Буюк Британияда ҳожатхонадан ядро қурилмасининг схемаси топилди
Олам
−
29 Апрель 2023
11069Буюк Британиядаги жамоат ҳожатхоналаридан бирида ядро сувости кемасининг cхемаси топилди. Шундан сўнг ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, Шимоли-Ғарбий Буюк Британиянинг Кембрия округи Бароу-ин-Фернесс порт шаҳридаги жамоат хожатхоналаридан биридан атом сувости кемасининг схемаси ва ҳужжатлари топилган. Мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари бошланган.
Ҳожатхонадан топилган схема ҳақида дастлаб “The Sun” нашри жорий йилнинг 28 апрель куни хабар берган. Ҳожатхона полидан ҳужжатларни топган одам нашрга мурожаат қилган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ушбу шаҳарда HMS Anson'га тегишли бўлган Astute типидаги атом сувости кемалари қурилмоқда.
Таъкидланишича, ҳожатхонадан топилган ҳужжатларда сувости кемасининг ички тузилиши соддалаштирилган шаклда тасвирлаб берилган. Шунга ўхшаш схемалар сувости кемаси денгизчилари ва кемага хизмат кўрсатувчи ходимларга берилади.
Топилган схема “намунавий ўқув ҳужжатлари” турига кириб, “махфий” муҳри қўйилган, яъни унинг махфийлик даражаси юқори эмас. Бироқ, денгиз кучлари буни хавфсизлик масаласи бўлгани учун тергов ўтказиш керак деб ҳисоблаган.
Маълумот учун, HMS Anson ҳозиргача қурилган энг мураккаб сувости кемаларидан бири бўлиб, Буюк Британия ҳукумати унинг қурилишига 1,3 миллиард фунт стерлинг (1,6 миллиард доллар) маблағ ажратган. Сувости кемасининг оғирлиги 7800 тонна бўлиб, узунлиги 97 метрни ташкил этади. HMS Anson 38 тагача оғир вазнли Spearfish торпедалари ва 1600 километргача масофадаги нишонларни йўқ қилишга қодир бўлган Block V Tomahawk қуруқлик ҳужуми ракеталари билан қуроллантирилган.
LiveБарчаси