Бухородаги тўйда 50 дан ортиқ одам овқатдан заҳарланди
Жамият
−
13 Апрель
10204Бухоро вилоятида ўтказилган тўй маросимида 50 нафардан кўпроқ одам овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 2024 йил 12 апрель куни соат 22:00 ларда Бухоро туман марказий шифохонасига қоринда оғриқ, кўнгил айниши, қусиш ва умумий ҳолсизлик билан беморлар мурожаат қила бошлаган.
Анамнезда барча беморлар Бухоро туманида жойлашган тўйхонада овқат истеъмол қилиш оқибатида ушбу шикоятлар келиб чиққанини билдирган.
Зудлик билан Бухоро туман марказий шифохонасига барча врачлар сафарбар этилган. Шунингдек, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам тегишли мутахассислар жалб этилиб, мурожаат қилганлар тўлиқ кўрикдан ўтказилган.
Барча беморларга “Ўткир диарея, гастритик ва гастроэнтеритик шакли, ўрта оғирликда кечиши. Овқатдан заҳарланиш” ташхиси қўйилган ва тегишли инфузион терапия бошланган.
Бухоро туман марказий шифохонасига кеч соат 03:00 га қадар жами 16 нафар бемор (4 нафар болалар, 12 нафар катта ёшдагилар) мурожаат қилган.
Бундан ташқари, Вобкент туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонага ҳам худди юқоридаги шикоятлар билан жами 37 нафар бемор (9 нафар бола ва 28 нафар катталар) мурожаат қилган.
Уларга ҳам “Ўткир диарея, гастритик ва гастроэнтеритик шакли, ўрта оғирликда кечиши. Овқатдан заҳарланиш” ташхиси қўйилиб, юқори малакали мутахассислар томонидан консултация ўтказилиб, инфузион терапия бошланган.
13 апрел эрталаб соат 09:00 ҳолатида Бухоро туманида даволанаётган 11 нафар бемор ва Вобкент туманидан даволанаётган 32 нафар беморнинг аҳволи яхшиланиб, қониқарли аҳволда уйига жавоб берилган.
Қайд этилишича, қолган беморлар ҳам аҳволи яхшилангач уйига жавоб берилади. Тиббиёт бригадалари томонидан тўйда қатнашган меҳмонлар аҳволи ҳудудлар кесимида назоратга олингани айтилмоқда.
LiveБарчаси