Давлат ташкилотлари ходимларининг карантинда навбатчилик қилиши қонунийми?
Жамият
−
15 Апрель 2020
5744Шу кунларда Ўзбекистонда коронавирус COVID-19 инфекцияси тарқалиши сабабли кучайтирилган карантин қоидалари амал қилмоқда. Аммо бир неча давлат ташкилоти ходимлари бу вақтда ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бундай вазиятларда иш вақтидан ташқари навбатчилик йўлга қўйилиш ҳолатлари ҳам учраб туриши мумкин. Хўш, бу қанчалик қонуний?
Карантин вақтида давлат ташкилотларида ишчилар график асосида навбатчиликка қўйилиши мумкин эмас, бу жавобгарлик келтириб чиқаради. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлими бошлиғи Адиба Нуриддинова маълум қилди.
“Бу ўша ташкилотнинг соҳаси, унда кўзда тутилган иш режими, бугунги шароитига боғлиқ.
Агар ташкилотнинг локал ҳужжатларида ёки ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлса, Меҳнат кодексига асосан иш берувчи ишчиларни график асосида навбатчиликка, яъни иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этишга, шунингдек, ўзининг хизмат вазифасига кирмайдиган ишларни бажаришга мажбур қилса, жавобгарликка тортилади”, дейди масъул шахс.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 115-моддасига биноан, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.