Автобусда ёнган умрачилар, ошаётган ойлик ва нарх, оғирлашган қарз юки – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Урушда ғолиб бўлмайди, унда ҳамма ютқазади деган гапни кўп эшитамиз. Энг қизиғи, бу гапни бот-бот такрорлаётларнинг ўзи ўша урушлардан кўпроқ фойда олади. Жорий йил ёз мавсумида Туркияда дам олиш ўтган йилдагига қараганда 20-30 фоизга қимматлаши кутилмоқда. Бу эса, албатта, талаб билан боғлиқ. Россия-Украина уруши давом этиши, миллионлаб украинлар ва русларнинг Туркиядан паноҳ топиши, Европа мамлакатлари билан парвозларнинг ёпилиши натижасида Туркияда руслар кўпайгандан кўпайди. Қадамда русларни учратасиз. Меҳмонхоналар тугул, ҳостеллар, бир неча кунлик ижара уйларининг нархи ҳам осмону фалакка чиққан. Мана, сизга бошқа бир мамлакат таназзулининг қўшни мамлакатга келтираётган фойдаси. Навбатдаги ҳафта воқеалари таҳлили билан танишинг. 

Урушдан қочган ўзбекистонликлар йўлда ҳалокатга учрашди

Гапни бежиз уруш ва ундан қочаётганлардан бошлаганим йўқ. Украинадан Туркияга қочганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам ҳам. Тугаётган ҳафтада уларнинг бир гуруҳи микроавтобусда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, автомобилда бўлган 37 яшар Жамила Ислом вафот этди, яна 8 ўзбекистонлик жароҳатланди. Уларнинг 4 нафарининг аҳволи оғир. 

Ҳодиса жорий йилнинг 30 мартига ўтар кечаси соат 00:30 атрофида Туркиянинг Сивас-Эрзинжон трассасининг Зара тумани яқинида содир бўлган. Ўзбекистонликларни олиб кетаётган микроавтобус қор ёғиши оқибатида сирпанчиқ йўлда бошқарувдан чиқиб кетган.

Олинган маълумотларга кўра, Украина-Россия уруши туфайли қайта жойлаштириш миграцияси доирасида Украинадан Туркияга олиб келинган ва Эрзинжоннинг Узумли туманига жойлаштирилган Ўзбекистондан 9 кишилик гуруҳ паспорт олиш учун Украинанинг Анқара элчихонасига борган. Улар паспортларни олиб, Узумлига қайтаётганда ҳалокатга учраган.

Воқеа оқибатида ҳаётини йўқотган Жамила Исломнинг жасади Эрзинжоннинг Узумли туманига келтирилган.

Умрага отланган 20 киши автобусда ёниб кетди 

Саудия Арабистонида муқаддас Умра зиёратига кетаётган 20 киши ёниб кетди. Қўрқманг, улар орасида ўзбекистонликлар йўқ. 

Гап шундаки, Саудия Арабистонида яманлик зиёратчиларни Маккага олиб кетаётган автобус Абҳа шаҳридаги кўприкдан ўтаётган вақтида ёниб кетган. Ҳодиса оқибатида 20 киши ҳалок бўлган, 29 киши тан жароҳати олган.

Воқеа жойига кўплаб тез ёрдам ва ўт ўчирувчилар жўнатилган, жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу бахтсиз ҳодиса иштирокчилари орасида ўзбекистонликлар бўлмаганини айтиб чиқди. Аммо бу автобусларнинг йўл-транспорт ҳодисасига учраши ўзбекистонликлар билан учрамайди, дегани эмас. 

2022 йилнинг 27 декабрь куни Умра сафарига борган ўзбекистонликлар ўтирган автобус Саудия Арабистонида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Ўша вақтда QALAMPIR.UZ’га берилган маълумотларга кўра, автобусда 50 нафар ўзбекистонлик бўлган. Уларнинг 17 нафар енгил, 3 нафари оғир тан жароҳати олган. Жароҳатланганлар орасида операция қилинганлар ҳам бор. 

Чорвоқ остида ўликлар

Тугаётган ҳафтада Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Чорвоқ сув омбори қирғоқларида одам суяклари топилди. Кейинроқ маълум бўлишича, бу ерларда тарихий қабристон бўлиб, у сув омбори остида қолиб кетган. 

Ижтимоий тармоқларда одам бош чаноғи суяги акс этган видео тарқалди. Унда тасвирланган ҳолат бўйича Бўстонлиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув бошланди. 

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ушбу қирғоқда бундан бир неча йиллар аввал, Бўстонлиқ туманидаги “Болодала” МФЙ ҳудудида жойлашган “Безгати боғ” қабристони бўлган, ушбу қишлоқда яшовчи аҳоли шу қабристонга дафн этилган, Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида “Болодала” МФЙ ҳудудида жойлашган “Безгати боғ” қабристони сув остида қолиб кетган, ҳозирда сув сатҳи пасайганлиги сабабли, қабристондан одам суяклари юзага чиққан. 

Ўрганишлар натижасида аниқланишича, Чорвоқ сув омборида ҳар йилнинг бошида сув сатҳи пасайиши ортидан бундай ҳолатлар кузатилиб туради.  

Носоз арғимчоқ бир оиланинг "бошига етди"

Бухоро вилоятида “Сомонийлар” истироҳат боғи ҳудудидаги “Твистер” номли чархпалак аттракционидаги битта арғимчоқ ўз ўқи атрофидан чиқиб, тахминан 6 метр узоқликка учиб кетди. Оқибатда  ўша пайтда арғимчоқда бўлган эркак, унинг турмуш ўртоғи ва уларнинг фарзанди тан жароҳати олди.

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг маълум қилишича, 2022 йилнинг декабрь ойида фавқулодда вазиятлар бўлинмалари ходимлари билан ҳамкорликда ушбу аттракционнинг хавфсизлик ҳолати текширилганда у статик ва динамик синовлардан ўтказилмагани, аттракциондан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома олинмагани, ундан хавфсиз фойдаланиш бўйича жавобгар шахс тайинланмагани аниқланган. Шунга қарамай, аттракцион ишлайверган, биров мушугини пишт демаган. Ўзи бизда шунақа. Қайсидир уй йиқилгандан кейин бу уй хавфсизлик талабларига жавоб берилмай қурилган бўлиб чиқади, ери ўзбошимчалик билан эгалланган бўлади, рухсатномаси бўлмайди. Лекин одамлар кириб яшайверади. Қачонки, одамлар ҳаёти хавф остида қолгандан кейин уйнинг эгалари огоҳлантирилган бўлиб чиқади. 

Энди гапнинг энг қизиғига келдик. Аттракцион бўйича ўрганиш ўтказган ўша ишчи гуруҳ томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган ҳамда аттракциондан фойдаланиш тақиқланганмиш. Тақиқланган бўлса нега ишлаяпти? Ишлаётган бўлса нега тақиқланяпти? Нима шаҳар бедарвозами? Ҳолбуки, бунча масъул идоралар туриб, улар текширув ўтказиб, тадбиркор билганини қиларкан, сиз нимага кераксиз бизга, жаноблар? 

Охирида берилган хулосага кўра, аттракционга жавобгар шахс томонидан кундалик техник назорат амалга оширилмаган. Нима? Мен тушунмаяпманми ё сиз тушунтириб беролмаяпсизми? Баёнот аввалида аттракционга жавобгар шахс белгиланмагани иддао қилинганд, охирида эса жавобгар шахс кундалик текширув ўтказмагани айтиляпти. Сизларга иссиқ қаттиқ таъсир қиляпти чоғи. Бир гапда туринглар, бу аттракционга жавобгар шахс борми ё йўқми? 

Хуллас, айтилишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ота-она ва уларнинг фарзандлари эса тирик. Аҳволини кўзимиз билан кўрмадик, улар билан мулоқот қилиш имкони ҳам бўлмади. Аммо Ички ишлар уларнинг саломатлиги жойида эканини айтмоқда. 

Фароғонада 17 яшар қиз аттракциондан ағанади

Фарғонанинг Риштон туманида ҳам вояга етмаган қиз аттракциондан йиқилиб, тан жароҳати олгани маълум бўлди. Ҳолат жорий йилнинг 23 март куни содир бўлган бўлсада, жорий ҳафтага келиб иси чиқди, уни яширишнинг имкони бўлмади. 

2005 йилда туғилган вояга етмаган қиз боғдаги “Қароқчилар кемаси” номли аттракционда учаётиб, эҳтиётсизлик сабабли ундан тушиб кетган. Оқибатда тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига олиб келинган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида Риштон тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва қизнинг олган тан жароҳати бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Қиз шифохонада даволанмоқда. Вилоят Ички ишлар бошқармаси унинг аҳволи яхшиланаётганини айтиб чиққан эди ҳамки, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси қизнинг аҳволи оғирлиги, у жонлантириш бўлимига олинганини билдирди. Хўш, кимга ишонайлик? 

Баёнотда айтилишича, 17 ёшли қиз  аттракционнинг маҳкамланган ҳимоя занжирини ўз қўли билан бўшатиб юбориши сабабли ерга қулаб тушган. Аммо гап қизнинг ҳаракатида ҳам эмас. Инспекциянинг аниқлашича, “Қароқчилар кемаси” аттракциони қўлбола усулда ясалган бўлиб, 2022 йил июлда боғга ўзбошимчалик билан ўрнатилган. Кўряпсизми? Иккинчи ҳолатда ҳам инсон ҳаётига дахл қилинмагунигача йўл қовуштириб ўтирилган. Сиз жойига чиқиб, атраккционлар ҳолатини ўрганишингиз учун одамлар ўлиши, бир умрга мажруҳ бўлиб қолиши шартми, жаноблар? Энди бу баёнотингиздан кимга нима наф? 

Айни вақтда ҳолат бўйича Риштон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.

6 яшар қизни зўрлаган эркакнин жазо муддати узайтирилди

2022 йилнинг ёзида Тошкентда катта ёшли эркак олти ёшар қизга тегажоғлик қилган, ноябрда эса жамоатчилик бундан хабар топганди. Айбланувчи биринчи инстанция суди томонидан 10 йил муддатга қамалган эди. Прокурорнинг апелляция протестидан сўнг суд жазо муддатини 15 йилга узайтирди.

Ўтган йилнинг 22 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди 1975 йилда туғилган жиноятчини Жиноят кодексининг 25, 119-моддалари (Жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда мажбуран қондириш) билан жиноят содир этганликда айбдор деб топган ва у 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.

Жорий йилнинг 9 январь куни Юнусобод тумани прокурори Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига апелляция аризаси юборган. 

Олий суднинг маълум қилишича, 2023 йил 16 февраль куни Тошкент шаҳар суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанцияси Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокурорининг кўрсатилган мурожаати асосида ушбу ишни кўриб чиққан. Натижада айбдорга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил 22 декабрдаги ҳукми бекор қилинган. У Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Таъкидланишича, биринчи инстанция ҳукмида жиноят содир этишга суиқасд (яъни тугалланган жиноят эмас, балки уни содир этишга суиқасд) назарда тутилган 25-модда орқали айблов илгари сурилган. Бироқ прокурорнинг шикоятидан сўнг, келтирилган важларга мувофиқ, апелляция суди бу суиқасд эмас, балки тугалланган жиноят, деб топиб, қонунда белгиланган тартибда жазони кучайтирган.

Путиннинг хавотирли қарори

Ҳафта давомида Россия Президенти Владимир Путиннинг яна бир хавфли қарори дунё диққат марказида турди. У тактик ядро қуролини Беларусга жойлаштирмоқчи. 

Путин мазкур ҳаракат ядровий қуролларни тарқатмаслик ваъдаларини бузмаслигини айтган бўлсада, бу Россиянинг 13 ой аввал Украинага бостириб кириши бошланганидан бери энг яққол ядровий сигналларидан бири бўлди.

Дунёнинг бошқа бир ядровий қудрати бўлган Америка Қўшма Штатлари эса Путиннинг баёнотига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиб, Москва ядро қуролидан фойдаланишни режалаштираётгани ҳақида ҳеч қандай аломат йўқлигини эълон қилди. 

Путин эса ўз режаларини АҚШнинг Европада ўз қуролларини жойлаштиришига ўхшатди ва Россия назоратни Беларусга ўтказмаслигини билдирди. Аммо бу 1990 йилларнинг ўрталаридан бери биринчи марта Россия бундай қуролларни мамлакат ташқарисига жойлаштиришидир.

Путиннинг айтишича, бу худди Қўшма Штатлар ўз тактик ядро қуролларини иттифоқдош давлатлари ҳудудига жойлаштирган. Москва ҳам ядро қуролини тарқатмаслик бўйича халқаро мажбуриятларини бузмасдан худди шундай йўл тутмоқчи.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Россия Федерациясининг Беларусь ҳудудида тактик ядровий қуролларни жойлаштириш қароридан хавотир билдирди, боиси бу ҳаракат ядровий қуролларнинг тарқалишига ҳисса қўшади. 

Путиннинг мақсадини очиқлаган ҳужжат

Россия ва Путиндан узоқлашмаймиз. Федерация Ғарбга душман эмас ва ўзини ундан ажратиб қўйиш нияти йўқ. АҚШни эса ўзи ва дунё хавфсизлиги учун асосий таҳдид деб билади. Бу ҳақда Федерация Президенти Владимир Путин томонидан имзоланган Россия ташқи сиёсатининг янги Концепциясида сўз борган. 

Концепцияда айтилишича, Москва Ғарбга нисбатан душманчилик ниятларига эга эмас. Қарама-қаршилик бефойдалигини англаб етиш ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликка қайтишга ишонади. АҚШ курсини эса ўз хавфсизлиги ва халқаро тинчлик учун хавфларнинг асосий манбаи деб билади.

Россиянинг асосий устувор режалари АҚШ ва дунёнинг бошқа дўстона бўлмаган давлатлари ҳукмронлиги қолдиқларини йўқ қилишга қаратилади.

Хитой ва Ҳиндистон билан алоқаларни чуқурлаштириш ва мувофиқлаштириш алоҳида аҳамиятга эга.

Концепцияга ишонилса, Россиянинг XXI асрдаги флагман лойиҳаси – бу Евроосиёни ягона тинчлик, барқарорлик, ўзаро ишонч, тараққиёт ва фаровонлик маконига айлантириш.

Гуманитар сиёсатнинг устувор йўналишлари русофобия кампаниясига қарши туриш, рус тилини, рус маданиятини, спортини, рус православ черковини ҳимоя қилиш, тарихий ҳақиқат учун курашиш. Лекин айнан қайси ҳақиқат учунлиги, бу ҳақиқатга собиқ Совет Иттифоқини тиклаш мақсадлари кирадими ё йўқ, буниси коса тагида нима косалигича қолган. 

Россия ўзига ва (ёки) иттифоқдошларига қарши қуролли ҳужумни қайтариш ва олдини олиш учун қуролли кучлардан фойдаланиши мумкин. Аммо кўриб турибсизки, Россияга нисбатан қуролли ҳужум қилинмади, аксинча, Россия қуроллари Украинани нишонга олди. Бугун уруш Россия ҳудудида эмас, Украина тупроқларида бўлаётгани ҳам айнан шундай далолат беради. 

Путиннинг сўзларига кўра, янгиланган Концепция давлатнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги амалий ҳаракатларининг асосини ташкил этади.

Россия ташқи сиёсат Концепциясини охирги марта 2016 йилда ўзгартирган эди. 2022 йил январь ойи охирида Ташқи ишлар вазирлиги халқаро майдондаги ўзгаришларни ҳисобга олиши керак бўлган янги ҳужжат лойиҳасини яратди. 

Қорақалпоғистон Республикасими ё "вилояти"?

28 март куни “Ёшлар” телеканали орқали эфирга узатилган “Биз томонларда” кўрсатувида Қорақалпоғистон Республикаси номи “Қорақалпоқ вилояти” тарзида намойиш этилди. Ушбу ҳолат юзасидан телеканал жамоаси узр сўраб чиқди.

Келтирилишича, ҳозирда ушбу хатоликка йўл қўйганларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Армияси хавфли кенгаяётган Афғонистон

Тугаётган ҳафтада қўшни Афғонистондаги “Толибон” Муваққат ҳукумати  Қуролли кучлари сонини 200 минг кишига етказиш режасини эълон қилди. 

“Келгуси йил ҳарбий хизматчилар сонини 150 мингдан 170 мингга оширишга ва аста-секин 200 мингга  етказишга қарор қилдик”, дейди “Толибон” армияси бош штаби бошлиғи Фасиҳуддин Фитрат.

2021 йил август ойи ўрталарида Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилган пайтда “Толибон” аскарлари сони 100 минг кишига етган эди. 2022 йил февраль ойида эса толиблар ўз Қуролли кучлари сонини 150 минг кишига етказиш ниятида эканини маълум қилганди.

“Global Firepower Index” лойиҳасига кўра, Ўзбекистон армиясида 50 минг, Қозоғистонда 132 минг, Туркманистонда 22 минг, Тожикистонда 9 минг ва Қирғизистонда 11 минг ҳарбий хизматчи бор. Демак, “Толибон” армиясининг сони аллақачон Марказий Осиё мамлакатлари армиясиникидан каттароқдир.

Оғирлашиб бораётган қарз чангали

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тугаётган ҳафтада очиқлашича, Ўзбекистон давлат қарзи 2022 йилда рекорд даражага етиб, 29,2 млрд долларни ташкил қилган. 

Маълум қилинишича, ўтган йилнинг тўртинчи чорагида давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,3 фоизга ортиб, 36,4 фоизга етган. 

2022 йилнинг охирги чорагида давлат қарзи 2021 йил билан солиштирилганда 2,9 млрд долларга, учинчи чоракка нисбатан эса 3,1 млрд долларга ошган. 

Ўзбекистонда давлат қарзи 2022 йилда 2017 йилга нисбатан 17,6 млрд долларга кўпайган.

Ошаётган ойлик, ошаётган жарималар

Тугаётган ҳафтада Ўзбекистонда Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 7 фоизга оширилмоқда. Фақат пенсия ва нафақаларнинг ошиш муддатини 1 апрелдан бўлса, иш ҳақининг ошиши 1 майдан деб белгиланган. 

1 майдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 000 сўм этиб белгиланди.

Аммо доимгидек одамлар маоши ошганини танида ҳис қилмасидан, қўлига ошган маошини олмасидан нархларнинг кўтарилиши бошланди. Масалан жорий йилнинг 1 майидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарнинг миқдори оширилмоқда. 

Бу жорий йилнинг 1 апрелидан базавий ҳисоблаш миқдори ортиши билан амалга оширилади. Сабаби жарималар базавий ҳисоблаш миқдори билан белгиланган.

Масалан оддий камар тақмаслик учун аввал 150 минг сўм жарима тўлаган бўлсангиз, энди унинг қиймати 165 минг сўмни ташкил қиляпти. Ёки светафорнинг қизил чироғида ҳаракатланишга 600 минг, телефонда гаплашганлик учун 900 минг жарима тўлаган бўлсангиз, эндиликда бу миқдор мос равишда 660 минг ва 990 минг этиб белгиланган. Хуллас, бугунгача тўлаб юрган жарималарингизни 10 фоиз қимматроқ ҳисоблашни ўрганаверинг. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳафта таҳлили ойлик ва нарх

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг