Буюк Британия 86 жисмоний ва юридик шахсга санкция киритди (рўйхат)
Олам
−
19 Май 2023
5598Буюк Британия бугун, 19 май куни Россиянинг урушни молиялаштириш ва олиб бориш қобилиятига алоқадор бизнес ва жисмоний шахсларига қарши санкцияларнинг янги рўйхатини эълон қилди. Бу сафар Россиянинг 86 та энергетика, металлургия, мудофаа, транспорт ва молия соҳаларига алоқадор шахслари ва ташкилотлари нишонга олинди. Рўйхат Буюк Британия ҳукуматининг сайтига жойлаштирилди.
“Қора рўйхат”дан, шунингдек, Украина ғалласини ўғирлашга оид ва Россия энергиясини етказиб бериш билан шуғулланадиган компаниялар жой олган. Росатомга алоқадор, илғор материаллар ва технологиялар, жумладан, лазерларни ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.
Ушбу янги санкциялар Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Япониядаги G7 саммитида ҳамкасблари билан учрашиб, Украина мудофаасини узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш ва Россиянинг зарарли фаолиятига қарши биргаликда ҳаракат қилиш бўйича музокаралар ўтказаётган пайтда оммага очиқланди.
Рус олмослари ва металларини импорт қилишнинг янги тақиқлари орқали Буюк Британия халқаро ҳамкорлар билан Россиянинг ноқонуний уруш олиб бориш қобилиятини янада чеклаш, иқтисодий босимни ошириш ва Украина ғалаба қозонмагунча айланиб ўтишнинг барча пайдо бўлган шаклларига қарши курашишни назарда тутган.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли янги санкциялар ҳақида гапирар экан, Буюк Британия Украинани охиригача қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
“Россия Украинада етказган зарарни тўлашга рози бўлгунга қадар Россиянинг суверен активлари музлатилган ҳолда қолади. Путин ва унинг тарафдорлари Украинага ноқонуний бостириб киришлари учун бадал тўлашлари керак ва, албатта, тўлайдилар. Шу сабабли бугунги янги санкциялар орқали биз Путинга иқтисодий босимни кучайтирмоқдамиз – унинг ноқонуний уруш олиб боришини ва бегуноҳ украиналикларга чексиз азоб-уқубатларни келтиришини қийинлаштирмоқдамиз. Украинани қўллаб-қувватлашимизга қанча вақт керак бўлса, унга қадар [чекловлар] қатъий бўлиб қолаверади”, деган Жеймс Клеверли.
Қуйида Россиянинг 3 йўналиши, яъни энергетика, металл саноати ва транспортидаги компаниялар номлари келтирилган.
Энергетика
Буюк Британия Россиянинг энергетика секторига қарши янги чоралар кўрмоқда – Россиянинг кўмир, нефть ва суюлтирилган газ импортини тақиқлаш асосида Росатом атом энергетика компаниясига алоқадор 9 ташкилот номи санкциялар рўйхатига тушди.
Углерод толаси асосида ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган композит материаллар ишлаб чиқарадиган УМАТЕХ, танк шассиларига, самолётдагилар кўзини қамаштиришга ва аниқ қуролларни бузиш учун ўрнатилган ТРИНИТИ лазерлари ишлаб чиқарувчи компаниялар, шулар жумласидан.
Запорожье АЭС раҳбари Олег Романенко, Россия ҳукумати, Запорожье атом электр станциясининг эксплуатацион ташкилоти, “Газпром-нефть” директорлар кенгашининг 13 нафар аъзоси ва “Транснефть” директорлар кенгашининг 5 нафар аъзоси билан тил бириктирган Запорожье атом электр станциясининг етакчи ходими ҳам санкциялар остида қолмоқда.
Металл саноати
Россия мис компаниясига эгалик қилувчи миллиардер олигарх Игор Алтушкинга ҳам санкция қўлланилди.
Россияда металл ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган яна 8 компания “қора рўйхат”дан ўрин олган ва Буюк Британия Россия металлари, жумладан, алюминий, никел ва мис импортини ҳам тақиқлашини эълон қилди.
Транспорт
Россиянинг транспорт хизматларига алоқадор 24 нафар жисмоний ва юридик шахсига ҳам санкция қўйилган.
Бунга Украина донини мунтазам равишда ўғирлаш билан боғлиқ бўлган PAWELL SHIPPING CO LLP, Давлат дон корпорацияси (ГЗО) ва уларнинг директори Никита Бусел киради. Маълумотларга кўра, бу дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги товарлари Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларидаги омборлар ва далалардан ўғирланган ва Россия товар белгиси билан Запорoжьeдан бошқа ҳудудларга жўнатилган.
Путиннинг уруш давридаги иқтисодини қўллаб-қувватлаган ва қўллаб-қувватлашда давом этаётган олтита йирик рус кемасозлик компанияси ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.
Иброҳимжон Ғаффоров
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15