Чехияда ўзбекистонликлардан иборат жиноий гуруҳ қўлга тушди (видео)
World
−
09 July 12262 4 minutes
Чехияда солиқ тўлашдан қочган 10 кишидан иборат жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Қўлга олинган 10 кишидан 8 нафари ўзбекистонлик экани айтилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Чехия полицияси баёнот берди.
Қайд этилишича, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш миллий маркази криминал полиция ва тергов хизмати (NCOZ) детективлари, Бош божхона бошқармасининг Пльзень қидирув бўлими ҳамда Бош солиқ бошқармасининг Солиқ маъмуриятчилигида таваккалчиликларни бошқариш секцияси ходимлари ҳамкорликдаги ишчи гуруҳ (яъни “Солиқ кобраси” — Daňová Kobra) доирасида рақамли транспорт платформалари орқали такси хизмати ва шартномавий йўловчи ташиш соҳасидаги уюшган солиқ жиноятчилигига қарши қаратилган кенг қамровли тезкор тадбирни амалга оширган.
Жиноят кодексининг 361-моддаси 1-қисми (уюшган жиноий гуруҳда иштирок этиш) ва 240-моддаси 1- ва 3-қисмлари (солиқ, йиғим ва шу каби мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) бўйича қўзғатилган ўта оғир жиноят иши доирасида, ушбу жиноий соҳада фаолият юритган иккита гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноий таъқиб бошланган. Мазкур икки гуруҳ таркибида жами 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ва 2 нафар Чехия фуқароси қўлга олинган.
Божхона хизмати томонидан ўтказилган текширув ва ундан кейинги тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, уюшган гуруҳ 2022 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда такси хизматларини кўрсатувчи рақамли платформалар орқали шартномавий йўловчи ташиш соҳасида фаолият юритувчи тижорат компаниялари тармоғини ташкил этган ва бошқарган. Ушбу тузилмадан мақсад тизимли равишда солиқ мажбуриятларини тўлашдан бўйин товлаш ва рақобатчиларга нисбатан ноқонуний иқтисодий устунликка эга бўлиш бўлган.
Божхоначилар, полициячилар ва солиқ хизмати ходимлари ўзаро боғлиқ бўлган ўнлаб компаниялардан иборат кенг кўламли тадбиркорлик тузилмаси фаолиятини ҳужжатлаштирган. Терговчиларнинг аниқлашича, айбланувчилар устав органларида сохта (соядаги) шахслардан фойдаланган, янги компаниялар тузган, улар ўртасида транспорт воситалари ва пул маблағларини ўтказган ҳамда кўрсатилган транспорт хизматлари учун тўловларни қабул қилишга мўлжалланган банк ҳисоб рақамларини мақсадли равишда тез-тез ўзгартириб турган.
Текширилаётган субъектлар рақамли транспорт платформалари орқали юзлаб миллион крон қийматидаги иқтисодий фаолиятни амалга оширган. Бироқ ҳозирги аниқланган маълумотларга кўра, ушбу даромадларнинг сезиларли қисми бухгалтерия ҳисобида ҳам, солиқ декларацияларида ҳам тўғри кўрсатилмаган. Ушбу ҳаракатлар натижасида Чехия Республикасига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича юзлаб миллион крон миқдорида зарар етказилган. Хусусан, Чехияда 2023 йилдан буён фаолият юритиб келаётган гуруҳлардан бири 70 миллион чех кронаси (ҳатто ундан кўп) миқдорида зарар етказган. Чехия ҳудудида 2022 йилдан бери фаолият юритиб келаётган иккинчи гуруҳ эса кўрсатилган давр ичида 230 миллион кронга яқин зарар келтирган.
Тергов, шунингдек, гуруҳ аъзолари ўртасида роллар аниқ тақсимланганини кўрсатмоқда. Айрим шахслар компанияларни бошқариш, ҳайдовчиларни ёллаш ва ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишни таъминлаган бўлса, бошқалари бухгалтерия хизмати, банк ҳисоб рақамларини бошқариш, янги фирмаларни ташкил этиш ва бутун тузилманинг ишлаши билан боғлиқ маъмурий ишлар учун масъул бўлган.
Ушбу ҳолат NCOZ’нинг Бош божхона бошқармаси, Бош солиқ бошқармаси ва Молиявий таҳлил бошқармаси (FAÚ) билан узоқ муддатли ҳамкорлиги натижасидир. Терговчилар биргаликда жуда катта ҳажмдаги бухгалтерия, банк ва солиқ ҳужжатларини, тижорат реестрлари маълумотларини ва бошқа далилий материалларни таҳлил қилган. Ҳамкорликда қисман Европол ҳам иштирок этган.
Бу уюшган иқтисодий жиноятчиликнинг хавфли шакли бўлиб, унда жиноий ҳаракатларни содир этиш учун ўнлаб тижорат компаниялари ва пул маблағларини ўтказишнинг мураккаб тизимларидан фойдаланилган. Мазкур ҳолат жиноий фаолиятнинг юқори даражада уюштирилгани ва узоқ муддатли режалаштирилганидан далолат беради.
Жиноят иши доирасида уйларда ва бошқа биноларда тинтув ишлари ўтказилган. Электрон маълумот ташувчи воситалар, бухгалтерия ҳужжатлари ва жиноят иши учун муҳим бўлган бошқа далилий материаллар олиб қўйилган. Бундан ташқари, 6 миллион крондан ортиқ нақд пул, банк ҳисоб рақамларидаги 8 миллион крон ва бир нечта енгил автомобиллар хатланган.
Айбланувчиларнинг етти нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Суднинг қонуний ҳукми чиққан тақдирда, айбланувчи жисмоний шахсларга 13 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин. Ишни Прага Олий прокуратураси назорат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзини мафия аъзоларидек тутишга уриниб, АҚШнинг шимоли-шарқий қисмидаги омборхоналардан 4,5 миллион долларлик қимматбаҳо пишлоқлар, сигареталар ва бошқа товарларни ўғирлаган бир гуруҳ ўзбекистонликлар қўлга олинганди.
Live
All