Чегара масаласида биронта ҳам келишув имзоламаган Раҳмон ва Жапаров 6 соат нима қилди?

Олам

image

Аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўртасида Душанбедаги “Миллат саройи”да музокаралар 5 соатдан ортиқ давом этаётгани ҳақида хабар бергандик.

Узоқ давом этган ушбу музокаралар тугади ва унинг якуни бўйича икки томон ҳамкорлик тўғрисида янги шартномалар имзолади. Бироқ улар орасида чегарага оид бирорта ҳам ҳужжат йўқ.

Қайд этиш керакки, аввалроқ Қирғизистон Президенти Матбуот хизмати музокаралар вақтида чегара масаласи ҳам муҳокама этилганини маълум қилганди. 

Шундай қилиб, учрашув якунлари бўйича, қуйидагилар имзоланди:

•  Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги билан Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Ижтимоий суғурта ва пенсия агентлиги ўртасида пенсия, ижтимоий суғурта соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

•  Қирғизистон Республикаси Кадрлар хизмати ва Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати агентлиги ўртасида давлат хизмати соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

•  Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳамда Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Ёшлар ва спорт қўмитаси ўртасида ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

•  Қирғизистоннинг “Кабар” Миллий Ахборот Агентлиги ва Тожикистоннинг “Ховар” Миллий Ахборот Агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум.

Учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Имомали Раҳмон бугунги музокараларда асосий эътибор давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласига қаратилганини айтди.

“Биз келгуси даврда тожик-қирғиз давлат чегараси тўғрисидаги аввал келишилган битимни имзолаш масаласини муҳокама қилдик. Ҳужжат лойиҳасига кўра, давлат чегарасининг тахминан 520 километри тасвирланган. Бугунги кунга қадар яна 32 километр иш тартиби бўйича келишиб олинди”, дейди Раҳмон.

Тожикистон Президентининг таъкидлашича, чегара бўйича музокаралар жараёни 2002 йилда бошланган.

“Сўнгги 20 йил ичида, умуман олганда, Қўшма комиссиянинг 180 га яқин йиғилиши ва чегара чизиғини делимитация қилиш бўйича ишчи гуруҳларнинг йиғилишлари ўтказилди. Қийин чегара масаласини ҳал қилишда одимлаш учун биз кун вазифасини бугунги учрашувни қонуний расмийлаштиришда кўрмоқдамиз”, дейди Раҳмон.

Унинг сўзларига кўра, томонлар чегарадаги сўнгги фожиали ҳодисани ҳам муҳокама қилган.

“Жаноб Президент ва мен апрель ойи охирида чегарада содир бўлган фожиали воқеа ҳақида батафсил гаплашдик. Афсуслар бўлсинки, ҳар икки томондан ҳам одамлар ҳалок бўлди ва азоб чекди, аҳолига моддий ва маънавий зарар етказилди, халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик алоқалари жиддий зарар кўрди.

Шунинг учун, аввало, чегараолди ҳудудлар аҳолиси ўртасидаги ишончни қандай тиклаш ҳақида ўйлашимиз керак”, дейди Раҳмон.

Унга кўра, тожик-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ўз ишини тизимли равишда давом эттиради.

Қарийб минг километр умумий чегарага эга бўлган қўшнилар можароси

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғи яқинидаги “Головной” сув олиш жойидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ўртасида тўқнашув содир бўлди. 29 апрелда Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашувга айланди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларида отишмалар 30 апрель ва 1 май кунлари давом этди. 

1 май куни томонлар отишмани тўлиқ тўхтатиш ва чегарадан кучларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишиб олишга муваффақ бўлди. Худди шу куни тожикистонлик ҳарбийлар Қирғизистон ҳудудидан чиқиб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

155

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг