Чодирқиётдаги чодирлар. Қалбида нафрат унган халқни Зулфияни шеъри ҳам тарбиялолмайди

Жамият

image

Болалагимда катталарнинг фалончи ватанлик бўлибди, шунга ҳовли тўйидан келяпман деган гапларини бир неча бор эшитганман. Ўшанда нега энди ватанлик деяпти, ахир Ватан ҳамма учун биттаку, шуни уйли бўпти деса бўладику, деган ўй-фикрлар мурғак онгимдан ўтганми-йўқми бунисини эслолмайман.

Бугун шуни аниқ айтаоламанки, Ватан бу — менинг уйим.

Тўғри, Ватан кенг маънодаги тушунча бўлиб, ўзимиз умргузаронлик юртга нисбатан қўлланилади. Бироқ юртнинг ичидаги кичик Ватан бу бизнинг уйимиз.

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда фақат битта мавзу кенг муҳокама қилиняпти. Бу “снос” мавзуси. Ҳар сафар снос ҳақида ўқиганимда эса...

Биринчи манзара. 2011 йилнинг айни баҳорида қариндошим Самарқандда одамларнинг уйлари бузилаётгани, уларнинг аксарияти бу кўргуликларга дош беролмай ўз жонига қасд қилгани ҳақида куйиниб гапирди.

Эҳ, афсус, одамларнинг жонию миллионлаб маблағи, меҳнати увол бўпти-да дейишдан нарига ўтолмадик. Бугун ҳам жараён мамлакатнинг турли шаҳару қишлоқларида давом этяпти. Энг қизиғи “снос”дан кейин қайта тикланган ҳамма жойни ҳам олдингидан анча яхши бўлди деёлмаймиз. Соя-салқин бериб турган дарахтлар кесилиб, уларнинг ўрнига иссиққа нисбатан чидамсиз ва “инжиқ” арчалар экилди, аксарият жойларда эса туппа тузук хиёбонлар биёбонга айланди. Халқнинг меҳнати билан экилган манзарали дарахтларнинг тақдири осонликча ҳал қилинди. Кимнингдир мебель фабрикаси ёки ўтинфурушларга яхши нархда пулланди.

Энди гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш орқали пул ишлаш аниқроғи ювиш айрим амалдорлар учун “бизнес”га айланди. Мана масалан кимнингдир катта маблағи эвазига қурилган иморати ёки корхонаси учун арзимаган компенсация пули берилиб, яйдоқ даладан ер бериш, бузилган иморат ўрнидаги ерни қоғозда заҳирага олиб, кейин бир-икки ой ичида уни яхшигина пуллаш, ернинг олдинги эгасининг уйимнинг пойдеворига ҳам етмайди берган пулингиз, деб ҳақини талаб қилишига эса ички ишлар, прокуратура ҳамда ёки бошқа куч ишлатар тузилмаларни юбориб, кўнсанг, кўндинг, кўнмасанг ўзинг биласан, агар қаршилик кўрсатсанг қамоқда чиритиб юбораман, мана шу пулга рози бўласан, деб пўписа қилиши ҳам вақт синовидан ўтган “тажриба” бўлди.

Тажриба-ки, ҳокимман деган аксар каслар учун ўзини оқлади. Ахир куч ишлатар тузилмалар билан ҳоким дегани қаршилик қилиб турар экан, Атрофингда ҳокимдан-да қудратли одамни кўрмас экансан киши. Додингни эса кимга айтишни билмайсан.

Пахта тозалаш заводидан бошқа бирон-бир йирик корхонаси йўқ Навоийнинг Хатирчи туманидаги марказий кўча 2011 йилги “снос”дан кейинги ўтган 8 йилдан бери ҳанузгача тўлиқ тиклангани йўқ. Чунки, бузилишгача бўлган даврда бу ерда одамлар уй-жойларини яхшилашга қизиқиб, бир-биридан кўркам иморатлар қуриб яшаб келаётган эди. Афсуски, “снос” деганлари нафақат бир маҳалла аҳлининг шу билан бирга бутун бошли туман марказида яшаётган аҳолининг уй-жойини яхшилашга бўлган орзу-ҳавасини, ҳаракатини чилпарчин қилди. Ҳозир ҳам уларни битта ҳадик таъқиб қилади: Уйим бузилмасмикан?

Иккинчи манзара. Кейинги кунларда Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида ҳоким ўринбосарининг устидан бензин қуйиб ёқиб юборган тадбиркор тўғрисида кўп ва хўп эшитдик. Муҳокама қилдик. Биримиз амалдорни, бошқа бировимиз тадбиркорнинг ёнини олдик. Тўғрида, фикр ҳаммада ҳар хил. Ўйлаб қоламан...

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришган даврдан бошлаб, халқни, одамларни рози қилиш ҳақида куюнчаклик билан гапиради. У адолат, адолат, адолат дейди. Битта иш ўрни яратган тадбиркорни бошимда кўтаришга тайёрман дегани ҳам айни ҳақиқат. Бироқ тадбиркорга нисбатан Президентнинг жойлардаги вакиллари ҳар доим адолат билан иш юритяптими?

Мен ҳоким ўринбосарига бензин сепиб, ўт қуйган тадбиркорни тушунаман. У банкдан кредит олиб қурган биносида ҳарна 2-3 киши ишларкан. Кредитниям осонликча олмагандир, бу гапни бежиз айтаётганим йўқ. Буёғи бошқа мавзу.

Хўш, амалдорчи, экскаватор кабинасига ўтира солиб, ичида одамлар ишлаётган бинони бузишга киришди. Ахир унга бу ҳуқуқни ким берган? Агар ҳокимнинг ўринбосари деганлари ишини давом эттирганда бино ичидаги одамларнинг тирик чиқишига кафолат борми-ди? Бу каби саволлар очиқ қолмаслиги шарт.

Учинчи манзара. Шу йилнинг май-июнь ойларида Хоразмнинг маъмурий маркази Урганчнинг Ашхобод маҳалласидаги ерлар давлат эҳтиёжи учун қайтарилиши муносабати билан бу ердаги уйларни бузиш ва одамларни кўчириш ишлари бошланди. 400га яқин хонадонда яшовчи аҳолининг уй-жойлари бузилгач, уларга Урганч туманидаги Чондирқиёт қишлоғидан ер ажратиб берилган ва тўлиқ кўчирилди. Бироқ, кўчириб юборилган хонадон эгаларининг ҳаммаси ҳам компенсация пули қисман бўлса-да берилмаслиги оқибатида аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида катта можаро келиб чиққан. Ҳозирда кўчирилганларнинг аксарияти Чондирқиётдаги чодирларда кун кечиряпти.

Аҳолининг норозилик ортидан ўтказган бу намойиши ҳақида нафақат маҳаллий оммавий ахборот воситалари шу билан бирга хорижий ОАВлар ҳам бонг урди. Умуман “снос”лар ҳақида хабарлар тарқатишни хориж сайтлари бошлаганига анча бўлди. Бугун хорижда йирик сармоядорларни жалб этиш орқали ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш, бу орқали одамларни ишли қилишни мақсад қилган ва дунё ҳамжамиятида ўзининг янги имиджини яратаётган Ўзбекистон учун бу шармандали вазият эмасми?

Яқингача пахта далаларидаги мажбурий меҳнат сабаб, бутун дунёга ёмонотлиқ бўлган, хорижлик инвесторлар келишга ҳайиққан мамлакатда кейинги йилларда ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Бироқ “снос” каби бир қатор қусурлар борки, эзгулик ва адолат йўлида қилинган барча ишларни чиппакка чиқараётгани айни ҳақиқат.

Шу ўринда кичик бир мулоҳаза: айтишларича, Африкадаги айрим давлатларда ҳаво ҳарорати йил давомида 37-40 даража иссиқ бўларкан. Бироқ қора қитъанинг намчил иссиқ ҳарорати ва Марказий Осиёнинг қумликлари бағрида ястаниб ётган Ўзбекистоннинг қуруқ ёзги иссиғи неча даража бўлишини ва бундай иқлим шароитида далада яшашнинг азоблигини билиш қийин эмас. Бугунги хабарга қараганда (27 июль куни тонгги соат 8:00 да) Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрмонов Чондирқиётга етиб келган ва шу ернинг ўзида ишчи гуруҳи тузиб, аҳоли вакиллари билан музокара ўтказиб, муаммоларнинг ечимини топишга ваъда берибди. Вилоят раҳбарининг ваъдаси тўлиғича бажариладими ёки йўқ, буёғини вақт деган олий ҳакам кўрсатади.

Қонунлар ишлаши керак. Бир ҳафтача аввал депутат Клара Жумамуратова “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасига алоҳида моддалар киритилаётгани, “снос”лар қайси пайт ва ҳолатларда, қандай мезонларга кўра амалга оширилиши аниқ ва қатъий белгилаб қўйилиши, бунда — энг аввало фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш”, деган эди.

Шунингдек, депутат опамиз янги қонун қабул қилингач, Уй-жой кодекси ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга “снос” масаласини тартибга солувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилишини маълум қилганди. Ким билсин, янги қонун кучга кирса, 3-4 марталаб бузилиб қурилаётган, бозорлар, ҳиёбонлар ёинки, обод қилиш баҳонасида миллионлаб маблағ ювилиши барҳам топар?

Бош қомусимизнинг 36-моддасининг бошида Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли, деган жумла бор. Бу умум эътироф этган қоидалардан бири ҳамдир. Қолаверса, жамиятимизда мулкдорлар синфини шакллантиришга анча йиллардан бери катта эътибор қаратиб келяпмиз. Чунончи, кейинги 3 йилда жараён анчайин тезлашди. Бироқ, хусусий мулкка ҳар нени баҳона қилиб даҳл қилиш, ёки ҳар бир ҳоким алишганда такрорий бузилиб қурилишлар тўхтаб, бундан жабр кўраётганлар сони камаётгани йўқ.

Одамларни рози қилмасдан олиб борилаётган бузилишлар қачондир барҳам топар, бироқ, ўз уйини ватани деб биладиган миллатнинг қалбидаги изтироблар бора-бора ҳокимиятга, мамлакатга бўлган ишончсизликнинг пайдо бўлишига, кейинчалик бу дард газак олиб нафратга айланса, уни қандай тўхтатиш мумкин?

Шуниси аниқки, бу нафратга тўлган халқни Зулфиянинг шеъри ёки Жума маърузаси ёҳуд китоб ўқитиб ҳам тарбия қилолмаймиз

Битта нарсани аниқ биламизки, давлат ажратаётган маблағни асоссиз “снос”ларга эмас, мақсадли қурилишларга масалан ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишга сарфласак, одамларимизни ишли қилсак мақсадга эришган бўламиз.

Шунда интернетда қайсидир мамлакатда Ўзбекистоннинг фалонча фуқароси ҳалок бўлди, деган мазмундаги хабарлар ҳам барҳам топармиди?


Мақола муаллифи

Теглар

снос

Баҳолаганлар

163

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг