишимиз лозим”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, у мамлакатда конструктив мухолифат фаолиятини таъминлашга ваъда берди.
“Биз демократия ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, конструктив мухолифат фаолиятини, сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаймиз”, дейди давлат раҳбари.
Инаугурация маросимида иштирок этган “Америка овози”нинг ўзбек хизмати журналисти Навбаҳор Имомова маросимни шарҳлар экан, Президент Мирзиёев унду одамларнинг тилидаги гапларни айтгани, у кирмаган, у тўхталмаган мавзулар деярли қолмаганини урғулади.
Шунингдек, сайлов ва Инаугурация маросимини ёритиш учун Вашингтондан келган Имомова, Сенат ва Президент Администрацияси бинолари ёнида, уларни фон ўлароқ қўллаб видео олишига Ички ишлар ходимлари томонидан рухсат берилмаганини айтди.
Маросимда Президентнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳукумати келгуси 7 йилда қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан – у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими – салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётганлар билан узил-кесил хайрлашади. Президент айримлар билан шу ҳафтанинг ўзидаёқ хайрлашиб, идорасининг чиқиш эшикларини кўрсатди. Бунга бироздан кейинроқ тўхталамиз.
Макронга кесилган бармоқ юборилди
Франция Президенти Эммануэль Макроннинг қароргоҳига почта орқали кесилган одам бармоғини жўнатишди. Бармоқ хатжилд ичида Францияқ Президентининг Париждаги Елисей саройининг ёзишмалар бўлимига 9 июлдан 10 июлгача бўлган вақт оралиғида келиб тушган.
Хавфсизлик хизмати вакилларининг хабар беришича, бармоқ солинган конверт саройдаги полиция ходимларининг овқатлари сақланадиган музлаткичга қўйилган. Кесилган бармоқ кимга тегишлилиги зудлик билан аниқланган. Шундан сўнг муаммоли ҳолатлар бўйича тегишли тартиб ишга туширилган.
Елисей саройи ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни, хусусан бармоқ кимга тегишлилиги ва у нима мақсадда ташлаб кетилганини оччиқлашдан бош тортган.
11 яшар қиз она бўлди
Биз буёқда 59 яшар Борис Жонсоннинг саккизинчи, расман еттинчи бор ота бўлганини муҳокама қиляпмиз. Албатта, бу эшитган кишининг юзига табассум югиртирадиган ҳолат. Аммо навбатдаги хабаримиз ўта афсусли ва етказишга мажбурмиз. Россиянинг Новосибирск вилоятида 11 ёшли мактаб ўқувчиси фарзандли бўлди. Буни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Татьяна Анохина тасдиқлади.
Қайд этилишича, ушбу вилоятда ҳар йили кўплаб қизлар вояга етмай она бўлади. Бироқ бу даражада эрта туғруқ ҳолатлари жуда кам учрайди. Расмийларнинг билдиришича, йилига 15 дан 17 ёшгача бўлган ўнга яқин вояга етмаганларда эрта ҳомиладорлик аниқланяпти.
Афсус билан айтиш керакки, соғлом фарзандни дунёга келтирган 4-синф ўқувчиси сўнгги ўн йилликдаги энг ёш онага айланган. Кутилганидек, боланинг отаси ҳақида эса ҳеч қандай маълумот йўқ.
Ҳомиладор онаси боласи билан вафот этди
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги туғруқхонада ҳомиладор аёл чақалоғи билан вафот этди.
Гап шундаки, 14 июль куни соат 06:45 да Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига Ўртачирчиқ тумани “Гулобод” МФЙ да яшовчи 30 яшар аёл 3-ҳомиладорлик 38-ҳафта 2-туғиш, ўткир ичак инфекцияси сепсис, септик шок, гиповалиник шок, иситмаси юқори ҳолатдаги ташхиси билан олиб келинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар қилинишича, бемор муассасага олиб келинганида аҳволи ўта оғир, териси рангпар, совуқ тер босган, артериал қон босими 70/40 мм симоб устунига тенг, тана ҳарорати 39,5 даража, тананинг шиллиқ қаватлари кўкимтир рангда, карахт ва саволларга аниқ жавоб бера олмайдиган ҳолатда бўлган.
Вазирлик иддаосича, аёл зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг навбатчи бригада акушер-гинекологлари ҳамда анестезиолог-реаниматолог томонидан барча зарур реанимацион муолажалар амалга оширишга киришилганмиш.
Дастлаб икки томонлама периферик вена, кейинчалик марказий вена катетерланиб, марказий веноз босим паст бўлганлиги учун шокка қарши, юрак-қон томир, нафас олиш тизимини қўллаб-қувватловчи тезкор чора-тадбирлар ўтказилган.
Шунингдек, бемор ўпканинг сунъий вентиляциясига ўтказилган. Бироқ марказий вена орқали бажарилган массив инфузион муолажалар ва жадал реанимацион терапияга қарамай, унинг гемодинамикаси тикланмаган.
Оқибатда 2023 йил 14 июль соат 07:30 да беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилган. Навбатчи анестезиолог-реаниматолог шифокорлар томонидан юрак-ўпка реанимацияси 40 дақиқа давомида олиб борилган, лекин юрак фаолияти тикланмаган. Оқибатда соат 08:10 да беморда биологик ўлим кузатилган.
Бош прокуратурага кўра, Нурафшон шаҳар прокуратураси томонидан аёлнинг ўлими ҳолати бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Амалдорларнинг кутилган “учиши”
Бояроқ 7 йиллик Президентлик муддатига киришган Шавкат Мирзиёев шу ҳафтанинг ўзидаёқ кўплаб раҳбарларга қўл силтаб, хайрлашгани ҳақида айтгандик. Ўша хабарнинг навбати энди келди.
Тугаётган ҳафтада инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан ўтказилган йиғилишда Мирзиёев Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдошев, Қўрғонтепа тумани ҳокими, Элёрбек Набижонов, Бухоро тумани ҳокими, Хайрулло Жўраев, Миришкор тумани ҳокими, Шерали Санаев, Чироқчи тумани ҳокими, Нодир Эркаев, Хатирчи тумани ҳокими Сайфиддин Низомов, Пайариқ тумани ҳокими Зафар Эргашев, Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов, Гулистон тумани ҳокими Сайдимқул Бегимқулов, Оққўрғон тумани ҳокими Алишер Каримжонов, Навоий шаҳри ҳокими Муродхон Эгамқулов ва Янгийўл шаҳар ҳокими Фарҳод Мирзаевни лавозимидан олди. Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига ушбу ҳокимлар фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Ушбу ҳудудларда инвестиция дастурида белгиланган вазифаларни бажариш, маблағларни ўзлаштириш кўрсаткичлари пастлиги, инвестиция муҳити қониқарсизлиги танқид қилинди. Аммо Бош прокуратура ўрганиш натижаларини эълон қилиши ҳақида ҳозирча бир нарса деёлмайман. Чунки жорий йил бошида Президент Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага лавозимидан озод этилган Жаҳонгир Ортиқхўжаев фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортишни топширган эди. Бироқ натижалар эълон қилинмади.
Хуллас, жорий ҳафта Президент ўтказган йиғилишдан узоқлашмай. Унда яна кутилган бир қатор лавозимдан қувилишлар рўй берди. Хусусан, Сув хўжалиги вазири ўринбосари Бахтиёр Камолов, Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Соҳиб Саифназаров, “Темир йўл” АЖ раиси Хусниддин Хосилов ва Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев лавозимидан озод этилди.
“Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси Баҳодир Жўраев, “Ўзсаноатқурилишбанк” раиси Сахи Аннакличевга “ҳайфсан” эълон қилинди.
Пригожин ўлганми ё қамоқдами?
Россия Президенти Владимир Путин “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг исёнидан беш кун ўтгач, Кремлда учрашган. Ушбу учрашув жорий йилнинг 29 июнь куни ўтган бўлса-да, унинг иси тугаётган ҳафтада чиқди. Аввалига бу ҳақда Франциянинг “Libération” нашри резведка маълумотларига асосланиб, ёзди. Кейин шунча вақт мум тишлаган Кремль воизи Дмитрий Песков тилга кирди ва учрашув ҳақиқатдан ҳам ўтганини тасдиқлади.
Песковнинг айтишича, Кремлга жами 35 киши таклиф қилинган. Улар Пригожин бошчилигида барча отряд командирлари ва компания раҳбарияти. Учрашув уч соат давом этган.
Путин учрашувда “Вагнер”нинг “махсус операция” пайтида фронтда амалга оширган ҳаракатларига баҳо берган. Шунингдек, 24 июнь кунги воқеаларга тавсиф берилган ва қўмондонларнинг тушунтиришлари тингланган. Песковга кўра, учрашувга йиғилганлар давлат раҳбари ва олий бош қўмондоннинг содиқ тарафдорлари ва аскари эканларини исботлашга уринган.
Орадан кўп ўтмай, Пригожин раҳбарлигидаги “Вагнер” ҳақида миқ этмай келаётган Президент Путин ҳам тилга кириб, “Коммерсанть” мухбирига “Вагнер” каби хусусий ҳарбий компаниялар мамлакат қонунчилиги бўйича мавжуд эмаслигини айтди.
У “Вагнер” раҳбарлари билан бўлган учрашув тафсилотларини ҳам очиқлаган. У “Вагнер”чиларга ҳарбий хизматни давом эттиришнинг бир нечта вариантларини таклиф қилган. Жумладан, Седа қўмондонлигида хизмат қилишни маслаҳат берган.
Россия етакчисининг сўзларига кўра, унинг бу таклифидан сўнг аксар командирлар бир варакайига бош ирғаган бўлишига қарамай, Пригожин “йигитлар бундай қарорга рози эмас”, дея бунга қарши чиққан.
Ўтган воқеалардан кейин Пригожин кўриниш бермади. Америка Қўшма Штатларининг истеъфодаги генерали Роберт Абрамс Пригожин муваффақиятсиз исёндан сўнг ўлдирилган ёки қамалган бўлиши мумкинлигини айтди. У “ABC News” телеканалига берган интервьюсида Пригожинни яна кўришига шубҳа қилиши, у ё яшириниши ёки қамоққа юборилиши, бўлмаса яна бошқа йўл билан масаласи ҳал қилинишини айтган. У, ҳатто, Пригожиннинг тириклигига ҳам шубҳа қилган.
Литвада ўтган НАТО саммитидан сўнг, 13 июль куни Финляндияга борган АҚШ Президенти Жо Байден эса “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожинга муваффақиятсиз қўзғалондан сўнг “заҳарланишдан эҳтиёт бўлишни” маслаҳат берган.
“Агар мен унинг ўрнида бўлганимда, еётган нарсаларимга эҳтиёт бўлардим. Таомномамга эътиборли бўлардим”, дейди Байден.
АҚШ раҳбари мазкур ҳазил орқали Россия махсус хизматлари Путиннинг сиёсий рақибларини заҳарлаб ўлдиришга урингани ҳақидаги бир қатор шов-шувли хабарларга ишора қилган.
Пригожиннинг атрофидаги гаплар тинмаётган бир пайтда халқаро оммавий ахборот воситаларида у онкологик касалликка чалингани ҳақида хабарлар тарқалди. Айтилишича, Пригожин узоқ вақтдан буён қорин бўшлиғи саратонидан даволаниб келган ва жиддий муолажани бошидан ўтказган.
Шунингдек, Пригожин касаликдан даволаниш мақсадида Владимир Путиннинг қизи Мария Владимировна Воронцовага тегишлилиги айтилган “Согаз” клиникасида бўлган ва у клиниканинг имтиёзли мижозларидан бири ҳисобланган.
Ўзбекистон АҚШдан ёрдам сўрадими?
13 июль куни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Элизабет Хорст Конгресс Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитасидаги тингловда Америка Қўшма Штатлари Россияга қарши санкциялар оқибатларини бартараф этишда Марказий Осиё мамлакатлари билан ишламоқда ва уларга Москва ва Пекин билан муносабатларга муқобил вариант тақдим этишга тайёр эканини айтди.
“Улар биздан санкциялар масаласида қўллаб-қувватлашимизни, [Россия ва Хитойнинг] босимига қарши туриш йўлини топишда ёрдам беришимизни, уларга муқобил йўл кўрсатишимизни сўрашмоқда. Биз улар билан санкциялар масаласида, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон билан, ўз иқтисодлари вайрон бўлмаслиги учун жуда фаол ишлаяпмиз”, дейди у.
Хорстнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар энди Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятига эга. Вашингтоннинг бу давлатларга юбораётган хабарида ҳам Россия, ҳам Хитой билан муносабатларга муқобил мавжуд.
У, шунингдек, Қўшма Штатлар ва Қозоғистоннинг “энергетика соҳасида узоқ йиллик муносабатлари” борлигини, шу муносабат билан Вашингтон Остонанинг бу соҳада Москвага қарамлигини камайтиришга ҳаракат қилаётганини айтган.
Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 28 февраль – 1 март кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга келган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Президентлар Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, қатор масалаларни муҳокама қилди. Президент Жо Байденнинг месежларини етказди.
Блинкеннинг ўшанда айтганларини эсласак: Қўшма Штатлар Россияга қарши санкцияларнинг амалга оширилишини диққат билан кузатиб боради, бироқ айни пайтда Россия Федерацияси билан ўзаро алоқада бўлган, шу жумладан Марказий Осиёдаги компаниялар учун енгилликни қабул қилади.
У ўшанда Қўшма Штатлар санкциялар остида қолган Россия компаниялари билан ўзаро алоқада бўлган компанияларга махсус рухсатномалар бериши, бундай рухсатномалар компанияларга ўз фаолиятини қисқартириш ва россиялик ҳамкасблар билан алоқаларни тўхтатиш учун зарурлигини айтганди.
Эрдўған ва Путин муносабатлари жар ёқасида?
Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасидан оламушук ўтгандек. Ё улар ҳақиқатдан ҳам муносабатларни қайта кўриб чиқиш даврида, ёки дунё учун ўзини шундай тутиб, бир-бирига совуққон муносабатда бўляпти. Ахир – бу сиёсат. Айниқса, Эрдўған Путинга тарс ҳаракатлари билан дунёнинг оғзига тушди. У жорий ҳафта Литвага, НАТО саммитида қатнашиш учун бориб, Украинанинг НАТОга қабул қилинишига қарши эмаслигини айтди. Камига у Швециянинг ҳам НАТОга қўшилишига рози, фақат шарти бор.
Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан Вильнюсда учрашув ўтказган Эрдўған, бу сафар қўлидаги қарталар орасида янги тузларни ўртага ташлади. Ўтган йил Мадрид саммитида Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига рози бўлиш учун уларда Курдистон ишчилар партияси, Сурия халқ ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларини террорчилик ҳаракати деб эълон қилиш, улар фаолиятини тақиқлаш, ФЕТО террор гуруҳи сифатида Туркия томонидан қидирувга берилган шахсларни Анқарага экстрадиция қилиш ва Американинг F-16 қирувчи самолётларини сотиб олишга қўйилган тақиқни ечиш талабларини қўйган Эрдўған ўтган бир йилда буларнинг айримларига эриша олди. Галдаги саммитга эса у Туркиянинг азалий орзуси устига лента ўраб, қадоқлаб келди. Бу Европа иттифоқига қўшилиш. Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини жуда хоҳлаётганлар олдига шарт қўйди. Ё Туркия Европа Иттифоқига аъзо қилинади, ё Швеция учун НАТО орзулигича қолади. Шу заҳоти Европа Эрдўған атрофида айланди. “Сиз қўшиламан дейсизу биз йўқ деймизми, марҳамат, келинг, оиламиз катта, дастурхонимиз кенг” қабилидаги сўзлар янграй бошлади. Столтенбергдан Байденгача Эрдўғаннинг талабини қўллади. Бундан эриб кетган Туркия раҳбари ҳам мендан нима кетди дегандек, Туркия парламенти ёзги таътилдан қайтиб, 1 октябрь куни иш бошлагач, биринчи сессиянинг ўзидаёқ Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш бўйича мурожаатини ратификация қилишини айтди.
Бу орада эса Путин билан муносабатлар унчалик яхшимас. Эрдўған ҳар икки гапнинг бирида Путин августда Туркияга келишини айтяпти. Буни ҳозиргача на Путиннинг ўзи, на унинг корчалонлари тасдиқлади.
17 июль куни БМТ шафелигида Туркия, Россия, Украина ўртасида тузилган дон шартномаси тугаяпти. Эрдўған ушбу шартномани узайтириш тараддудига тушиб қолган. Лекин Путиннинг тилини тополмаяпти. Тополмайдиям-да. У ҳали Швецияни, ҳали Украинани НАТОга қўшмоқчи бўладию Путин нима деса қуллуқ қилиб турадими? Аксинча, авваллари дон шартномаси лойиҳаси натижа бермаётгани, қора денгиз орқали ташилган донлар келишувга кўра камбағал давлатларга эмас, Россиянинг кўзини шамғалат қилиб, бой мамлакатларга элтиб берилганини Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, унинг воизи Мария Захарова, жуда бўлмаса, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковдан эшитаётган бўлсак, бу гал ушбу лойиҳани шахсан Путиннинг ўзи қоралаб чиқди.
“Украина ғалласини экспорт қилиш хавфсизлигини таъминлашга келишилган шартларга келсак, ҳа, БМТ билан ушбу келишувнинг бандлари бор эди, унга кўра Россия манфаатларини ҳисобга олиш керак эди: бу логистика, бу суғурта, бу бизнинг маҳсулотимиз учун тўлов билан боғлиқ пул ҳаракати ва бошқа кўплаб фикрлар. Ҳеч нарса, мен буни таъкидламоқчиман, умуман ҳеч нарса қилинмади. Ҳаммаси бир томонлама ўйин. Россия Федерациясининг манфаатлари мавжудлиги билан боғлиқ бирон бир нуқта бажарилмаган. Шунга қарамай, биз ўз ихтиёримиз билан ушбу шартномани кўп марта узайтирдик. Кўп маротаба. Лекин, билиб қўйинг, етар энди”, дейди Путин.
Бу гапдан кўринадики, Путиннинг Эрдўғандан ҳам, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришдан ҳам ҳафсаласи пир бўлган.
НАТО саммитига қайтадиган бўлсак, Украина Президенти Владимир Зеленский у ердан яна альянсга қўшилиш ҳақидаги гаплар билан қўйни пуч ёнғоққа тўлиб қайтди. Ҳа, Украина НАТОга қўшилиши керак, у бунга ҳақли, у бўлмаса бошқа яна ким? Лекин ҳозирмас. Уруш шароитида НАТО уни ўз даврасига ололмайди. Ҳамма Украинани қурол билан таъминлаши мумкин, лекин у учун Россия билан кескинликка бормайди. Қолаверса, қиш яқин. Ғарб эса ҳали уйини иситиши керак. Байден ва Столтенберг Украина урушда ғолиб бўлгач, НАТОга киришини айтгани ҳамон Путин бунга ўз муносабатини билдириб, шундай деди:
“Украинанинг НАТОга аъзолигига келсак, биз бу Россия хавфсизлигига таҳдид солаётганини бир неча бор айтганмиз, шубҳасиз. Ва, аслида, “махсус ҳарбий операция”нинг сабабларидан бири Украинанинг НАТОга қўшилиш таҳдидидир”, дейди Путин.
Путинга кўра, НАТОга аъзолик Украина учун хавфсизлик кафолати эмас, аксинча, дунёни янада заифроқ қилади ва халқаро майдонда қўшимча кескинликка олиб келади.
БМТда Қуръонни таҳқирлашга қарши резолюция қабул қилинди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши Қуръонни таҳқирлаш ҳаракатларини қоралаб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди. Бу ҳақда тугаётган ҳафтада Женевада бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 53-сессиясида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган тезкор муҳокама якунлари бўйича қабул қилинган резолюцияда сўз борган.
“Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши диний нафратнинг ҳар қандай тарғиботи ва кўринишларини, шу жумладан яқинда оммавий ва қасддан қилинган Қуръони Каримни таҳқирлаш ҳаракатларини қоралайди ва қатъиян рад этади ҳамда айбдорларни давлатларнинг халқаро ҳуқуқбузарликлардан келиб чиқадиган мажбуриятларига мувофиқ равишда жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлайди”, дейилади резолюцияда.
Қабул қилинган ҳужжатни 28 та давлат ёқлаб, 12 давлат эса қарши овоз берган. 7 давлат бетараф қолган. Бельгия, Буюк Британия, Германия, Коста-Рика, Литва, Люксембург, Руминия, Финляндия, Франция, АҚШ, Черногория ва Чехия резолюцияга қарши овоз берган. Бельгия (барча Европа Иттифоқи давлатлари номидан), Буюк Британия ва АҚШ делегациялари овоз беришдан олдин сўзга чиқиб, Покистон ва Фаластин давлати томонидан тақдим этилган резолюция лойиҳасини қўллаб-қувватламасликларини, чунки уларнинг фикрича, бу ҳужжатда сўз эркинлиги кафолатларига етарлича эътибор берилмаганини айтган.
Жазоир, Аргентина, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Ҳиндистон, Куба, Ўзбекистон ва Жанубий Африка Республикаси каби давлатлар диний адоват тарғиботини, шу жумладан Қуръонни таҳқирлаш хатти-ҳаракатларини қораловчи ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилувчи Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши резолюциясини ёқлаб овоз берган.
Тугаётган ҳафтада “Толибон” Стокгольмда Қуръон ёқиб юборилгани муносабати билан Швециянинг Афғонистондаги ваколатхоналари ишини тўхтатганини эълон қилди. Шунингдек, “Толибон” бошқа мусулмон давлатларини Стокгольм билан алоқаларини қайта кўриб чиқишга чақирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь