COVID-19 га қарши курашда Ўзбекистонга кўмаклашиш учун Германиядан 10 нафар шифокор келяпти

Жамият 3125
image

Бугун, 21 август куни Германиянинг жамоат соғлиғини сақлашдаги энг нуфузли ташкилоти саналган Роберт Кох институти бошчилигида ташкил этилган делегация“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг махсус чартер рейси билан Франкфурт-Майн шаҳридан Тошкентга учиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур 10 кишилик делегация таркиби Роберт Кох институтининг етакчи эксперт ва мутахассислари, Франкфурт-Майн ва Дюссельдорф университетлари клиникаларининг юқори малакали врачлари, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси вакилларидан ташкил топган.

Германиялик мутахассислар ташриф давомида Республика коронавирусга қарши кураш штаби масъуллари билан биргаликда бугунги кунда COVID-19 га қарши курашдаги вазиятни таҳлил этиб, тегишли тавсиялар тақдим этишлари, шунингдек айрим вилоятлардаги шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, корновирусни аниқлаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда ўз тажрибалари билан ўзбек ҳамкасбларига амалий кўмак беришлари кўзда тутилган.

Делегацияга Роберт Кох институти Халқаро соғлиқни сақлаш маркази директори ўринбосари, Халқаро соғлиқни сақлаш ахборот маркази раҳбари доктор Андреас Янсен раҳбарлик қиляпти.

Аввалроқ, Россиядан 40 нафарга яқин шифокорлар коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун Ўзбекистонга келганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 48
Рейтинг: 3.2
t
×