Тошкентми ё Чангкент? Пойтахт ҳаво ифлосланиши бўйича нега 1-ўринда?

Жамият

Яқинда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида чанг бўрони кузатилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида ҳавонинг майда қум-чанг зарралари билан ифлосланиш даражаси меъёридан 43 барабар ошиб кетган. Шамолнинг тезлиги 13-17 метр, чўл ҳудудларида эса 20 метр/секундгача етди. Бу эса ҳавонинг хиралашишига ва кўринувчанликнинг 1400 метргача ёмонлашишига сабаб бўлди.

Хўш, қандай ҳодисалар бундай зарарланиш ҳолатига сабаб бўлади ва чанг бўронлари яқин орада яна кузатилиши мумкинми?  QALAMPIR.UZ шундай саволлар билан Ўзгидрометереология марказининг мутахассиси Эркин Абдулаҳатовга юзланди.

“Чанг билан боғлиқ ҳодисалар юзага келишига ҳудудда кўп муддат ёмғир ёғмаслиги ва яшил фитомассанинг камайиши сабаб бўлади. Бу ҳодиса ана шу ҳудудларга нам ҳаво оқимлари кириб келишидан аввал шамол билан юзага келади. Чунки намгарчилик етарли бўлмагани учун ёмғир ёғолмайди. Бунинг натижасида шамол чанг-қум зарраларини юқорига кўтаради. Баҳорда тупроқда намгарчилик юқори бўлгани учун чанг кўтарилмайди. Ёз ойларининг бошланишидан то қишгача чанг бўронларининг кузатилиш эҳтимоли юқори бўлади”, деди "Ўзгидромет" етакчи мутахассиси.

Шунингдек, у Тошкентдаги ҳавонинг ифлосланиши ва бу борадаги рўйҳатда шаҳар 1-ўрингача кўтарилгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, айнан пойтахтда вазиятнинг ёмонлашишига дарахтларнинг, яшилликнинг камаяётганини сабаб сифатида келтирди. Аммо бунинг бошқа сабаблари ҳам йўқ эмас.

“Кўриш масофаси энг қисқарган ҳолат ва энг кучли чанг бўронлари Термизда кузатилди. Кейин Бухорода, ундан сўнг Тошкент ва Жиззах ҳудудларида содир бўлди. Аммо бу кучли чанг бўрони эмас. Аслида чанг бўронлар 3 гуруҳга бўлинади: кучсиз, ўртача ва кучли. Бизда ўртача бўрон кузатилди. Қўшни республикаларда чанг бўрони бундан кучлироқ бўлди. Шунчаки, биз кузатадиган статистикага дунёнинг барча шаҳарлари киритилмаган. Масалан, Қозоғистоннинг Остона шаҳри киритилган бўлса, бошқа йирик шаҳарлари киритилмаган. Шунингдек, Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод шаҳарлари ҳам бу рейтингда йўқ. Дунёдаги аҳолиси бир миллиондан ошиқ пойтахт шаҳарлар киритилган, холос. Шунинг учун Тошкент ҳавоси энг ифлосланган ҳудудлар рўйҳатида биринчи ўринга чиқиб қолди. Агар барча шаҳарлар рўйҳатга киритилганда биз Тошкентни биринчи ўринда кўрмаган бўлар эдик”, деди у.

Шунингдек, Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, республиканинг Бухоро ва Навоий вилоятларида чанг бўронларининг кузатилиши сўнгги йилларда икки баравар ортиб кетган. Бунинг эса аҳоли саломатлигига зиёни катта. 

“Бухоро ва Навоий вилоятларида чанг бўронлари аввал 25-30 марта кузатилган бўлса, ҳозир 50 мартадан ортиқ кузатилиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Унинг давомийлиги ҳам кўпайяпти, кўриш масофаси ҳам чекланиб боряпти. Бу атмосферада чангланиш ҳаддан ташқари кўпайиб кетганидан далолат. Табиийки, бунинг оқибатида аллергик касалликлар, тери ва кўз гавҳари билан боғлиқ касалликлар ортиб боряпти”, деди Абдулаҳатов чанг бўронлари ва мамлакатимизда яшил фитомассасининг камайиб кетаётгани аҳоли саломатлигига ҳам катта таъсир ўтказиши ҳақида гапирар экан.

Бундан ташқари у келгуси 10 кунликдаги прогнозлар ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра, яқин кунларда ёмғир ёғиши кутилмаяпти ва келаси ҳафтада ҳам чанг бўрони такрорланиши мумкин. 

Мутахассис билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини QALAMPIR.UZ’нинг Youtube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент чанг бўрони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made