Чиқинди учун аҳолидан асоссиз 9 млрд сўм ундирилгани аниқланди
3-саҳифа
−
02 Декабрь 3464 1 дақиқа
Тошкент вилоятида аҳоли учун маиший чиқинди ташиш хизматлари кўрсатиш жараёнида жиддий қонунбузилишларга йўл қўйилиб, 250 мингга яқин истеъмолчидан жами 8,8 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз тўлов ундирилган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, айрим хонадонлардан чиқиндилар умуман олиб кетилмаган ёки хизматлар тўлиқ кўрсатилмаган бўлса-да, уларга тўловлар ҳисобланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳудудий бошқарма ҳузуридаги Махсус комиссия томонидан “Rahnamo Servis”, “Zero-Waste”, “Zangiota Obodon”, “Angren Bunyod Fayz” ва “Ohangaron Sanitariya Tozalash” МЧЖларига нисбатан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари бузилгани бўйича иш қўзғатилган. Натижада 250 мингга яқин абонентга 8,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Қўмита томонидан корхоналар келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўймаслик учун огоҳлантирилган ва уларга камчиликларни бартараф этиш бўйича расмий кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи автотураргоҳ операторларининг устун музокара кучини эътироф этиш юзасидан тегишли ўрганишлар олиб борилаётганини маълум қилганди.
Live
Барчаси