COVID-19 Ўзбекистон иқтисодига нисбатан паст зарар келтиряпти – эксперт

Жамият 5998
image

COVID-19 пандемияси даври билан боғлиқ иқтисодий инқироз натижасида Ўзбекистон иқтисодиётининг пасайиши бошқа давлатларникига нисбатан сезиларли даражада кам бўлган. Бу ҳақда “Renaissance Capital” таҳлилий агентлигининг Россия ва МДҲ бўйича иқтисодчиси София Донец ёзмоқда. У Ўзбекистон қаторига Қозоғистонни ҳам киритган.

Экспертнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон ва Қозоғистон инқирознинг жиддий оқибатларини ҳис қилган, аммо бу йил ушбу мамлакатларда иқтисодий инқироз, умуман олганда, дунёнинг кўплаб ривожланган ва ривожланаётган иқтисодиётларига қараганда анча паст бўлиши мумкин.

“Қозоғистон ва Ўзбекистон учун пандемиянинг ва у келтириб чиқарган карантин чораларининг таъсири паст бўлишига тизимли ўзига хосликлар сабаб бўлди. Булар қаторига истеъмол хизматлари (масалан, туристик) ёки карантинга чидамсиз бўлган кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ҳиссаси нисбатан пастлиги, давлат секторида бандликнинг юқорилиги ва яхши саноат потенциали киради”, деган Донец.

Бундан ташқари, у мана шу давлатлар 2020 йилга яхши формада келгани, ялпи ички маҳсулот 4 фоиздан кўпроқ ўсгани ва давлат қарзи паст даражада эканини ҳамда бюджет маблағлари барқарорлаштирилганини қўшимча қилди.

“Бу ўз навбатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш учун имкон яратди”, дейди Донец.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам биринчи марта карантин юмшатгач, касаллик ортиб кетди. Бу қатъий карантин чораларини қайтаришга мажбур қилди.

“Бироқ ҳозирги вазиятда биз касаллик тарқалиши “пик”дан ўтган деб ҳисоблаймиз. Бу фақатгина чекловлар амал қилгани учунгина эмас, балки аҳолининг маълум қисми касални бошдан ўтказиб бўлгани ҳисобига юз берди. Шундан сўнг, кўплаб давлатларда вазият барқарорлашди. Биз йил охиригача иқтисодий фаоллик бир текисда ривожланишини кутяпмиз”, дейди у.

Натижада Ўзбекистон 2020 йилни иқтисодий пасайишсиз (1 фоиз атрофидаги ўсиш билан), Қозоғистон эса озгина пасайиш билан (2,2 фоиз) якунлаши мумкин.

“Бизнинг фикримизча, ўрта муддатли истиқболда икки давлат ҳам барқарор демография, ислоҳотларнинг мувозанатли дастури ҳамда алоҳида тармоқ ва бозорларни жадал ўсишини таъминлаш учун яхши потенциалга эга. Ушбу мамлакатларнинг инвесторлар учун жозибадорлиги  барқарор солиқ сиёсати, ташқи позиция ва мустаҳкам молия тизимини яратишга ёрдам беради”, деган Донец.

Аввалроқ, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ раҳбари Сума Чакрабарти Озарбайжоннинг “Trend” нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон иқтисоди жуда яхши ривожланаётганини ва бу йилига 5-6 фоизни ташкил этаётганини айтиб ўтганди.

Чакрабартининг таъкидлашича, Жаҳон банкининг "Иш юритиш қулайлиги" сўнгги ҳисоботида,  Ўзбекистон охирги ўн икки ой ичида ишбилармонлик муҳити энг яхшиланган йигирма мамлакат қаторига киритилган.

 
Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 102
Рейтинг: 2.9
t
×