Булунғурда Lacetti ағдарилиб, йўловчиси қурбон бўлди (фото)
Жамият
−
28 Май 2020
6160Самарқанд вилояти Булунғур туманида Lacetti автомобили тезлигини меъёридан оширгани сабабли йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 27 май куни соат 01:30 ларда, Самарқанд вилояти, Булунғур тумани, “Улуғбек” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1058 километрида ҳайдовчи, 1980 йилда туғилган Х.Т. (эркак) Lacetti русумли транспорт воситаси тезлигини меъёридан оширган ҳолда “Самарқанд-Тошкент” йўналиши бўйлаб бошқараётиб, ўзи билан бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи, 1984 йилда туғилган М.Т. (эркак) бошқарувидаги Damas русумли транспорт воситасига яқинлашиб, орқа ўнг ён томонидан урган. ЙТҲ содир этиши оқибатида Lacetti автомобили ағдарилган.
Натижада, Lacetti русумли транспорт воситаси йўловчиси 1984 йилда туғилган Х.К. (эркак) оғир тан жароҳати олиб шифохонада вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Барча ҳайдовчилардан йўлларда ҳаракатланганда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини, ўзлари ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз“, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Тошкентда икки Captiva ЙТҲ содир этгани ҳақида хабар берган эдик.