Бюджет очиқлигини таъминлаш учун янги низом тасдиқланди

Жамият

image

“Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган “Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Молия вазирининг буйруғи қабул қилинди.

Низомга кўра, барча даражадаги бюджет маблағлари тақсимловчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси томонидан расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби белгиланмоқда.

Низом билан:

•    бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида очиқ маълумотларнинг мазмуни ва жойлаштириш муддатлари;

•    расмий веб-сайтларга жойлаштириб бориладиган маълумотларнинг шакллари;

•    бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида очиқ маълумотларни жойлаштириш тартиблари белгиланди.

Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини, шунингдек тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни ҳамда давлат органлари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромади ва харажатлари ҳам эндиликда ушбу Низом билан тасдиқланган тартиб бўйича ҳар чорак якунларига кўра ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириб боришлари лозимлиги белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, қуйидагилар белгиланди:

Молия вазирлиги бюджет ташкилотларининг харажатлари ижроси, бюджетдан ташқари маблағлар тушуми, харажатлари ҳамда давлат харидлари юзасидан маълумотларни тизимлаштирилган ҳолда туман (шаҳар)лар кесимида жойлаштириб бориши;

давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг 25 санасига қадар "Очиқ бюджет" ахборот порталига жойлаштириб бориши.

Эслатиб ўтамиз, қонунчиликга киритилган тегишли ўзгартиришларга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб бюджет очиқлиги бўйича маълумотларни расмий веб-сайтларига жойлаштирилмаганлиги бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб ҳисобланиши ҳамда тегишли ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима қўлланишига сабаб бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

бюджет

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг