Чашма булоғи тўлиқ Қирғизистон балансига ўтказилди – Ташиев
Жамият
−
04 Июнь 29819 2 дақиқа
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида аввал баҳсли бўлган ҳудуд – Чашма булоғи расман ва тўлиқ Қирғизистон Республикаси балансига ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 26 май куни Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Айдаркен шаҳрига ташрифи давомида аҳоли билан учрашувда сўз очди.
Ташиев булоқнинг сув ресурсларидан аввалгидек ҳар икки давлат томонидан биргаликда фойдаланишини таъкидлади. Маҳаллий аҳолига ҳудудларни делимитация ва алмашиш жараёнлари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Бироқ Ўзбекистон томони бу борада бирорта расмий баёнот эълон қилгани йўқ.
Қайд этиш жоиз, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.
Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.
“Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинган.
Чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов билан учрашганди.
24 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев раислигида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича қўшма йиғилиш бўлиб ўтди ва унда Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларининг ёқалашишига сабаб бўлган “Чашма” булоғидан энди икки томон ҳам биргаликда фойдаланишига келишилди.
Live
Барчаси