“Челси” ёки “Манчестер Сити”. ЕЧЛ финалида қайси жамоа устунликка эга?

Спорт

image

Европанинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган Европа Чемпионлар лигасининг 2020-2021 йилги мавсум финал ўйини белгиланган кунга ҳам оз фурсат қолмоқда. Англиянинг икки кучли жамоаси “Челси” ва “Манчестер Сити” финал ўйинида ўзаро ҳисоб-китоб қилишади. Бу учрашувда қайси жамоанинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда, Қисқа вақтда “Челси”ни ўзгартира олган Томас Тухель бу гал ҳам “Манчестер Сити” устози Хосеп Гвардиолани доғда қолдира оладими? Келинг, яқин 5 дақиқа футбол ишқибозлари интизорлик билан кутаётган финал ўйини ҳақида сўз юритамиз.

Финални ким бошқаради?

Аввало, финал баҳсини бошқарадиган ҳакамлар билан танишиб чиқсак. Европа Чемпионлар лигаси 2020-2021 мавсумининг финал ўйнига испаниялик ҳакамлар жамоаси тайинланган.

Финал баҳси таниқли ва тажрибали Антонио Матео Лаосга ишониб топширилган. Унга Пау Себриан Девис ҳамда Роберто дел Паломар ёрдам беришади. Тўртинчи ҳакам сифатида Карлос дел Серро Гранде танланган. VAR учун масъул — Алехандро Хосе Эрнандес.

Нима учун биринчи навбатда ҳакамларга тўхталяпмиз? Чунки, кўпгина ҳал қилувчи ўйинларда ҳакамлар ўзларининг “ғалати қарорлари” билан “қаҳрамонга” айланиб қолишади. Лекин испаниялик ҳакам Матео Лаос ушбу мавсум Чемпионлар лигаси ҳамда Европа Лигаси доирасида 6 та учрашувга ҳакамлик қилган ва 41 та сариқ карточка кўрсатиб, қувонарлиси қизил карточкани чўнтагидан чиқармаган. Лаос қаттиқ қўл ҳакамлар тоифасидан эмас, ўйинни яхши назорат қилади. Лаос финал учрашуви учун муносиб ҳакам. Агарда шубҳалансангиз Чемпионлар лигаси чорак финалидаги “Бавария” ва ПСЖ жамоалари ўртасидаги дастлабки учрашувни эслаш кифоя.

“Манчестер Сити”

Пеп Гвардиола “Манчестер Сити”даги фаолиятининг бешинчи йилида жамоани Чемпионлар лигаси финалига олиб чиқди ва клуб тарихига кирди. Финал ўйинида “Манчестер Сити” қандай устунликка эга?

“Манчестер Сити” жамоаси Чемпионлар лигасининг ушбу мавсумида ҳали бирор маротаба мағлуб бўлмади. 12 та ўйинда 11 та ғалаба ва битта дурранг қайд этилди.

Пеп Гвардиоланинг шахсий натижасига эътибор қаратсак, у мураббий сифатида 12 маротаба финалга чиқиб, фақатгина бир маротаба мағлуб бўлган.

Албатта, статистик маълумотлар, финал ўйини олдидан “Манчестер Сити”га устунлик тақдим этади. Лекин шуни унутмаслик керак: “Финалда фаворит бўлмайди!”

“Челси”

“Челси” жамоасининг финалгача етиб келишига кўпчилик ишонмаганди. Чунки “Челси” Фрэнк Лэмпард бошчилигида мавсум стартини яхши бошлаган эди. Бироқ йил охирига келиб жамоа кетма-кет мағлубиятга учради. Клуб натижаларидан кўнгли тўлмаган миллиардер Роман Абрамович Фрэнк Лэмпардни истеъфога чиқариб, жамоага Томас Тухелни олиб келди. Тухель “Челси” бош мураббийи бўлганидан сўнг, жамоа ўйин услубини анчайин такомиллаштирди, ҳимоядаги камчиликларни бартараф этди. Бу мавсумда “Челси” жамоаси Англия чемпионатида “Манчестер Сити”дан сўнг, энг кам гол ўтказган жамоа бўлди. Ҳатто “Челси” Тухель қўл остида Гвардиоланинг “Сити”сини икки маротаба мағлубиятга учратди. Бу натижалар “Челси”га бироз бўлса-да устунлик бериши мумкин. Лекин юқорида таъкидлаганимздек, “Финалда фаворит бўлмайди!”

“Афсунгар Мерлин” (Тухель) ва Мегамия (Гвардиола)

Сарлавҳа, албатта, ҳазил. Чемпионлар лигаси финали фақатгина “Челси” ва “Манчестер Сити” ўртасидаги учрашув эмас, балки икки энг зўр гроссмейстер (мураббийлар) ўртасидаги дуэль ҳамдир. Нега гроссмейстер атамасини Тухель ва Гвардиолага нисбатан ишлатяпмиз, чунки бу иккиси ҳам “тактик мураббий”лар тоифасига киради. Рақибни синчиковлик билан ўрганишади, тактикани майда деталларигача эътибор бериб, ўйин олиб боришади. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар икки жамоа ҳам ўзларининг ёрқин ўйинлари эвазига финалгача етиб келишди. Умид қиламизки, финалда ҳам шундай ёрқин ўйин гувоҳига айланамиз.

Эслатиб ўтамиз Европа Чемпионлар лигаси финал учрашуви жорий йилнинг 29 май куни Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.

Сардор Али Нурматов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Манчестер Сити ЕЧЛ “Челси

Баҳолаганлар

163

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг