Мексикадаги “Жон” тўфони 22 кишининг ҳаётига зомин бўлди
Олам
−
29 Сентябрь
2126Мексиканинг жануби-ғарбий қисмида бир ҳафтадан бери Тинч океани соҳилларида давом этаётган “Жон” тўфони оқибатида 22 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Сув остида қолган уйлардан аҳоли эвакуация қилинмоқда. Мексиканинг энг қашшоқ штатларидан бири бўлган Геррерода 18 киши ҳалок бўлган. Кўчкилар кўпчилик уйларни вайрон қилган. Жанубда маҳаллий оммавий ахборот воситалари Оахакада учта ўлим ҳақида хабар берган бўлса, шимолда Мичоакан штатида бир бола дарёда ҳалок бўлган.
“Жон” Геррерога тушишдан олдин бўрон анча кучайган. Ҳафта давомида тўфон қирғоқ бўйлаб сирғалиб, кучли ёмғир ва сув тошқинини келтирган.
Сув босган ҳудудларни қайиқ ва сурфинг спорти тахталари билан эвакуация қилаётган аҳоли ҳукуматга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Чунки 2023 йилдаги даҳшатли бўрондан ўзини тиклаётган шаҳар бир йилдан камроқ вақт ичида иккинчи фалокатга дуч келди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида “Отис” тўфони Акапулкога 5-тоифали бўрон сифатида зарба бериб, қирғоқ яқинида тезда кучайиб, 50 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва миллиардлаб доллар зарар келтирди. Аммо “Жон” тўфони пайтида ёғадиган ёғингарчилик миқдори “Отис” тўфонидан деярли уч баравар кўп эди.
Метеорологларнинг таъкидлашича, океан ҳароратининг ошиши довулларнинг шиддатини кучайтирмоқда, бу эса улар тезроқ кучайишига имкон беради ва қирғоқ бўйидаги жамоаларга уларнинг таъсирига тайёргарлик кўриш учун вақт топилмай қолиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Хайнань орол-провинциясига (Жанубий Хитой) “Яги” тўфони келиб урилиши оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлди, 92 киши турли даражада жароҳат олди. Сўнгра “Яги” тўфони Вьетнамга ҳам етиб борди. 20 дан ортиқ қурбон бўлди.