Айрим ўқитувчилар маошига устама белгилаш тўғрисидаги низом ўзгартирилади
Жамият
−
24 Сентябрь 2019
11949Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, низомга қуйдаги ўзгартиришлар киритилади:
1. 1-банд учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Давлат тест маркази томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги малака сертификати бўйича С1 даражасига, IELTS (International English Language Testing System) сертификати бўйича 7,0 балл ва ундан юқори баллга, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) (IBT) сертификати бўйича 95 балл ва ундан юқори баллга, Давлат тест маркази ва Британия Кенгаши томонидан ўтказиладиган “APTIS for teachers” тестларидан С даражасига, Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache für ausländische Studienbewerber), GOETНE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplôme approfondi de langue française), DELE (Diplomas de Español como Lengua Extranjera) сертификатлари бўйича С1 даражасига эга бўлган ўқитувчилар мазкур ҳужжатларнинг амал қилиш муддати давомида тест синовидан ўтишлари талаб этилмайди.”;
2. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар бўлимларидан ихтиёрий бири бўйича белгиланган максимал баллнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган ўқитувчининг ёзма иши текширилмайди, ёзма иши текширилмаган ёки ёзиш бўлими бўйича белгиланган максимал баллнинг 60 фоизидан кам балл тўплаган ўқитувчи тест синовининг 2-босқичига қўйилмайди;”
3. 30-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Тест синовларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар бўлимларининг ҳар биридан белгиланган максимал баллнинг камида 50 фоизини, гапириш ва ёзиш бўлимларининг ҳар биридан белгиланган максимал баллнинг камида 60 фоизини тўплаган ўқитувчилар тест синовларидан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланади.
иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Ўқитувчининг Давлат тест маркази томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги малака сертификати бўйича С1 даражасига, IELTS (International English Language Testing System) сертификати бўйича 7,0 балл ва ундан юқори баллга, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) (IBT) сертификати бўйича 95 балл ва ундан юқори баллга, Давлат тест маркази ва Британия Кенгаши томонидан ўтказиладиган “APTIS for teachers” тестларидан С даражасига, Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache für ausländische Studienbewerber), GOETНE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplôme approfondi de langue française), DELE (Diplomas de Español como Lengua Extranjera) сертификатлари бўйича С1 даражасига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжати Чет тилидан малака ва уни билиш даражаси бўйича тест синовидан ўтганлик ҳақида маълумотнома ўрнида қабул қилинади.”
Қайд этилишича, мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган.