Чусовитина фаолиятини қачон тугатишини маълум қилди
Спорт
−
27 Октябрь 2019
5076Спорт гимнастикаси бўйича 1992 йилги Олимпиада чемпиони, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Оксана Чусовитина Олимпиада 2020 да медаль ютишни мақсад қилган. Шу билан бирга, 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада 44 ёшли спортчининг фаолиятидаги сўнгги мусобақа бўлади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Бу менинг сўнгги Олимпиадам бўлади, мен катта спортни тарк этаман, фаол спортчи бўлмайман, лекин спортда қоламан. Мен Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантиришга ёрдам бераман ва қўлимдан келган барча ишни қиламан, бундан кейин ҳам спортда яшашда давом этаман”, деди спортчи.
Чусовитина Токиодаги ўйинларда қатнашиш режаларини октябрь бошида маълум қилган эди. 2020 йилги Олимпиада унинг фаолиятидаги саккизинчиси бўлади. Мусобақа вақтида гимнастикачи 45 ёшда бўлади.
“Мен танланганимадан (таҳр. Олипиада йўлланмасини қўлга киритганимадан) хурсандман. Жаҳон чемпионати руҳан оғир бўлди, айниқса, иккинчи сакрашда хато қилганимдан кейин кайфиятим тушиб кетди. Бироқ давом эттириш ва Олимпиадага чиқиш керак эди. Мен уддалаганимдан мамнунман. Мен шунчаки иштирок этишни хоҳламаяпман, ҳозир қийин сакрашларга тайёрланяпман, Олимпиадага медаль учун бораман”, деди Чусовитина.
Маълумот учун Токиода ўтадиган Олимпия ўйинлари 2020 йилнинг 24 июлидан 9 августига ўтказилади.
2016 йилда Чусовитина спорт гимнастикаси тарихида еттита Олимпиадада қатнашган ягона спортчи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Рио-де-Жанейрода ўтган Олимпиадада у тарихдаги энг ёши улуғ гимнастикачи бўлганди.
Чусовитина уч карра жаҳон ва Европа чемпиони ҳисобланади. Фаолияти давомида у Совет иттифоқи, Германия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари сафида иштирок этган. Чусовитина 1992 йилги Олимпиадада дебют қилган ва собиқ иттифоқ давлатларининг бирлашган жамоаси сафида олтин медални қўлга киритган.