Бухорода ўзини осган аёллар бир-бирига алоқадорми? QALAMPIR.UZ ҳодисани ўрганди
Жамият
−
12 Январь 2023
13771Аввалроқ Бухоро вилояти Пешку туманида икки аёл ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берган эдик. Бош Прокуратура берган дастлабки маълумотларга кўра, ҳар икки аёл Пешку туманидан бўлган ва уларнинг бири янги йил арафасида, иккинчиси эса 1 январь куни ўз жонига қасд қилган.
QALAMPIR.UZ мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида Пешку тумани “Пешку” ва “Хуррам” МФЙга борди. У дастлаб “Пешку” маҳалласида бўлиб, бу ерда яшаган 2022 йил 30 декабрь куни ўз жонига қасд қилган 21 ёшли келин ҳақида маълумот тўплади.
Маҳалла фуқаролар йиғини аъзоларига кўра, 2019 йилда Пешку тумани “Пешку” МФЙга келин бўлган 21 ёшли марҳуманинг жасади 2022 йил 30 декабрь куни ўзи яшаган уйдан топилган. Марҳума синтетик арқон ёрдамида ўз жонига қасд қилган. “Пешку” МФЙ хотин-қизлар фаоли Майрам Шодиеванинг QALAMPIR.UZ мухбирига маълум қилишича, келин ўз жонига қасд қилишидан олдин эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар бўлган.
“Марҳуманинг яшаган уйида уч келин истиқомат қилади. Уларнинг турмуш ўртоқлари ҳар йили Россияга ишлашга бориб келади. Марҳуманинг қайнонаси нафақада, катта овсини ҳамшира, кичик овсини ва ўзи уй бекаси бўлган. Оилада шу вақтгача ҳеч қандай молиявий муаммо бўлмаган. Бизга маълум бўлишича, янги йил арафасида келин турмуш ўртоғи билан бирга бозорга борган. Харид вақтида эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келиб жанжал кўтарилган. Бу келишмовчиликлар қизнинг ота-онасига етиб борган ва улар келиб қизи ва куёви ўртасидаги низо ҳақида гаплашиб олган.
Марҳуманинг ота-онаси кетганидан кейин қайнона-қайнота, икки ўғил ҳамда катта овсин бозорга кетган, келин эса уйда бўлган. Айнан ўша вақтда келин ўз жонига қасд қилган. Биз бундан афсусдамиз”, дейди Майрам Шодиева.
Айни шу маҳалланинг раиси Олтинбек Раҳматов эса марҳума ҳақида умуман бошқа фикрларни келтирди. Яъни марҳамунинг оиласида келишмовчилик бўлмагани ва бу масалада маҳалла фуқоролар йиғинига мурожаат қилмаганини айтди.
“Улар ўзига тўқ оилалардан ҳисобланади. Шу вақтгача уларнинг оиласида қандайдир низо бўлганини эшитмаганмиз. Ўтган 6 ойда оила аъзолари билан 4 маротаба суҳбатлашганмиз. Оилада 11 жон яшайди. Нега ўз жонига қасд қилганини ҳали ҳам тушунмаяпман. Бизда хотин-қизлар фаоллари, психологлар ҳар ҳафта, уйма-уй юришади ва аёллар билан суҳбатлашади. Психологлар марҳуманинг руҳий ҳолатида ўзгаришлар борлигини сезмаган”, дейди МФЙ раиси Олтинбек Раҳматов.
Кўриниб турганидек, маҳалла фаолларининг гапи бир-бирига тўғри келмаяпти. Марҳуманинг оила аъзолари билан эса суҳбатлашишнинг иложи бўлмади. Шу ҳудудда яшайдиганлар билан суҳбатлашганимизда улар тамоман бошқача маълумотларни беришди.
“Бу келин олдин ҳам бир неча бор “мен ўзимни ўлдираман” деган гапларни айтган эди. Қолаверса, воқеа содир бўлишидан олдин “бозор” машмашаси учун отаси ва турмуш ўртоғи томонидан калтаклангани қулоғимизга чалинди”, дейди марҳуманинг қишлоқдошлари.
Шунингдек, 2023 йил 1 январь куни айнан шу Пешку туманида яна бир аёл ўзини осиб қўйган бўлиб, у “Хуррам” маҳалласида истиқомат қилган. QALAMPIR.UZ мухбири маҳаллага борганида, марҳуманининг оила аъзолари билан боғланишнинг имкони бўлмади, маҳалла раиси эса интервью беришдан бош тортди. Бироқ марҳума 25 ёшда бўлиб, у турмуш қурмаган ва ота-онаси билан яшаганини аниқладик.
Таъкидлаш жоиз, бу икки ҳолат гарчи бир туманда – яқин маҳаллаларда содир этилган бўлсада, уларнинг бир-бирига алоқаси йўқ.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси