Буюк Британия Эрондан Акбарий учун қасос олмоқчи

Олам

image

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Эрон Ислом Республикаси икки фуқаролик (Эрн ва Буюк Британия фуқаролиги)ни олган собиқ Мудофаа вазирининг собиқ маслаҳатчиси Алиризо Акбарийнинг қатл этилишини шафқатсизлик ва қўрқоқлик деб атади. 

“Эронда Британия ва Эрон фуқароси Алиризо Акбарийнинг қатл этилишидан ҳайратдаман. Бу ўз халқининг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмайдиган ваҳший режим томонидан амалга оширилган шафқатсизлик ва қўрқоқлик ҳаракатидир”,  деб ёзди Британия ҳукуматлари раҳбари Twitter’да. 

Шундан сўнг Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Эроннинг Буюк Британиядаги Муваққат ишлар вакилини Ташқи ишлар вазирлигига чақиришни буюрди. 

“Британия ва Эрон фуқароси Алиризо Акбарийнинг қатл этилиши энг қаттиқ қоралашга лойиқ ваҳшийликдир. Эрон режими сиёсий сабабларга кўра бу ҳаракатини амалга ошириш билан яна бир бор инсон ҳаётини бутунлай менсимаслигини кўрсатди”, дейди Клеверли.

ТИВ қиролликнинг Теҳрондаги элчисини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди. Вазир Клеверли айтганидек, Лондон Теҳрон томон бошқа қадамларни ҳам кўриб чиқмоқда. 

Шу куннинг ўзида Британия ҳукумати Эрон Бош прокурори Муҳаммад Жафар Монтазерийга нисбатан санкциялар жорий қилди. 

“Буюк Британия Эрон Бош прокурорига қарши санкциялар жорий қилди. Бугун қабул қилинган ҳаракат Алиризо Акбарийнинг қатл этилишидан ғазабланганимизни акс эттиради. Бош прокурор Эронда ўлим жазосини қўллаш учун биринчи навбатда жавобгардир. Биз режимни инсон ҳуқуқларини даҳшатли тарзда бузганликлари учун жавобгарликка тортамиз”, дейди Ташқи ишлар вазири.

Эслатиб ўтамиз, Эрон адлияси Ислом Республикаси собиқ Мудофаа вазири Али Шамханийнинг собиқ маслаҳатчиси (1997–2005) Алиризо Акбарийга нисбатан ўлим жазосини ижро этди. Уларга кўра, Акбарий Буюк Британия фойдасига жосуслик қилиш, шунингдек, коррупцияда айбдор деб топилган. Шу билан бирга, Акбарийнинг ўзи ҳам ўзига қўйилган барча айбловларни инкор этиб, улар асоссиз эканини таъкидлаган.

Шунингдек, BBC радиоэшиттириш корпорациясининг форс тилидаги нашри собиқ амалдор тахминан ўн ой олдин ҳибсга олингани, ҳибсда қийноққа солинганини даъво қилган эди. Яқинда Буюк Британия Эрон ҳукуматини Акбарийни қатл қилмасликка чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Буюк Британия Алиризо Акбарий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг