Чехия Фарида Қурбонгалеевани Россияга топширишдан бош тортди
Олам
−
23 Май
16105Чехия ҳукумати Россияда унга нисбатан жиноят иши очилган журналист Фарида Қурбонгалеевани экстрадиция қилишдан бош тортди. Бу ҳақда кеча, 22 май куни “Seznam Zprá” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Прагада яшаётган собиқ “Вести” бошловчиси бўлган Қурбонгалеевага нисбатан Россия Бош прокуратураси томонидан юборилган экстрадиция сўрови Чехия пойтахти суди томонидан рад этилган.
Судья Томаш Кубовец суд қарорини эълон қилиб, экстрадициянинг мумкин эмаслиги ҳақида хулоса чиқарилганини билдирган. Фарида Қурбонгалеева соғлиғи туфайли суд мажлисида иштирок этмаган. Уни адвокати ҳимоя қилган.
Маълумот учун, 2024 йил февраль ойида Фарида Қурбонгалеева Facebook саҳифасида Россия Бош прокуратураси Чехия расмийларидан уни топширишни сўраганини маълум қилган. Унга бу ҳақда Чехия полицияси расмий хат юборган.
“Бу мен учун катта шараф, чунки Россия шу тариқа жиноятчи Путин режимига қарши курашдаги ҳиссамни тан олди”, дея изоҳлаган журнаслист бу хабарни.
Унинг айтишича, экстрадиция асослари ҳақида хатда аниқ кўрсатилмаган, бироқ у ўзига нисбатан икки жиноят иши қўзғатилганини тахмин қилган – “терроризмни оқлаш” ва Россия қуролли кучлари ҳақида “сохта маълумотлар тарқатиш”.
2024 йил октябрь ойида Россия расмийлари Фарида Қурбонгалеевани халқаро қидирувга бергани маълум бўлган. РИА Новости хабарига кўра, унга ва “аниқланмаган бошқа шахсларга” қарши жиноят иши 2024 йил 11 майда очилган. Бу иш доирасида у интервью олган “Россия эркинлиги легионининг” кўнгиллиси Алексей Барановский ҳам фигурант сифатида тилга олинган.
Россия Адлия вазирлиги Фарида Қурбонгалеевани 2024 йилда “чет эл агенти” деб эълон қилган. Бундан ташқари, у “террорчилар ва экстремистлар” рўйхатига киритилган ва халқаро қидирувга берилган.
Фарида Қурбонгалеева 2007-2014 йилларда Россия давлат телерадиокомпанияси – ВГТРКнинг “Вести” ахборот дастурида бошловчи бўлган. У 2014 йилда Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишидан сўнг ишдан кетган. 2018 йилдан буён Прагада яшаб, ишлайди. 2018-2021 йилларда “Настоящее время” телеканалида фаолият юритган, ҳозирда эса “Пражский град” (Прага қалъаси) номли Telegram-каналини юритади. Канал ўзини урушга ва Путин режимига қарши эканини очиқ билдиради.
Россия Федерацияси Қурбонгалеевани “миллий адоват ёки душманлик асосида” Россия армияси ҳақида “сохта маълумотлар тарқатиш” ҳамда “терроризмни оқловчи даъватлар” билан айбламоқда.
Москванинг Замоскворечье суди журналистни Россия ҳудудида қўлга олинганидан сўнг ёки Чехиядан депортация қилинган тақдирда икки ойга қамоққа олиш қарорини чиқарган.
LiveБарчаси