Ғазодаги зулм ва мазлум, Ўзбекистонда қолиб кетган Путин, нархи ошаётган суғурта – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
01 Июнь
9632Бу қиз фаластинлик. У чамаси 4-5 ёшда ва Ғазодаги Камол Адван шифохонасидан қочяпти. Исроил армияси унинг уйига бомба ташлади. Қиз, унинг онаси ва бошидан жароҳатланган синглиси шифохонага ҳам ҳужум қилишларидан, ўлиб кетишларидан қўрқиб қочяпти. Улар яҳудий давлатининг нафратидан, ваҳший ҳужумидан, шафқатсизлигидан қочяпти. Улар қўл қовуштириб турган дунёдан қочяпти. Улар ҳуқуқ, эркинлик деб, бонг ураётганларнинг қулоқни қоматга келтирадиган овозларидан қочяпти. Қизнинг қўлига қаранг, тутгани сизу бизнинг боламиз каби ўйинчоқ эмас, синглисининг бўтқаси ва таглиги. Бунинг номи нима, биласизми? Бу Ғазодаги болалик.
Бу ҳафта Ғазода қурбон бўлган болалар сони 16 мингга етди. Бундан чиқди, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 6-моддасидаги асосий шарт яшаш ҳар бир боланинг ажралмас ҳуқуқи экани ҳақидаги гап лофми? Ёки бу модда фақат Ғарб мамлакатларидаги болаларга тегишлими? Бошқа болаларнинг, ҳатто, яшашга ҳам ҳаққи йўқми?
“Ҳамманинг кўзи Рафаҳда”
Рафаҳ Ғазо секторида Миср билан чегарадош шаҳар. Ғазода Исроилнинг даҳшатли ҳужумлари бошланганида Рафаҳ хавфсиз ҳудуд деб эълон қилинганди. 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолисидан 1,9 миллиони уй-жойини тарк этган. Кўчирилганларнинг аксарияти Рафаҳга йўл олган. Аммо сурбетларча Фаластинни эгаллаб олаётган, миллионлаб одамларнинг қонини тўкишга чоғланган Исроил бу сафар чорасиз қочоқларга ҳам ачинмади, Рафаҳ шимоли-ғарбидаги Тал ас-Султон ҳудудидаги чодир лагерига ҳужум қилди. Оқибатда 45 фаластинлик ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар кўп.
Тал ас-Султон ҳудудига ҳужум Жабалия ва Нусейрат қочқинлар лагерлари ҳамда Ғазо шаҳрининг бомбардимон қилиниши билан бир вақтда содир бўлди. 24 соат ичида камида 160 киши ҳалок бўлди.
Бу воқеадан кейин ижтимоий тармоқларда “Ҳамманинг кўзи Рафаҳда” челленжи бошлади. Дунёнинг турли бурчакларидаги минглаб фойдаланувчилар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва АҚШ Президенти Жозеф Байденнинг қўли қонга ботган суратини бўлишди.
Хўш, Гитлерга тенглаштирилаётган Нетаньяхунинг ўзи Рафаҳга ҳужум ҳақида нима деди? “Шунчаки бахтсиз ҳодиса”. Сиз бу жавобга, Исроилдек давлат адашиб қочоқлар, ночор одамлар устига ракета ташлашига ишонасизми? Бу ҳам етмагандек, у барча мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмаслигини айтди.
Унинг айтишича, Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўриб, можарога алоқадор бўлмаганларга зарар етказмаслик учун ҳаракат қилмоқда. Агар Исроил шунчалик меҳрибон ва шафқатли бўлса, нега уруш бошлангандан бери ўтган 238 кун ичида 36 минг бегуноҳ одамнинг қони тўкилди? Нега 80 мингдан ортиқ киши жароҳат олди? Афсуски, бу саволларга жавоб берадиган одам йўқ.
Номи улуғ БМТнинг Бош котиби Антониу Гутерриш эса Исроил армиясининг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги чодир лагерига уюштирган ва ўнлаб фаластинликларнинг ҳаётига зомин бўлган зарбасини қоралашдан, зўравонликларни тўхтатишга чақиришдан нарига ўтолмаяпти.
“Мен бу ҳалокатли можарода бошпана излаётган кўп сонли бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига олиб келган Исроилнинг ҳаракатларини қоралайман. Бу даҳшат тўхтатилиши керак”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Жаҳон ташкилоти раҳбари Ғазода бирорта ҳам хавфсиз жой қолмаганини қўшимча қилган.
Бунга жавобан, Колумбия Президенти Густаво Петро БМТни Ғазо секторига тинчликпарвар кучларни юбориш учун аниқ чора кўришга чақирди. У Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Исроилни қораловчи ва Фаластинни қўллаб-қувватловчи хабарларни чоп этди. Хусусан, Президент 28 май куни эълон қилган постида Исроилнинг Рафаҳдаги “оммавий қотилликлари” давом этаётганига эътибор қаратган.
Куба Президенти Мигель Диаз Канель Исроилни Рафаҳда одамларни тириклайин ёқиб юборганликда айблади.
“Рафаҳдаги вайрон қилинган лагерлар инсониятга қарши қилинган энг катта ваҳшийликдир. Геноцид тўхтатилиши учун яна қанча одам ўлиши керак? Куба Исроилни қоралайди ва Фаластин билан бирдамликни кучайтиришга чақиради", дейди Президент.
Америка Қўшма Штатлари маъмурияти эса Рафаҳга ҳужум АҚШ Президенти Жо Байденнинг Исроилга нисбатан қизил чизиғини бузган ёки йўқлигини текширмоқда.
Зарбадан бир неча кун олдин Оқ уй ходимлари Исроилнинг кўп сонли тинч аҳоли қурбонларига йўл қўймаслик учун Рафаҳда ҳарбий операция ўтказиш режаларига сезиларли таъсир кўрсата олганига ишончи комил эди. Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ўтган ҳафта Исроилдаги яҳудий ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари билан бўлажак Рафаҳ операциясини муҳокама қилган. Вашингтон маъмуриятининг кўплаб хавотирлари Исроилнинг Рафаҳ бўйича қайта кўриб чиқилган режаларида ҳисобга олинган. Салливан операцияни қизил чизиқни кесиб ўтмасдан амалга ошириш мумкинлигига ишонган. Рафаҳга зарба бериш Байденга Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига нисбатан сиёсатини ўзгартириш учун сиёсий босимни кучайтириши мумкин.
Жейк Салливан воқеага изоҳ берар экан, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили журналистларга Исроил расмийлари Ғазо секторида тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришга мажбур эканини айтди.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг айтишича, Исроил Рафаҳда қирғин қилаётгани йўқ.
Шу ҳафта Ғазодаги воқеаларга нисбатан энг кескин баёнот Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғандан бўлди.
“Сизда одамийликдан асар қолмадими? Сизда виждон йўқми? Сизда раҳм-шафқат йўқми? Сизда ҳеч қандай қиймат, чегара, ҳад ва ҳудуд йўқми? Сиз инсониятга шунчалик душманмисиз? Қалбингизда заррача ҳам меҳр йўқми? Қасам ичаманки, ер юзидаги ҳеч бир дин бу ваҳшийликни қонунийлаштира олмайди. Ҳеч бир эътиқод, ҳеч бир мафкура, қанчалик бузуқ бўлмасин, бегуноҳ гўдакнинг бошини юлиб ташлашни ёки бегуноҳ фуқароларни ўз чодирларида куйдириб ўлдиришни оқламайди, оқлай олмайди”, дейди Эрдўған.
Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, Ғазодаги геноцид Европада демократия, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, аёллар ва болалар ҳуқуқлари нобуд бўлаётганининг намунасидир. Бундан буён ҳеч бир европалик чиқиб, демократия, инсон ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида такаббурлик, бармоқ ишораси билан ҳомийлик тимсолида гапирмасин. Чунки Исроил Ғазода инсониятни ўлдирмоқда.
“Бутун дунё бемор, маньяк, руҳий хаста Нетаньяху деган қон тўкувчи вампирнинг ваҳшийлигига томошабин бўлиб турибди ва улар буни жонли эфирда кўрмоқда. Эй, Америка давлати! Бу қон сизнинг ҳам қўлингизда. Сиз ҳеч бўлмаганда Исроил каби бу геноцид учун жавобгарсиз. Эй, Европа давлат ва ҳукумат раҳбарлари! Сиз ҳам Исроилнинг геноциди, ваҳшийлиги ва вампиризмида иштирок этгансиз. Чунки сиз сукут сақладингиз”, дейди Туркия раҳбари.
Эрдўғаннинг куюниб айтишича, Исроил Ғазода геноцидни давом эттирар, халқаро ҳуқуқни писанд қилмас ва бошқалар бунга томошабин бўлишда давом этаркан, яҳудий давлатининг босқини фақат Ғазо билан якун топмайди. Аксинча, ҳозир ва бундан буён ҳеч бир давлат ўзини хавфсиз санамаслиги керак. Айниқса, Туркия.
“Эй, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти! XXI асрда жонли эфирда бутун инсоният томоша қилаётган геноцидни тўхтата олмасангиз, сиз нима ишга ярайсиз? Агар дунё келажаги беш давлатнинг ихтиёрига қўйилган бўлса, бунча маблағ сарфлаб, шунча одамни иш билан таъминлаган ўша улкан биноларнинг нима кераги бор? Бирлашган Миллатлар Ташкилоти геноцидни тўхтатиш у ёқда турсин, ҳатто ўз ходимларини ёки ёрдам гуруҳини ҳимоя қила олмади. Ғазода нафақат инсоният, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам ўз руҳи билан бирга ҳалок бўлди.
Шу ердан Ислом оламига бир неча сўз айтмоқчиман: умумий қарор қабул қилиш учун нимани кутяпсиз? Таъсир ўтказиш учун яна нималар бўлиши керак? Ғазо кўчаларида шаҳидларнинг жасадларини итлар емоқда. Исроиллик террорчилар мусулмонларнинг уйларига кириб, уларнинг ётоқхонасидан суратларни бўлишмоқда. Мусулмон болалар шифохонада ўлдирилмоқда. Чақалоқларнинг боши олинмоқда. Одамларни чодирларда ёқиб юборишмоқда. Буларни қачон кўрасиз? Қачон муносабат билдирасиз? Қачон йиғилиб, қатъий позицияни эгаллайсиз? Ислом ҳамкорлик ташкилоти қачон бу ваҳшийликларга қарши самарали, тўхтатувчи сиёсат олиб боради? Ислом олами фаластинлик биродарларининг ҳаққини, ҳуқуқини ва ҳаётини қачон ҳимоя қилади?”, дейди Эрдўған.
Бу мавзуга ҳозирча якун ясаётиб, шу ҳафтадаги яна бир баёнотни эслаб ўтсак. Исроил Миллий Хавфсизлик Кенгаши раҳбари Цахи Ханегби Исроил жамоат радиосига берган интервьюсида Исроилнинг Ғазо секторида даҳшатли босқини йил охиригача давом этиши мумкинлигини айтди. Унинг баёноти ўт очишни тўхтатиш чақириқлари фонида янгради.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса шу ҳафта Молдовага ташрифи чоғида Исроил урушдан кейинги режани “имкон қадар тезроқ” ишлаб чиқиши кераклигини ва бундай режанинг йўқлиги хаосга олиб келиши мумкинлигини билдирди.
Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи
Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон узоқ ва шонли тайёргарликдан сўнг Россия Президенти Владимир Путинни кутиб олди. Бу Путиннинг 2022 йил сентябрдан буён Ўзбекистонга биринчи марта келиши. Путин келгунча шаҳар кўчалари чиннидек ярқиради, Путин юрадиган йўлларга асфальт ётқизилди, йўл белгилари чизилди, белгилардан асфальт бўлмаган йўллар ҳам бебаҳра қолмади. Қурилиши битмаган биноларнинг фасадига уларнинг тайёр ҳоли акс этган клёнка ёпилди, дарахтлар оқланди, гуллар экилди. Шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилди, ҳатто, вилоятлик ҳайдовчилардан Тошкентга келмай туриш сўралди.
26 май куни қуёш ботганда келган Путинни аэропортда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи кутиб олди.
Асосий тадбирлар 27 май куни бўлиб ўтди. Путин “Кўксарой”да тантанали кутиб олинди. Учрашувни тор доирадаги мулоқотдан бошлаган Президентлар ортидан кенгайтирилган таркибда мулоқот қилди.
Унда томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар, ҳудудлар, жамоатчилик, экспертлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олди. Яқин истиқболда савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш режа қилинди.
Путин мамлакат ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун Россия Федерациясида муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солишига ваъда берди. У Ўзбекистон фуқароларидан ўз ватанларига пул ўтказмалари Ўзбекистон иқтисодиёти, мамлакатнинг турли ҳудудларидаги оилалар учун жиддий ёрдам бўлишига умид қилмоқда.
“Россия ҳукумати биз билан ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун барча зарур ишларни қилмоқда ва қилади, биз миграция соҳасидаги барча долзарб масалалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттирамиз”, дейди Россия Президенти.
Путинга кўра, Россия Ўзбекистонга углеводородларни ишончли етказиб берувчи мамлакат ҳисобланади. Россия Федерациясининг нефть ва гази Марказий Осиё республикаси иқтисодиётининг барқарор ишлашига имкон беради.
2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон “Газпром” билан йилига 2,8 миллиард кубометр – кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олиш бўйича икки йиллик шартнома тузганди. 2023 йилнинг декабрь ойида Тошкентнинг илтимосига биноан рус компанияси газ етказиб беришни икки бараварга оширди. Газ Қозоғистон ҳудуди орқали транзит ҳолда “Марказий Осиё – Марказ” қувури орқали етказиб берилади. 2026 йилдан бошлаб Россия газининг Ўзбекистонга транзит ҳажми тўрт бараварга ошиб, йилига 11 миллиард куб метргача етиши кутилмоқда. Шунингдек, ташриф баҳонасида Россиядан Ўзбекистонга электр энергияси экспорти ҳам оширилиши айтилди.
Шунингдек, келишувларга кўра, Москва ва Тошкент рус тилини ўрганиш соҳасида академик алмашинув ва ҳамкорликни фаоллаштириш ниятида. Президентлар ўртасида имзоланган баёнотда айтилишича, Ўзбекистонда рус тили ва рус тилидаги фанларни ўқитиш сифатини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш давом этади. Тошкентда Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиаллари очилади.
Ана энди келдик ташрифнинг асосий хабарига. “Росатом” бош директори Алексей Лихачевнинг ташриф якунида маълум қилишича, Ўзбекистонда шу йил ёзида кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бошланади.
“Росатом” кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича биринчи экспорт шартномасини имзолаш орқали ўзининг инкор этиб бўлмайдиган глобал етакчилигини тасдиқлади ва бу шунчаки дастлабки келишув эмас, биз шу ёзда қурилишни дарҳол бошлаймиз”, дейди Лихачев.
“Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик бўлими ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳузуридаги “АЭС қурилиши дирекцияси” давлат унитар корхонаси ўртасида Ўзбекистонда кам қувватли атом станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланди.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси бўйича қуввати 330 МВт – ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор бўлган атом электр станциясини қуришни назарда тутади. Станция қурилишида “Росатом” бош пудратчи сифатида ишлайди, қурилишда маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этади.
Президентлар ташрифнинг асосий тадбирлари тугагач, “Кўксарой” қароргоҳидаги меҳмонлар хиёбонида кўчат экдилар. Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига бордилар.
Шу куни “Ғалаба боғи”га Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам борди. Ҳа, дарвоқе, у ҳам Путин билан олдинма-кетин Ўзбекистонга келганди. Уни Президент Мирзиёевнинг тўнғич куёви Отабек Умаров аэропортда кутиб олди. Кейин Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашув бўлиб ўтди. Қодиров Президентларнинг тор доирадаги учрашувида ҳам қатнашди. Унинг шарафига дастурхон ёзилди. “Ғалаба боғи”да эса унга Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳамроҳлик қилди.
Путинга келсак, унинг ташрифи аввал бошидан икки кун, 26-27 майда бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Бироқ, Владимир Владимирович Ўзбекистонда яна бир кун қолиб кетди. Кейинроқ унинг ОАВ кўзидан бирдан ғойиб бўлиши сабаблари тушунтирилди. Путиннинг ташрифи уч кунга чўзилган ва у Мирзиёевнинг уйида меҳмон бўлган.
Шу тариқа Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи якунланиб, у ўз юртига жўнаб кетди. Уни аэропортда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. Дарвоқе, Путин кетиш олдидан доимгидек ўзи билан келган журналистлар даврасида бўлди ва Тошкентдан туриб Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг легитимлигига шубҳа билдирди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.
“Бахти Ташкентский” суди бекор қилинди
Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг жиноий шерикларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш 29 май куни Шайхонтоҳур туман судида бошланиши айтилдию, негадир суд бекор қилинди.
Аввалига Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Бахтиёр Қудратуллаев бошчилигида жами 30 дан ортиқ киши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 165-моддаси (товламачилик), шунингдек, бошқа моддалар билан айбланаётганини маълум қилган эди. Бироқ, судга юборилган материалларда Қудратуллаевга қўйилаётган айбловлар анчайин кўп.
Булар – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “г” банди, 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми, 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 1-қисми, 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандлари, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” ва “в” бандлари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари, 3-қисми, 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) 1-қисми, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” ва “б” бандлари, 277-модда (Безорилик) 2-қисми “б” ва “в” бандлари.
Айбланаётганлар орасида Қудратуллаевнинг икки ўғли ва акаси ҳам бор.
Тўнғич ўғил – 1994 йилда туғилган Бекзод Қудратуллаевич Зафаров Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “в” банди, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “в” банди билан айбланмоқда.
Кенжа ўғил – 27 яшар Ихтиёр Қудратуллаев эса Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди, “в” банди билан айбланмоқда.
“Бахти Ташкентский”нинг акаси – 1966 йилда туғилган Шуҳрат Запарович Қудратуллаев Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан айбланмоқда.
Жиноят иши доирасида жами 40 кишига нисбатан очилган иш ҳужжатлари кўриб чиқилади.
Шунингдек, Тошкентда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида қўлга олинган “Бузрук” номи билан танилган Бузрук Акмалович Бузруковга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида кўриб чиқиляпти.
У Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б”банди, 4-қисми “а”банди, 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Суд жараёни 7 май куни бошланган.
Ўзбекистонда транспорт воситаларини мажбурий суғурта қилиш нархи ошди
Ҳайдовчилар диққатига! Instagram’га оид тренд тили билан айтганда, ҳозир мен айтадиган янгиликни яхшилаб эшитиб олиш мумкин, аммо мени сўкиш мумкинмас. Ўзбекистонда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 2019 йилда тасдиқланган суғурта нархи ошиши кутилмоқда.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг тушунтиришича, суғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқишга иккита сабаб бор.
Биринчиси, сўнгги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонларини ўз вақтида тўланмаётгани ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани бўйича транспорт воситалари эгаларининг мурожаатлари сони ортиб бормоқда.
Иккинчиси, таҳлилларга асосан 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмагани сабабли турли хил йўллар билан тўловлар кечиктириб келинмоқда.
Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 млн сўм суғурта суммаси йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолган.
Агентликнинг жон куйдириб айтишича, республикада белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти ҳозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлар билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади.
Хўш, сиз нима дейсиз, суғуртанинг нархи ошиши керакми?
24 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилди
Наманган вилояти Поп туманида жойлашган 6-сонли Жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаб келган 24 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилди. Гарчи ҳодиса жорий йилнинг 23 май куни содир бўлган бўлса-да, то бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқ орқали хабар бермагунча, ҳуқуқ-тартибот органлари воқеанинг исини чиқармай ўтирди.
Ташановга кўра, марҳумнинг онаси ўғлининг танасида қийноқ излари борлиги, у 11 май куни уйига қўнғироқ қилиб, қамоқхонада унга азоб беришаётгани ҳақида айтганини очиқлаган. Қолган оила аъзолари ҳам марҳумнинг ўз жонига қасд қилишига ишонмаган.
Ушбу хабардан кейин Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати ҳолат назоратга олинганини айтиб чиқди. Менда эса бошқа савол туғиляпти: воқеа 23 май куни содир бўлди. Хўш, Омбудсман нега бу ҳақда бонг урмади? Нега бир ҳафта, Ташанов бу ҳақида ижтимоий тармоқда гапириб чиқмагунича сукут сақланди? Қамоқхонадаги ўлим ҳолати омбудсмандан яширилдими ё омбудсман буни жамоатчиликдан яширдими?
Бош прокуратура эса мурдани кўздан кечириш давомида бўйин соҳасида странгуляцион эгатдан ташқари бошқа тан жароҳатлари аниқланмаганини билдирди. Айни вақтда Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Прокуратуранинг баёнотидан кўп ўтмай, Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ўрганиш натижалари эълон қилинди. Унда айтилишича, марҳум колония ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудидаги ғишт ишлаб чиқариш цехи ҳудудининг орқа тарафидаги темир устунга полиэтилен ип ёрдамида ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган.
Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг Самарқанд вилоятида яшовчи оила аъзолари, жумладан, ота-онаси ва унинг турмуш ўртоғи билан суҳбатлашган. Улар хабарларда тарқалган кўрсатмаларини тасдиқлаган.
Марҳум Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш билан судланган.
Россия “Толибон”ни тан олмоқчи
Тугаётган ҳафтада Россия Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари мамлакат Президентига “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълумот киритди.
“Толибон”ни тан олишдан олдин уни тақиқланган рўйхатдан олиб ташлаш шарт. Бусиз тан олиш ҳақида гапиришга эрта бўлади. Шунинг учун бу масалани ўрганиш давом этмоқда. Барча мулоҳазалар Россия олий раҳбариятига тақдим этилган. Қарор қабул қилинишини кутмоқдамиз”, дейди ТИВ Осиё бўйича департаменти директори Замир Қобулов.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, “Толибон” ҳаракатини Россияда тақиқланган террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш ташаббуси унинг Афғонистонда ҳақиқий кучга эга эканлиги билан боғлиқ. Бу ҳақда
“Улар ҳақиқий кучдир. Афғонистон бизга бефарқ эмас. Бу эса, айниқса, Марказий Осиёдаги иттифоқчиларимизга бефарқ эмас. Демак, бу жараён воқеликни англашни акс эттиради”, дейди Лавров.
Путин эса Россия “Толибон” ҳаракатини тан олиш масаласида Марказий Осиёдаги ҳамкорларининг фикрини инобатга олишини айтди. У бу ҳақда Тошкентда ўтказган матбуот анжуманида сўз очган. У “Толибон” ҳаракати билан алоқаларни йўлга қўйиш зарурлигини айтаркан, айни вақтда толиблар Афғонистонни назорат қилаётганини алоҳида урғулади.
“Афғонистонда муаммолар бор, уларни инкор этиб бўлмайди, улар ҳаммага яхши маълум. Ҳозирги ҳукумат билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш масаласи – алоҳида савол. Лекин биз уни қандайдир йўл билан қуришимиз керак, улар мамлакатни, унинг ҳудудини бошқараётган одамлар, улар бугун Афғонистонда ҳокимият тепасида”, дейди Путин.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2003 йилда “Толибон”ни террорчи ташкилот деб тан олган. Ўша йили Россия “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритган эди. Бироқ, экспертларнинг фикрича, аслида, Хавфсизлик Кенгашида бундай рўйхат йўқ – фақат ташкилотнинг муайян санкциялари остида бўлган одамлар ва гуруҳлар бор, холос.
БМТ Россияга жавобан, “Толибон” ҳаракати томонидан қурилган амалдаги ҳукуматга нисбатан аввалги йўналишга амал қилишини, мамлакатнинг амалдаги раҳбарияти билан алоқада бўлишини айтиб чиқди.
“Биз Афғонистон масаласида аввалги йўлда давом этамиз, яъни де-факто афғон ҳукумати расмийлари билан улар каби ўзаро алоқадамиз. Биз, шунингдек, афғон халқига кўпроқ инсонпарварлик ёрдамини талаб қилишда давом этамиз”, дейилади Ташкилот баёнотида.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг айтишича, Қўшма Штатлар эса “Толибон”ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олиш ниятида эмас. Унинг айтишича, Россиянинг “Толибон”ни тан олиши бошқаларга ёмон сигнал беради.
АҚШнинг қарашларига кўра, “Толибон” ҳокимиятга келганида бажаришга ваъда берган ҳеч бир мажбуриятни бажармади. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқи, матбуот ва сўз эркинлиги доимий равишда топталмоқда. “Толибон” халқаро ҳамжамиятга берган ваъдаларининг устидан чиқмаган.
АҚШ Марказий Осиё давлатларига босим ўтказмоқда – Путин
Путин Тошкентдаги матбуот анжуманида кўплаб месежлар берди. Унинг айтишича, Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ Марказий Осиё давлатларига босим ўтказмоқда, уларни тиз чўктиришга ҳаракат қилмоқда.
“Марказий Осиё минтақасига ҳам босим ўтказилганини биламиз. Аммо мен ҳали ҳамма тиз чўкиб, чет элдан келган ҳар қандай буйруқни кўр-кўрона бажаришга тайёрлигини кўрмаяпман”, дейди Путин.
Шу билан бирга, Россия Президенти америкаликлар ва европаликлар Россия Федерациясининг минтақадаги ҳамкорларига зарар етказадиган маълум ҳаракатларни содир этишларини тан олди.
Унинг қайд этишича, Қўшма Штатлар алданган ноҳукумат ташкилотларидан фойдаланиб, заиф мамлакатлар аҳолисининг онгини манипуляция қилмоқда. Ҳукумат кучли бўлган мамлакатларда чет элдан келган дағдағаларга парво қилинмайди.
“Албатта, давлатлар заиф ва ўзларига ишончлари йўқ. Айниқса, Американинг қўлидан озиқланадиган ўнлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлган мамлакатларда маҳаллий аҳоли онгини манипуляция қилиш, амалдаги ҳокимиятга босим ўтказиш осонроқ”, дейди Россия Президенти.
Путин сўзида давом этаркан, нега Ўзбекистонга қизиқиб қолгани, у билан боғлиқ манфаатларига ҳам тўхталган. Унинг билдиришича, Ўзбекистон ўзининг ривожланиш суръати ва сиёсий барқарорлиги билан Россия сармояси учун қизиқиш уйғотади. У Ўзбекистон олдидаги географик муаммоларни ечишга ёрдам бериши мумкинлигини қайд этган.
“Ўзбекистоннинг муаммолари борки, бу унинг денгизга, океанга чиқиш имконияти йўқлигидадир. Биз ҳам минтақадаги бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистондаги дўстларимизга ушбу логистика муаммосини ҳал қилишда ёрдам бериш учун чоралар кўришимиз мумкин”, дейди у.
Путинга кўра, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши барча учун ўзаро манфаатли бўлиши мумкин, аммо бу Тошкентнинг суверен танлови бўлиши керак. Унинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишидан нафақат ташкилот, балки мамлакатнинг ўзи ҳам фойда кўради.
“Агар Ўзбекистондек иқтисод қўшилса, ташкилот бундан фақат фойда кўради, деб ўйлайман. Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам фойда керак. Иштирок этиш ёки қатнашмаслик ҳар қандай суверен давлатнинг танловидир”, дейди Россия раҳбари.
Путин Ўзбекистонга сафарини якунлаб, ортига қайтиши биланоқ унинг Олтой ўлкасидаги Онгудай туманида жойлашган қароргоҳидаги бинолардан бири деярли бутунлай ёниб кетди.
Маҳаллий блогерларнинг ёзишича, тураржой ҳудудида тўсилган ўрмон майдонлари бўлган фермер хўжалиги ва наслдор буғу боқиш фермаси мавжуд. Путин бу ҳайвонларнинг шохлари экстракти билан ванна қабул қилиши айтилади. “Проект” нашрининг ёзишича, процедура юрак-қон томир тизимининг фаолиятини яхшилайди ва терини ёшартиради.
LiveБарчаси