Давлатга 60 млрд зарар келтирган Қаршининг собиқ ҳокими уй қамоғига олинди

3-саҳифа

image

Давлат манфаатларига 60 млрд сўмдан зиёд зарар етказишда гумонланаётган Қарши шаҳар собиқ ҳокими Жамшид Фозиловга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси танланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.

Аниқланишича, Ж.Фозилов 2016 йил 09 июль кунидан 2019 йил 26 октябрь кунига қадар Қарши шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келиши давомида ҳокимлик ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш доимий комиссия аъзолари, шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари У.Авазов, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти Ш.Бухаров, шаҳар бош архитектори Ш.Бўронов, Давлат кадастрлари палатаси Қарши шаҳар филиали бошлиғи М.Хушов ва бошқалар билан Қарши шаҳри ҳудудидаги ер майдонлари ва бошқа инфратузилма объектларини ноқонуний равишда сохта ҳужжатлар асосида бериш ҳақида олдиндан жиноий тил бириктирган.

Шу тариқа 2018-2019 йиллар давомида 54 та ҳолатда умумий қиймати 60 млрд. 512 млн. бўлган жами 463.212,13 м.кв. ер участкаларини жиноий гуруҳ аъзолари томонидан ўз кучини йўқотган Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки қарор қабул қилишда асос бўлмаган бошқа сохта маълумот ва ёзувлар киритиб тайёрланган далолатномаларга асосан, аукцион савдолари ўтказмасдан, ноқонуний ер ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш орқали талон-торож қилинишига сабабчи бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 20.10.2022 йилдаги ажримига кўра, ЖПКнинг 242-2-моддасига асосан вилоят прокуратураси томонидан  киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суднинг мазкур ажримига нисбатан Қарши шаҳар прокурори томонидан вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилган.

“Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг якуний тўхтамидан кейин жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилади”, дейилади прокуратура баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

347

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг