Буюк Британия Афғонистон масаласида нимадан хавотирда эканини маълум қилди
Олам
−
06 Июль 2021
8479Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллеснинг фикрига кўра, Афғонистондан хорижий коалиция қўшинлари чиқиб кетганидан кейин мамлакатда терроризм жинояти кўпайиши мумкин. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берган.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш қарори билан қиролликни ва бошқа НАТО иттифоқчиларини афғон миссиясини давом эттириш масаласида “жуда қийин аҳволга” тушириб қўйган.
Парламентдаги нутқи пайтида вазир Буюк Британия ҳам келажакда юзага келиши мумкин бўлган хатарларни ҳисобга олган ҳолда ўз қўшинларини олиб чиқиш йўлида эканини айтган. Уоллеснинг қўшимча қилишича, Британия Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттиради.
Аввалроқ, Англия Афғонистонда кичик ҳарбий контингентини сақлаб қолиш ниятида эканини маълум қилгандик. Британия ўз ҳарбийларини қолдирган тақдирда уларнинг вазифаси афғонистонлик ҳамкасбларини ўқитиш ва афғон армияси сафларида маслаҳатчи сифатида хизмат қилишдан иборат бўлади.
Фаоллашган "Толибон"
Жорий йилнинг 1 май куни АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Америка ва НАТО кучлари Афғонистондан кетишни бошлаганидан бери 50 дан ортиқ туманни ўз назорати остига олган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
Кеча, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь