Бухородаги ЙТҲнинг сабаби ва йўловчиларнинг аҳволи маълум бўлди

Жамият

image

Аввалроқ, Бухоро вилоятининг Жондор туманида Ўзбекистон-Қозоғистон орасида қатновчи автобус йўл-трнаспорт ҳодисасига учрагани ҳақида хабар берган эдик.

Маълум бўлишича, Жондор тумани, “Луқмон” МФЙга қарашли чўл массиви ҳудудидан ўтувчи А-380 ҳалқаро аҳамиятдаги йўл бўйлаб Бухоро – Хоразм (Алмата – Нукус) йўналишида ҳаракат қилаётган мазкур автобус ҳайдовчиси ушбу йўлнинг 299-километрида уйқу элитиши натижасида бошқарувни йўқотган. Оқибатда автобус йўлнинг чап томонига ағдарилган.

ЙТҲ натижасида автобусда йўловчи сифатида кетаётган, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Қорақалпоқ кўчаси, 36-уйда яшаган, вояга етмаган, 2008 йил 11 июнда туғилган, Нукус шаҳридаги 31-мактабнинг 4-синфини тамомлаган Арай Сапарбаевна Умурзоқова воқеа жойида вафот этган.

Автобусда 2 нафар ҳайдовчи билан биргаликда жами 46 нафар фуқаролар бўлган (уларнинг 13 нафари Қозоғистон, 33 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир).

Автобусда бўлган 12 нафар йўловчи ҳодиса содир бўлганидан сўнг йўловчи транспортларида яшаш манзилларига кетиб қолган. Ҳозирда ушбу фуқароларни шахсини аниқлаш бўйича тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи И.Нарзиевнинг маълум қилишича, жабрланган фуқаролар зудлик билан Газли шаҳарчаси шифохонасига етказилган. Бу ерда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. 

Транспорт ва ички ишлар вазирликлари, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш бошқармалари тезкор гуруҳлари томонидан кўрилган чоралар натижасида ЙТҲ оқибатида жабр кўрган ва аҳволи нисбатан хавотирли бўлган фуқаролардан 12 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинди. Улардан 8 нафарига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволи ўнглангач, уйларига жавоб берилди. Қолган 4 нафар беморнинг аҳволи ўртача оғирликда бўлиб, муолажалар давом эттирилмоқда.

Бугун, 6 август куни вилоят ҳокими Ўктам Барноев ЙТҲ оқибатида жабрланганлар ҳолидан хабар олиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига келди ва бу ерда уларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишга оид тезкор чоралар белгиланди. 

Ҳолат юзасидан автобус ҳайдовчиси Р.Алиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Бухоро

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг