Чилонзорда ИИБ ходими ва тадбиркор ўртасида тортишув бўлди

Таҳлил 10686
image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор туманида қурилиши бошланиш арафасида турган янги кўп қаватли уй-жой биноси бўйича қурувчи-тадбиркор ҳамда ички ишлар ходими ўртасидаги баҳсли ҳолат юзага келгани тасвирланган видео тарқалди (https://t.me/davletovuz/16554).

Унда Ички ишлар ходими бир қанча аҳолининг ёнини олиб тадбиркорни ўраб олинган ва дарахтлар экилган ҳудудда қурилиш ишларини олиб боришига қарши чиққан.

“Сизнинг уйингиз олдида ҳам биров уй қурса ёқадими?” деган ички ишлар ходими видеода.

Унинг гапларини эса маҳаллий аҳоли қўллаб-қувватлаган. Воқеа акс этган видеони кўриб, кўплаб кузатувчилар ИИО ходимининг бу ишини ёқлаган ва халқнинг манфаатларини ҳимоя қилганини олишлаган.

“Шундай Ички ишлар ходимлари кўпаяверсин, шаҳарсозлик нормаларини ўйламасдан, “соққа қилиш” учун иш қилаётганларга энг камида инсоф берсин”, деган кузатувчилардан бири. 

Ишки ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам “агар қурувчининг (тадбиркорнинг) ҳаракатлари фуқароларнинг норозилигига ҳамда жамоат тартибини бузилишига олиб келиши хавфи бўлса, юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш учун профилактика инспектори унинг ҳаракатларини тўхтатиш ва тушунтириш талаб қилиш ҳуқуқига эга” дея ёзиб чиқди.

Бироқ, бу борада Чилонзор туман ҳокимлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги тадбиркорнинг тарафини олиб, унинг хатти-ҳаракатлари қонунга зид эмаслигини айтиб, расмий муносабат билдирди. 

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 9 декабрдаги тегишли қарори билан фуқаро М.Мирхўжаев номига Чилонзор тумани Кўтарма маҳалласи 10-мавзеда жойлашган 1-, 9- ҳамда 39-уйлар оралиғидаги 0,10 га ер майдонида кўп қаватли уй-жой биноси қуриш учун рухсат берилган. Ҳужжатлар йиғма жилдида тегишли давлат идораларининг буйруқларидан кўчирмалар ва баённомалар мавжуд.

“2021 йилнинг 13 ноябрь куни Кўтарма МФЙ раиси ҳамда ҳудудга ёндош 1-, 9-, ва 39-уйларнинг вакиллари иштирокида ўтказилган кенгаш йиғилишида қурувчи ташкилот “АТ Квартал Буилд” МЧЖ директори У.Ҳолиқов томонидан ҳудудда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, нонвойхона ва кексалар гузари қуриб бериш бўйича кафолат хати ёзиб берилган”, дейилади Қурилиш вазирлигининг расмий баёнотида.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, шу йилнинг феврал ойида ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли ўз ташаббуси билан майдонда дарахтлар экишган. 
“Аҳолининг бу борадаги фикрини сўраганимизда эса улар дарахт экиш чоғида мазкур ҳудудда қурилиш бошланишидан бехабар бўлишганини маълум қилишди”, дейилган муносабатда.

Чилонзор вилоят ҳокимлигининг расмий муносабатида эса 2021 йил 20 декабрда ушбу ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилиши учун ҳудудда болалар ва спорт майдончалари, қариялар дам олиш шийпони, автотураргоҳ қуриш шарти билан Маҳалла фуқаролар йиғинининг баённомаси асосида “Кўтарма” маҳалласи ҳудудидаги 1-, 3-  ва 9-уйларда яшовчи фуқаролар розилиги ёзма расмийлаштирилган.

Видеолардаги тасвирлар эса бунинг аксини кўрсатмоқда. Унда аҳоли вакилларининг ўзи ҳам тадбиркорга фаол қаршилик кўрсатган. 

“Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан 2021 йил 19 июлдаги 1726-1726294-24852-сонли Архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган ҳамда Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2022 йил 30 июндаги 47871-сонли хулосаси олинган”, деган Чилонзор тумани ҳокимлиги ўз хабарида.

Мазкур вазият, шунингдек, депутат Расул Кушербаевнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган ва унинг фикрича, Тошкент шаҳрида бу каби берилган ерларнинг қарорлари бекор қилиниши керак.

“ Дарахт кесишга қарши мораторий кучда бўлган вақтда ҳокимият фуқарога қурилиш учун ер бергани айтилмоқда. 
Ер сўраб ариза берса ҳокимият ҳам “ма ол”, деб ер берворибди. Ер тиллога тенг Тошкентда бу эртакка ким ҳам ишонарди”, деган депутат.

Davletovuz эса “кварталлар ичида қурилишлар тўхтатилиши лозим”, дея мазкур ҳолатга фикр билдирган.

Ҳулкар Муртазоева
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 268
Рейтинг: 3.1
t
×