Чет тилини биладиган давлат хизматчиларига устама бериш тўхтатилди
Жамият
−
05 Январь
85872025 йил 1 январдан бошлаб хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат бошқарув идораларининг барча бўғинлари ходимларига қўшимча устама тўлаш тўхтатилди. Бу ҳақда “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Президент қарорида келтирилган.
Чет тилини биладиган давлат хизматчиларига устама тўлаш 2022 йил 1 январдан бошланган эди. Устама миқдори ходимнинг лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача деб белгиланган эди (ташкилотларнинг бюджетдан ташқари ҳамда иш ҳақи фонди доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан). Орадан 2 йил ўтиб, бу тартиб бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида дарс берувчи она тили ва адабиёти ҳамда тарих фани ўқитувчиларига 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланиши хабар қилинганди. Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида тарих, она тили ва адабиёти фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланиши белгиланган.