Бухоролик йигит эчкиэмарга нос чектирди (видео)
3-саҳифа
−
11 Июнь 38118 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўз эчкиэмарга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб, унга нос чектиргани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ўрганиш олиб борди.
Маълум қилинишича, ушбу видео жорий йил 1 июнь куни Жондор тумани “Ёш куч” маҳалласида яшовчи фуқаро томонидан чоп этилган. У чўл ҳудудидаги дала шийпонига тасодифан кириб қолган бўз эчкиэмарни ушлаб, унинг оғзига нос маҳсулотини солган ва кейинчалик яйловга қўйиб юборган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан тегишли хужжатлар расмийлаштирилиб, ҳозирда ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Текширув ҳаракатлари прокуратура томонидан назоратга олинган.
Прокуратуранинг билдиришича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ҳайвонларга, хусусан муҳофаза остидаги турларга нисбатан шафқатсиз муомала қилиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Бундай хатти-ҳаракатлар нафақат ахлоққа зид, балки табиий муҳит ва биологик хилма-хилликка таҳдид солувчи жиддий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Маълумот учун, бўз эчкиемар – Марказий Осиё фаунасининг энг йирик калтакесакларидан бири бўлиб, у эчкиэмарлар оиласининг ягона вакили ҳисобланади. Унинг узунлиги думи билан бирга 160 сантиметрга етади, оғирлиги эса 2,5 килограмдан ортиқ бўлиши мумкин. Мазкур турнинг Ўзбекистон Қизил Китобига, шунингдек, Халқаро Қизил Рўйхатга киритилгани – у глобал миқёсда йўқолиб кетиш хавфи остида турганидан дарак беради.
У одам билан тўқнаш келганида ўзини ҳимоя қилиш учун танасини шишириб, овоз чиқаради, тилини чиқаради ва тишлашга уриниш билан таҳдид қилади. Жуда оғриқли тишлашга эга бўлиб, ҳатто катта одамнинг бармоғини тишлаб узиб юбориши мумкин.