Давлат боғчаларида “Ягона мавсумий таомнома” жорий этилади
Жамият
−
10 Январь
3292Давлат боғчаларида соғлом овқатлантириш тартиби такомиллаштирилади. Бу ҳақда “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотлари босқичма-босқич аутсорсинг усулида овқатлантириш тизимига ўтказилади. Шунингдек, “Ягона мавсумий таомнома” жорий этилади ҳамда озиқ-овқат харажатларининг ҳисоби “Болалар боғчаси” мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритилади.
Қолаверса, ушбу қарорда давлат боғларида тарбияланувчиларни “Ягона мавсумий таомнома” асосида республика ҳудудлари кесимида бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш харажатини белгилаш орқали овқатлантириш ҳам кўзда тутилган.
Қўшимча қилинишича, таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази ташкил этилади.
Шунингдек, давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни мувофиқлаштириш ҳамда жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш Марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Қайд этилишича, қарор билан “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.
Унга кўра, давлат боғчалари тарбияланувчиларнинг соғлом, хавфсиз ва сифатли овқатланишини таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 июлгача “Ягона мавсумий таомнома” жорий этади, ушбу санагача соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат боғчаларида тадбиркорлар билан белгиланган тартибда шартномалар тузилиши ва аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш йўлга қўйилиши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилдан бошлаб боғча ходимлари ва болаларнинг давоматини шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали назоратга олишни йўлга қўйиш учун болалар боғчаларини планшетлар ва бошқа ускуналар билан таъминлаш мақсадида давлат бюджетидан камида 50 миллиард сўм ажратилиши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси