Бухорода ўзгалар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборган йигитга жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
10 Ноябрь
6499Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида ўзгалар номига кредит олиб, пулни онлайн қиморга тикиб юборган 16 ёшли болага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда “Бу кун” хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 май куни Шофиркон туманида яшовчи фуқаро ИИБга мурожаат қилиб, банкдан унинг номига 54 миллион сўм кредит олингани, бироқ бу кредитни ўзи олмаганини билдириб, ҳозирда мазкур кредит тўловлари унинг пластик картасидан ечиб олинаётганини айтган. Ҳолатга аниқлик киритиб, айбдор шахсларга чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Бухоро вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан тезкор техник ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Аниқланишича, ушбу фирибгарликни 2008 йилда Шофиркон туманида туғилган йигит содир қилгани маълум бўлган. Ўспирин тумандаги Paynet шохобчасида норасмий тарзда ишлаб, фуқароларга SIM-карта бериш жараёнида уларнинг фотосуратларини идентификациядан ўтказиш учун олиб, уларга билдирмасдан, яширин тарзда фуқароларнинг телефон рақами ва фотосуратларидан фойдаланиб, улар номига онлайн кредит расмийлаштирган. Шундай йўл билан ўндан ортиқ фуқарога кўп миқдорда моддий зарар етказган.
Унинг сўзларига кўра, йигит ҳар бир одам номига 15-20 миллион сўмдан жами 100 миллион сўм миқдорида кредит расмийлаштирган.
Қўзғатилган жиноят иши доирасида унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда гумон қилинувчидан бошқа жабрланган шахслар ҳам бўлиши мумкин деган эҳтимол билан уларни аниқлаш ҳамда уларга етказилган зарарни қоплаб бериш мақсадида тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида онлайн қиморни ўз Instagram саҳифасида реклама қилган блогер қўлга олинганди. У турли реклама роликларни ўз саҳифасига жойлаштириб, онлайн қимор рекламасини йўлга қўйган. Тезкор тадбир натижасида мазкур аккаунт фойдаланувчиси – 2002 йилда туғилган Қува туманида яшовчи шахс гумонланувчи сифатида қўлга олинган.