Бутун Испанияда интернет ва мобил алоқа ўчиб қолди
Олам
−
20 Май
3320Бугун, 20 майга ўтар кечаси Испанияда яна бир бор хизмат кўрсатиш тизимида узилишлар юз берди. Бу сафар электр энергияси эмас, балки телефон алоқаси ва интернет ишламай қолди. Бу ҳақда “El Pais” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, муаммо мамлакатдаги асосий стационар ва мобил алоқа, интернет ва телевизион хизматлар етказиб берувчиси бўлган Telefónica компаниясининг тармоқ янгиланиши сабаб юзага келган.
“112 тез ёрдам хизматлари Испаниянинг бир нечта автоном ҳудудларида, жумладан Арагон, Андалусия, Экстремадура, Наварра, басклар минтақаси ва Валенсияда ишламай қолди”, дейилади хабарда.
Орадан бироз вақт ўтиб, Telefónica айрим зарар кўрган ҳудудларда, жумладан Валенсия, Андалусия ва Наваррада тез ёрдам хизматлари билан алоқани босқичма-босқич тиклаган. Аммо мамлакатда ҳали ҳам стационар алоқа билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.
“Тармоқни янгилаш бўйича ишлар олиб борилаётган эди, бу баъзи компанияларда айрим хизматларнинг ишдан чиқишига олиб келди. Биз муаммони бартараф этиш устида ишлаяпмиз”, деди Telefónica вакили.
Испания Рақамли трансформация ва давлат хизмати вазирлиги эса вазиятни кузатиб бораётганини, аниқ маълумотлар ва бартараф этиш бўйича прогнозларни талаб қилаётганини билдирган.
Хизматлар ишида носозликларни кузатиб борувчи Downdetector сайтига кўра, узилишлар кечаси соат 2:00 дан сўнг бошланган ва энг кўп шикоятлар (72 фоиз) стационар интернет билан боғлиқ бўлган. 18 фоиз фойдаланувчилар мобил сигнал йўқлигини билдирган, яна 10 фоиз эса тўлиқ алоқа узилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Испания ва Португалияда, қисман эса Андорра, Бельгия ва Франциянинг чегарадош ҳудудларида электр энергияси узилиб қолган эди. Бу ҳолат Европа тарихидаги энг йирик электр узилиши деб баҳоланган.
Ўша вақтда инфратузилма фалаж бўлиб қолганди: светофорлар ишламай қолди, поезд ва аэропортлар фаолияти тўхтади, маъмурий ва тижорат хизматлари ишини тўхтатди. Ижтимоий тармоқларда лифтларда одамларнинг қолиб кетгани, мобил алоқада узилишлар бўлгани ҳақида юзлаб ҳолатлар қайд этилган. Кейинроқ Испания ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилганди.
Ўша вақтда хизмат кўрсатиш сектори 500 миллион евро зарар кўргани айтилди. Мутахассислар ҳисобига кўра, Испания иқтисодиётига етган умумий зарар камида 1 миллиард еврони ташкил этган – бу мамлакат ялпи ички маҳсулотига жиддий таъсир кўрсатган. Испания ЯИМи бир кунда ўртача 4,1 миллиард еврони ташкил этади, шундан 14 фоизи ёки 575 миллиони асосан ишлаб чиқариш соҳаси улушига тўғри келади ва айнан шу соҳа тўхтаб қолган.
LiveБарчаси