Чехия Соғлиқни сақлаш вазири истеъфога чиқди
Олам
−
21 Сентябрь 2020
3839Чехия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтех бугун, 21 сентябрь куни истеъфога чиқишини эълон қилди. У Прагадаги брифингда шундай баёнот билан чиқди.
“Мен истеъфога чиқдим. Мен ўз ишимни имкон қадар яхши бажаришга ҳаракат қилдим. Менга ишониб топширилган ишни сидқидилдан бажардим. Уч йил ичида биз жуда кўп ишларнинг уддасидан чиқдик”, дейди собиқ вазир.
Войтех истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризани Чехия Бош вазири Андрей Бабишга тақдим этди. Ишдан кетаётган сиёсатчи ўз ворисидан республикадаги ёмонлашган эпидемиологик вазиятни енгиш учун яхшироқ имкониятга эга бўлишини кутмоқда.
Чехияда 1 сентабрдан бошлаб коронавирус инфекциясига чалинганлар тез суръатлар билан кўпаймоқда. 17 сентябрь куни юқтирганлар сонининг кунлик ўсиши биринчи марта 3 мингдан ошиб, 3 минг 129 тани ташкил этди. Мутахассислар унинг янада кўпайишини тахмин қилмоқда. Энг қийин эпидемик вазият пойтахт Прагада кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти куз-қиш мавсумида Европада коронавирусга чалинганлар янада ортиши, ўлим сони кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Айни вақтда Чехияда коронавирусга чалинганлар 49 290 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 24 755 нафари соғайган, 503 нафари вафот этган.
LiveБарчаси