Бухорода масжид ҳудудидаги ўнга яқин дарахт қўпориб ташланди
Жамият
−
29 Май 2023
4506Ижтимоий тармоқларда Бухородаги қурилиши бошланаётган майдонда бир қанча дарахтларнинг кесилгани акс этган суратлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Табиат ресурслари вазирлиги Бухоро вилояти бошқармаси Ахборот хизмати маълумотларни очиқлади.
Изоҳга кўра, Бухоро шаҳридаги “Придастгир” жоме масжиди ҳудудида таҳоратхона қурилиши ишлари олиб борилаётганлиги туфайли дарахтлар кесилган. Бунда қурилиш остига тушган ер майдонидан 8 дона мевали ҳамда 1 дона манзарали дарахтлар ўзбошимчалик билан кесилганлиги аниқланган. Оқибатда табиатга етказилган зарар 8,5 млн сўм ҳисобланган.
Ушбу ҳолат юзасидан масжиднинг масъул ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисаидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, 1 млн 650 минг сўм жарима солинган
Шунингдек, кесилган дарахтлар ўрнига иқлим шароитига мос манзарали дарахт кўчатларини экиш ва парвариш қилиш бўйича масжид бош имомига мажбурият юкланган.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти Бешариқ тумани “Андархон” чегара пости ёнида манзарали 3 туп тол ҳамда 9 туп арча дарахтлари номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда илдиз қисмидан қўпорилиб ташланганди
Маълумот учун, Ўзбекистонда дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорлари оширилган эди. 3 май куни Олий Мажлис Сенатининг қирқинчи ялпи мажлисида ноқонуний дарахт кесганлик ёки кундаков қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4 та моддасида жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддаларда бир хил маъмурий ҳуқуқбузарлик учун турли миқдордаги жарималар ва номутаносиблик мавжудлиги инобатга олиниб, ўзгартишлар орқали бир турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликка нисбатан битта моддада бир хил жавобгарликни белгилаш назарда тутилган эди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь