Чарм-пойабзал корхоналари учун солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар узайтирилди
Жамият
−
28 Февраль 2022
4360Чарм-пойабзал, мўйначилик соҳаси корхоналари ва чорва молларини сўйиш ҳамда терини қайта ишловчи ташкилотлар учун солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача узайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, 2026 йилгача чарм-пойабзал, жун ва мўйначилик экспорти 2,8 бараварга кўпайтирилади.
Туман (шаҳар)ларда терини қайта ишлашга ҳамда тайёр чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил қилинади.
Кичик саноат зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун 2022-2023 йилларда 90 млрд сўм маблағ ажратилади.
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун банкларга 60 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияси очилади.
Банклар тадбиркорларга янги ускуна ва технологияларни олиш учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатгача 5 фоиз ставкада кредитлар ажратади.
Қарорга кўра, чарм-пойабзал, мўйначилик соҳаси корхоналари ва чорва молларини сўйиш ва терини қайта ишловчи ташкилотлар учун солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача узайтирилди.
2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача қуйидагилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз ундирилади:
• ялпи тушумда болалар, аёллар ва спорт пойабзаллари, сунъий (эко) чарм, фурнитура, пойабзал қолиплари ва тагликлари тушумнинг камида 60 фоизни ташкил қилган ишлаб чиқарувчилар;
• ялпи тушумининг умумий ҳажмида пойабзаллар, чарм-атторлик маҳсулотлари ва мўйнадан тайёрланган буюмлар экспортидан тушган тушумнинг ҳажми 80 фоизни ташкил қилган ишлаб чиқарувчилар.
LiveБарчаси